Президентлар ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини белгилаб олдилар

0
107
марта кўрилган.

Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентлари музокаралар якуни бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказдилар, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида. 

Давлатимиз раҳбари Озарбайжон делегациясини самимий қутлаб, икки халқ муносабатларининг шонли тарихи бугунги кўп қиррали ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратганини таъкидлади.

– Маънавий қадриятларимиз, динимиз бир, маданият ва тилимиз ўхшаш, — деди Шавкат Мирзиёев. – Аҳмад Фарғоний ва Абу Райҳон Беруний асарларида Озарбайжоннинг шарқ ва ғарб тамаддунлари бир-бирини бойитган кўплаб шаҳарлари тилга олинган. Шарқшунослик институти фондларида эса Низомий, Хоқоний, Тусий, Фузулий, Хатоий ва бошқа озарбайжон шоир ва мутафаккирларининг ўнлаб ноёб қўлёзмалари авайланиб сақланмоқда.

Бу ўзбек халқи азал-азалдан озарбайжон маданиятига катта ҳурмат ва қизиқиш билдириб келаётганининг яна бир далилидир, деб таъкидлади Ўзбекистон етакчиси.

— Тор ва кенгайтирилган таркибдаги учрашувларда икки томонлама кун тартибидаги масалаларни батафсил муҳокама қилдик. Музокаралар ҳамкорлигимизни халқларимиз манфаатлари йўлида бундан буён ҳам ҳар томонлама мустаҳкамлашга тайёрлигимизни кўрсатди. Ҳозиргина салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланди. Улар орасида икки томонлама муносабатларда янги босқични бошлаб берадиган Стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида декларация имзоланди. Биз ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини ҳам белгилаб олдик, — деди Шавкат Мирзиёев.

Савдо ва саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамкорликнинг энг муҳим устувор йўналиши экани қайд этилди. Кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми анча кўпайди. Қўшма корхона ва лойиҳалар сони 4 баробар ошди.

Томонлар ҳамкорликни тубдан фаоллаштириш учун кенг имкониятлар борлиги, энг аввало, иқтисодиётларимизнинг бир-бирини тўлдириб туришига ишонч билдирдилар.

Ҳожиқабул шаҳрида автомобиль ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани, ипакчилик соҳасидаги ҳамкорлик ривожланаётгани бунга мисол. Қазиб чиқариш, нефть-кимё, фармацевтика, қурилиш материаллари, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, озиқ-овқат, заргарлик буюмларни ишлаб чиқариш, виночиликда ўнлаб янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Навбатдаги стратегик йўналиш – стратегик коммуникацияларни ривожлантириш. Бугун юкларни, шу жумладан “Боку – Тбилиси – Қарс” темир йўли орқали ташиш ҳажми ортиб бормоқда. Томонлар янги йўлакларни ташкил этиш, мультимодал ташишларни кўпайтириш, транспорт корхоналари учун қулай шарт-шароитлар яратишга келишиб олдилар.

Иқлим билан боғлиқ хатарлар ва озиқ-овқат хавфсизлиги муаммолари кучайиб бораётганини ҳисобга олиб, музокараларда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Илмий ва инновацион ечимлар билан фаол алмашиш, аграр тармоқни рақамлаштириш бўйича шерикликни йўлга қўйиш, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қарор қилинди.

Музокараларда ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштиришга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Бунга жорий йил кузида Тошкент шаҳрида биринчи Ҳудудлар форумининг ўтказилиши хизмат қилади.

Маданий-гуманитар соҳада ҳам азалдан мамлакатларимиз ва халқларимиз яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Музокаралар якунида Маданият ва кино кунларини ўтказиш, гуманитар ва туризм алмашинувига доир дастурларини ривожлантиришга аҳдлашиб олинди.

– Озарбайжон Президентининг тарихий аҳамиятга эга давлат ташрифи олдинга ташланган улкан қадамдир. Бугун биз биродар халқларимиз дўстлигини янада мустаҳкамлаш ва мамлакатларимиз стратегик шериклигини чуқурлаштириш учун барча шароитларни шакллантирдик, – деди Ўзбекистон Президенти.

Президент Илҳом Алиев таклиф учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон эришаётган ютуқлардан хурсанд эканини таъкидлади.

— Қардош Ўзбекистон заминида бўлиб турганимдан, Сиз билан икки томонлама муносабатларнинг кенг доираси ва ташқи сиёсий кун тартибидаги муҳим масалаларни муҳокама қилишдан мамнунман, — деди Илҳом Алиев. – Ўйлайманки, бу ҳақиқатдан ҳам муваффақиятли ташриф. Чунки муҳокама қилинган мавзуларнинг моҳияти, шакли, мазмуни бўйича ҳам, биз қабул қилган қарорлар бўйича ҳам ушбу ташриф ва келишувлар муносабатларимизнинг янада ривожланишига асос бўлади.

Озарбайжон етакчиси имзоланган ҳужжатлар ва бугунги вазифалар ижроси мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашини қайд этди.

– Бугун биз иқтисодий ҳамкорлик, бизнес тузилмалари ўртасидаги алоқалар, хавфсизлик ва мудофаа қобилияти, маданий-гуманитар алоқалар тўғрисида фикр алмашдик. Яъни, кенг маънода айтадиган бўлсак, фаол ҳамкорлигимиз учун пойдевор яратилмоқда, – деди Озарбайжон Президенти.

Давлат раҳбарлари халқаро тузилмалар доирасидаги ўзаро мулоқот конструктив кечаётгани ва ўзаро қўллаб-қувватлаш муҳим эканини таъкидладилар.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.