Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин ҳамроҳлигида Сеул шаҳридаги Жанубий Корея Миллий музейига ташриф буюрди, дея хабар бермоқда Prezident.uz сайтида.
Мазкур музей Корея Республикасининг энг йирик тарихий ва маданий марказларидан бири ҳисобланади. 1945 йил асос солинган музей учун 2005 йил ўзига хос меъморий ечимга эга замонавий бино барпо этилган. Осиёда энг йирик, дея эътироф этиладиган ушбу музей кўлами жиҳатидан дунёда олтинчи ўринда туради. Музейда 220 мингдан ортиқ тарихий, бадиий, археологик ва бошқа экспонатлар мавжуд.
Президентимиз музей бўлимлари ва экспонатлари билан танишди. Маданий-гуманитар соҳада давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш юзасидан келишиб олинди.