Профессор Игорь Белолипов: Ўзбек тили она тилимдек юрагимдан жой олган

0
919
марта кўрилган.

Бутун умрини фанга бахшида этган биология фанлари доктори, профессор Игорь Владимирович Белолипов мазкур йилнинг  февралида қутлуғ саксон ёш билан юзлашди. Илмий педагогик ва ижтимоий фаолиятига 60 йил тўлди.

 Олим Тошкент шаҳрида туғилиб камол топган.  Тошкент қишлоқ хўжалик институти (ҳозирги  Тошкент давлат аграр университети) Ўрмон хўжалиги факультетини имтиёзли диплом билан тамомлаб, ўз меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника боғида бошлаб, катта лаборант, аспирант ва кичик илмий ходим лавозимларида ишлаб, 1967 йилда биология фанлари номзоди, 1983 йилда “Ўрта Осиё флорасидаги ўтли ўсимликлар интродукцияси” мавзусида олиб борган серқирра илмий тадқиқот ишларини умумлаштириб, биология фанлари доктори илмий даражасига эга бўлди.

Касбдошлари олимни Ўзбекистонда ва МДҲ да ботаника, ўсимликлар интродукцияси ва дендрология фани соҳасида кўзга кўринган йирик олим,  ҳурматли устоз, малакали педагог, профессор — домла деб эъзозлашади. Интродукция бу – ёввойи ҳолдаги ўсимликларни ва бошқа мамлакат ўсимликларининг ривожланиш жараёнини ўрганиб, уни маданийлаштириш иқлимлаштиришдир. Дендрология – бутасимон дарахтларни ўрганадиган фандир. Олим бутун умрини ана шу соҳани юксалтиришга бағишлади. Ўт ўсимликларнинг интродукцияси лабораториясида республикамиз флорасининг ёввойи ҳолда ўсаётган бир ва кўп йиллик ўт ўсимликларини маданийлаштириш, иқлимлаштириш асосида маданий турлар сонини кўпайтириш, муҳофаза қилиш ва сақлаш борасидаги илмий тадқиқотларини устози Федор Николаевич Русанов билан яқиндан хамкорликда амалга оширди. Олим ўз фаолияти давомида ушбу фанлар соҳасида назарий ва амалий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлган қатор илмий муаммоларнинг ечимини топишга ҳаракат қилди, фанни янги маълумотлар, услублар, қоидалар билан бойитди. Ишлаб чиқариш учун тавсияномалар, ўқув-услубий қўлланмалар яратди.

Профессор И.В.Белолиповнинг асосий илмий изланишлари Ўзбекистон табиий флорасида ноёб ва йўқолиб бораётган ўсимлик турларини сақлаб қолишга бағишланган. У илк бор Ўзбекистон шароитида ёввойи ҳолатда ўсувчи 12 та асосий ўсимлик туркумларининг интрадукцион хусусиятларини ўрганган. Олимнинг илмий изланишлари натижасида Ўзбекистон табиий флорасининг интрадукцион имкониятларини аниқлаш учун хизмат қиладиган экологик-интродукцион усуллар ишлаб чиқилган ва дунё амалиётида кенг фойдаланиб келинмоқда.

 И.В.Белолиповнинг Тошкент қишлоқ хўжалиги институтидаги илмий-педагогик фаолияти 1985 йил Ботаника кафедраси мудирлигидан бошланди, 1987-1988 йиллар университетнинг сиртқи таълим факультети декан муовини, 1988-1991 йиллар Мева-сабзавотчилик ва ўрмон хўжалиги факультети декани лавозимларида фаолият юритди. Айни кунда университетнинг қишлоқ хўжалигида экологик хавфсизлик ва ботаника кафедраси профессори сифатида мутахассислар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

 Шу билан бирга у умри давомида  ЎзР ФА Ботаника институти қошидаги ихтсослашган кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Аттестация Комиссиясининг эксперт гуруҳининг аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар қўмитаси эксперти сифатида Республикамиз олий ўқув юртларига, илмий тадқиқот институтларига, қишлоқ хўжалигига малакали мутахассислар тайёрлашда  фаол қатнашди.

Унинг раҳбарлигида 4 нафар фан номзоди – Собчак Р.О., Бегимқулов Ш.Ш., Самир Сайед Эл Ганайни, Имирсинова А.А. ва бир нафар фан доктори (Шералиев А.Ш., 2001) тайёрланган бўлиб, улар Ўзбекистон, Россия ва Миср Араб Республикасида жаҳон фанининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Профессор И.В.Белолипов томонидан 250 дан ортиқ илмий, ўқув-услубий, ўқув қўлланма ва дарсликлар чоп этилган. Олим 200 дан ортиқ илмий мақола ва тезислар, 1 та патент, 2 та монография, 4 та дарслик, 6 та ўқув қўлланма, 6 та маъруза матнлари ҳамда 15 та ўқув-услубий қўлланмалар ва бир қанча намунавий дастурлар муалифидир.

 Илмий ижодининг маҳсули Республикамизда ўсимликларни иқлимлаштириш асосида уларнинг заҳирасини кўпайтириш ва муҳофаза қилиш бўйича чоп этилган Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби” (1984 й., 1998 й., 2009 й.), “Ўсимликлар экологияси ва географияси” (1987),  “Ўрта Осиё табиий флораси ўт ўсимликларининг интродукцияси” (1989 й.), “Растительный мир Узбекистана” (1997 й.), «Морфология растений Средней Азии (1991 й.), “Ўсимликлар морфологияси” (2007 й.),“Phyto chenicals; Aqing and Helth” (2008 й.), “Ботаника ва ўсимликлар физиологияси” (2012 й.), “Дикорастующие лекарственные растения Узбекистана”(2012й.), “Medical Plants of Central Asian: Uzbekistan and Kirghizstan” (2013 й.), “Ботаникадан лаборатория  машғулотлари” (2014 й.), “Ботаника ва ўсимликлар физиологияси” (2018 й.) қомусномаларда ўз ифодасини топган.

Республика олийгоҳлари ва коллежлари учун мўлжалланган “Ботаникадан амалий машғулотлар” 2002 йилда ва “Ботаникадан ўсимликлар физиологияси” китоби 2006 йилда чоп этилган бўлиб, аграр йўналиши талабалари учун асосий ўқув қўлланмадир.  “Ўсимликлар морфологияси” китоби 2007 йилда яратилган.  Морфология- юнонча сўздан олинган бўлиб, морфо-шакл, логос-таълимот, ўсимликларнинг ташқи тузилишини, уларни ташқи муҳит таъсирида ўзгариб бориши ўргатади. Олим ана шундай 15 дан ортиқ дарслик ва ўқув услубий  қўлланмаларнинг муаллифидир.

Ушбу дарсликларда  ўқитишнинг илғор педагогик технологиялари замон руҳи, миллий истиқлол ғояси тамойиллари билан уйғунлаштирилган ҳолда талабаларга билим беришга мўлжалланган.

Профессор И.В.Белолипов жаҳон ботанка фанига қўшган ҳиссаси АҚШ, Англия давлатларидаги олимлар билан ҳамкорликда олиб борган тадқиқотларида ўз ифодасини топган. У 1977 йилда “СССР Аполлон” халқаро Совет — Америка ботаниклар экспедицияси таркибида Колорадо, Байоминг, Юта, Нью Мексика штатларидаги Шимолий Америка флорасини ўрганиш бўйича Ўрта Осиё вакили сифатида, 1983 йилда Буюк Британиянинг Қироллик жамияти таклифига асосан Англия ва Шотландия Ботаника боғларидаги ўсимликларни кўпайтириш ва иқлимлаштириш бўйича тавсиялар берган. 1992 йилда Ангия, Янги Зеландия ва бошқа давлатлар учун фермерлар тайёрлайдиган Глостершир боғдорчилик, қишлоқ хўжалик коллежидаги ўқув жараёнини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишда муатахассис сифатида қатнашган. 1995-1999 йилларда Оксфорд университетининг Ўсимликлар тўғрисидаги бўлим ташаббуси ва таклифига асосан Ливерпул, Кэмбридж, Реддинг университетларида бўлиб, у ерда етиштирилаётган Ўзбекистоннинг ноёб ва камайиб бораётган табиий флораси вакилларини аниқлаш ва уларни етиштириш  технологияларига тавсиялар берган. 2003-2006 йиллар давомида Марказий Осиё био хилма-хиллигини ўрганиш ва улардан янги фармацевтик воситалар яратиш бўйича Халқаро лойиха-ICBJ да илмий ишларга кординаторлик қилди.

Профессор И.В.Белолипов ўз ишига ўта садоқатли, фидоий ва самимий, камтарин инсон. Унинг ботаника соҳасидаги  ишлари талабалар, ҳамкасблари орасида ҳамиша диққат ва эътиборга сазовор.

У ўз илмий ва педагогик фаолияти давомида Республикамизнинг таниқли буюк ботаник олимлари – Қодир Зокиров, Рудольф Владимирович Камелин, Евгений Петрович Коровин, Виктор Петрович Бочанцевларнинг фандаги ғояларини давом эттириб келмоқда. Салоҳиятли олим ҳозирги кунда ҳам ёшларнинг доно маслаҳатчиси ва ғамхўр устозидир.

Республика миқёсида ўтказиладиган инновацион ғоя, лойиха ва технология ярмаркасида ҳар йили шогирдлари билан фаол қатнашади, Республика, МДХ ва хорижий давлатларида бўлиб ўтган конференцияларда 100 дан ортиқ маърузалар билан қатнашган.

Профессор И.В.Белолипов рус тили, ингиз тили билан бир қаторда, ўзбек тилини ҳам мукаммал билади. Ўзбек тилида талабаларга мулоқот, амалиёт, маъруза дарсларини юксак педагогик маҳорат билан ўтказади.

”Ўзбек тили она тилимдек юрагимдан жой олган. Чунки, шу юртда ўсиб улғайдим, ўз йўлимни, севган соҳамни, ўзлигимни топдим”дейди у.  У университет  ўқитувчилари ва талабалари орасида ўзининг самимийлиги, ёшларга нисбатан талабчанлиги ва меҳрибонлиги, ўта маданиятлилиги каби инсоний фазилатлари туфайли чуқур хурматга сазовор.  И.В.Белолипов илғор педагогик маҳоратига эга бўлиб, ўқув жараёнида ноъанавий педагогик усулларидан фойдаланиб, дарсни ташкил қилиши талабалар ва магистрантларнинг билимини ортишига, дарс жараёнини сифатининг яхшиланишга сабаб бўлмоқда. Унинг тажрибаларини умумлаштириш асосида чоп этган ўқув ва ўқув-услубий ишлари Республикада яратилаётган таълим стадартлари талабига тўлиқ жавоб бериб, фанларини давлат тилида ўқитишга хизмат қилмоқда.

 Профессор И.В.Белолипов Ўзбекистон Республикасида бўлиб ўтадиган  ботаника, дендрология, ўсимликлар интродукцияси ва экология соҳасидаги йирик анжуман, конференциялар ташкилотчиси ҳамда иштирокчисидир.

Республика қишлоқ хўжалигини ривожлантиришдаги кўп йиллик хизматлари, самарали илмий-педагогик фаолияти малакали кадрлар тайёрлашдаги фидокорона меҳнати учун И.В.Белолипов 1999 йили “Ўзбекистон Республикаси олий таълими аълочиси” кўкрак нишони  ва  ЮНЕСКОнинг “Инсон ва биосфера” дастурининг фахрий ёрлиқлари, Халқ хўжалик ютуқлари кўргазмасининг кумуш медали, шунингдек, Республикада Таълим тўғрисидаги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини ҳаётга тадбиқ қилишдаги фидокорона меҳнатлари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йилдаги фармонига асосан “Дўстлик” ордени билан тақдирланган. 2017 йил 7-декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.

Эркин ЗАРИПОВ, ТошДАУ профессори

Гулноз САПАРОВА, ТошДАУ доценти  

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.