Қандли диабетга қарши курашаётган велоспортчимиз «Тур де Франс»да дебют қилиши мумкин

0
158
марта кўрилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тақдим қилган маълумотга кўра, айни пайтда дунё бўйича 548 миллион инсонда қандли диабет касаллиги учрайди. Афсуски, бу жуда ҳунук статистика. Ташкилот 2012 йил ўтказилган БМТнинг Бош Ассамблеясида қандли диабетни XXI асрда инсоният саломатлиги учун хавфли касалликлардан бири деб таъкидлаган эди.

БМТ бутун дунё бўйича диабетга қарши кураш борасида махсус дастур ишлаб чиққан. Ўз навбатида Ўзбекистонда ҳам бу касалликка қарши кураш бўйича махсус илмий-амалий ишлар олиб борилмоқда.

Қандли диабетга қарши курашнинг дастлабки қадами бу фаол турмуш тарзи ва керак бўлса, профессионал тарзда спорт билан шуғулланишдир. Бунга ҳамюртимиз, велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси вакили Улуғбек Саидовнинг фаолияти ёрқин мисол бўла олади.

Айни пайт жаҳон ареналарида ўз омадини синаб кўраётган вакилимизда ҳам қандли диабет ҳасталиги аниқланган. Ҳамюртимиз юқорида келтирилган шиорга риоя қилган ҳолда велоспорт билан профессионал шуғуллана бошлади. Келинг, бу ҳақида батафсил тўхталиб ўтамиз.

Novo Nordisk – бу айни вақтда жаҳонда диабетга чалинган (1-даража) профессионал велопойгачилардан ташкил топган ягона жамоа. Диабет билан оғриган Улуғбек Саидов 2019 йил мазкур жамоа билан профессионал шартнома имзолади. 22 ёшли спотчимиз Осиё қитъаси вакиллари орасида мазкур жамоа билан ишлаётган илк спортчи бўлди. Ҳозирда яна бир ҳамюртимиз Дмитрий Понктаров ҳам мазкур жамоага аъзо.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистонда мутахассис Руслан Усейнов раҳбарлигида «Queen Sport Cycling» спорт дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унга қандли диабетнинг биринчи даражаси билан оғриган беморлар жалб қилинади. Улуғбек Саидов ҳам мазкур дастурнинг ажралмас қисмидир.

Улуғбек 15 ёшида “Novo Nordisk” базасига олиб келинган ва 2013-2014 йиллар оралиғида ушбу жамоанинг ёшлари таркибида синовдан ўтди. Саидов ўз меҳнати ва шижоати сабаб мазкур касаллик юзага келтирадиган аломатларга чап бериб келмоқда. Унинг «Team Novo Nordisk» жамоаси билан 2014-2017 йиллар оралиғида ишлагани касаллик билан курашишда асосий ҳимоя бўлибгина қолмай, профессионал спортчи бўлиб етишишига замин яратди. Улуғбекнинг ўзи булар ҳақида шундай дейди:
 Мен профессионаллар орасига киришга ҳаракат қилдим. АҚШнинг бундай машҳур жамоасида ҳаракат қилган илк ўзбекистонлик вакил эканимдан фахрланаман. Зиммамда қандай масъулият борлигини ҳис қиламан. Сўнгги бир неча йиллар профессионал фаолиятга ўтишим диабетга қарши курашишимда муҳим роль ўйнади. Дастлабки икки йил жуда қийин бўлишини билардим. Шундай бўлса ҳам, ҳар бир кичик деталларгача аҳамият бериб, ўз устимда ишлашга ҳаракат қилдим. Бу йўлда менга ёрдам берган барчага ўз миннатдочилигимни билдираман.

Филь Сазерланд («Team Novo Nordisk» жамоаси асосчиси):
– Бир неча йилдан бери ўзбек спорти ва Улуғбекнинг ўсиб боришини кузатиб бормоқдаман. У Ўзбекистонда қандли диабет билан оғриган барча беморларга илҳом манбайи бўлади. Ишонамизки, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси билан ҳамкорликда олиб борилаётган «Queen Sport Cycling” дастури миллионлаб инсонлар қалбига умид ва ишонч бағишлайди. Диабет – бу ҳукм эмас.

Маълумот учун, “Novo Nordisk” Халқаро велоспортчилар иттифоқининг профессионал жамоаси мақомида ва 2021 йил нуфузли “Тур де Франс” мусобақасида иштирок этиш ҳуқуқига эга. Шу тариқа Улуғбек Саидов Жамолиддин Абдужабборов, Рафаэль Нуриддинов ва Сергей Лагутиндан сўнг мазкур нуфузли турнирда иштирок этадиган навбатдаги ўзбекистонлик велоспортчи бўлиши мумкин.

Улуғбек Саидов мазкур ойда «Tour of Columbia» турнирида иштирок этади. Мусобақа якунига етгач Туркияда йиғин ўтказадиган асосий терма жамоамиз таркибига бориб қўшилади. Ҳамюртимиз март ойида Малайзияда ўтадиган Осиё чемпионатида юртимиз шарафини ҳимоя қилади.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Матбуот маркази

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.