Туркия Жумҳуриятининг машҳур шоири Меҳмет Aкиф Эрсой таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан 22-26 ноябрь кунлари қардош мамлакатлардан бир гуруҳ ижодкорлар Ўзбекистонга келишди.
Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон каби туркий мамлакатлардан келган меҳмонлар муносиб кутиб олинди. Улар қадимий Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб, қадамжоларни зиёрат қилишди, юртимизнинг диққатга сазовар жойлари билан танишди. Меҳмонлар иштирокида адабий кечалар, ижодкорлар билан учрашувлар ўтказилди.
Шунингдек, улар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ҳам бўлиб, уюшма жамоаси ва ўзбекистонлик шоирлар, ёзувчилар, адабиёшунослар билан дилдан суҳбат қуришди. Келгусида адабий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, янги-янги асарларни таржимасини амалга оширишга келишиб олишди.
Учрашувда Меҳмет Aкиф Эрсойнинг «Сафаҳот» китобининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Меҳмет Доған, Меҳмет Куртўғли ва бошқа меҳмонлар юбилейи нишонланаётган Меҳмет Aкиф Эрсойнинг турк адабиётидаги ўрни, ҳаёти ва ижоди ҳакида гапиришди. «Сафаҳот» китобининг таржимони Миразиз Аъзамга халқлар дўстлигига муносиб ҳисса қўшиб келаётгани учун ўз миннатдорлигини билдиришди. Унга Туркия Ёзарлар бирлигининг Меҳмет Акиф Эрсой номидаги мукофоти топширилди. Мукофотни таржимоннинг қизи Орзу Аъзам қабул қилиб олди. Устоз ижодкорга эътироф муборак бўлсин, деймиз.
Тадбир сўнгида «Сафаҳот» китобининг туркчаси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига, ўзбекчаси Туркия Ёзарлар бирлигига совға қилинди.
GUJUM.UZ