Қиличбозларимиз эртага Жаҳон Кубогидаги иштирокларини бошлашади

0
166
марта кўрилган.

Германиянинг Ҳайденҳайм шаҳрида 25 январь куни қиличбозликнинг шпага йўналиши бўйича Жаҳон Кубоги босқичи старт олади. Мазкур турнирда мамлакатимиз шарафини тўрт нафар спортчи ҳимоя қилади. 

Шпагачиларимиз мусобақада қуйидаги таркибда иштирок этишади: Роман Александров, Игорь Князев, Жавоҳирбек Нурматов , Абдулвосид Насирдинов. 

Спортчиларимиз 22 январь куни бош мураббий Руслан Кудаев бошчилигида Германияга жўнаб кетишди. Сафар олдидан терма жамоамиз вакиллари мусобақага кўрилган тайёргарлик жараёни ҳақида ўз фикрларини билдиришди.

Руслан Кудаев (шпага йўналиши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи, Жаҳон чемпионати финалчиси, Осиё чемпионати кумуш медали соҳиби, Лондон Олимпиадаси иштирокчиси):— Германияда Жаҳон Кубоги доирасидаги биринчи мусобақа бўлиб ўтади. Тайёргарликни биз ўтган йилнинг сентябрь ойидан бошлаб юборганмиз, хусусан, узлуксиз ўқув-машғулот йиғинларида бўлдик, Япония, Россия каби мамлакатларда йиғинлар ўтказдик.

 Бугунги кунда қиличбозлик барча мамлакатларда ривожланмоқда. Осиё мамлакатлари ҳам ҳозирда кучли. Жанубий Корея, Япония ва Қозоғистонлик спортчилар доимий равишда юқори натижаларни кўрсатиб келмоқдалар. Биз айнан кимга қарши курашишимиз қуръа ташлаш жараёнида аниқланади ва унга кўп нарса боғлиқ. 

Қиличбозликнинг энг оммавий тури шпагадир. Бу йўналиш барча мамлакатларда ривожланган. Мисол учун, Эстония ва Қирғисизстон каби давлатларда фақат шпага йўналиши мавжуд. Бу ҳолат кўплаб бошқа мамлакатларда ҳам кузатилади”. 

Игорь Князев (Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, спорт устаси, Навоий вилояти, ёшлар ўртасида Осиё чемпионатларида икки маротаба кумуш медаль соҳиби, кўп маротаба Ўзбекистон чемпиони. 12 йилдан бери қиличбозлик билан шуғулланиб келмоқда): —Германиядаги мусобақа нуфузли. У ерда дунёнинг энг кучли спортчилари қатнашади. Жаҳон кубоги ўз ичига бир қатор мусобақаларни олади ва барча мамлакатлар бу мусобақага ўзининг энг кучли спортчиларини юборишади. Ушбу спорт асосчилари бўлмиш франциялик қиличбозларга қарши курашиш доим мушкул вазифа бўлиб келган. Бундан ташқари Корея, Хитой, Япония ва Италиядан ташриф буюрадиган спортчилар ҳам жуда кучли. Мураббийим таъкидлаб ўтганидек, кўп нарса қуръа ташлаш жараёнида ҳал бўлади. Аммо, бизда қўрқув йўқ. Чунки биз пухта тайёргарлик кўрдик ва янги мавсумни омадли бошлашни мақсад қилиб қўйганмиз. 

Мусобақа 25-27 январь кунлари ўтказилади. Унда спортчиларимиз яккалик ва жамоавий баҳсларда ўз омадларини синаб кўришади. Терма жамоамиз Тошкентга 29 январь куни қайтиб келади.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.