ҚЎҚОНДА ИЖТИМОИЙ АҲАМИЯТГА ЭГА ЯНГИ БИНО ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

0
191
марта кўрилган.

Мамлакатимизда кейинги йилларда «Янги  Ўзбекистон» шиори остида улуғвор бунёдкорлик ишлари амалга  оширилаяпти.  Эски турар-жойлар ўрнида янги-янги массивлар, осмонўпар бинолар, тиббий-ижтимоий аҳамиятга эга муассасалар қурилмоқда

Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги тасарруфидаги 300 ўринга мўлжалланган Қўқон “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйининг янги биноси фойдаланишга топширилди, дея сайтимизга Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги Матбуот хизмати хабар йўллабди.

Тадбирда Агентлик директори А.Инаков, Қўқон шаҳар ҳокими М.Усмонов, Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасадди раҳбарлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Маросимда таъкидланганидек, “Мурувват” уйида 21 йилдан буён умуман капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилмаган. Шу боис, маскан анча таъмирталаб аҳволга келиб қолганди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июндаги “Тиббий ижтимоий муассасалар моддий техника базасини ривожлантиришга доир кўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2020 – 2021 йилларда қурилиш реконструкция килиш дастурига киритилди. Кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда нуронийларнинг дуолари билан бошланган мазкур икки қаватли, 80 ўринга мўлжалланган бинони бунёд этиш учун 4 миллиард 50 миллион сўм маблағ сарф этилди.

Кароватлар, турфа мебеллар, оҳорли чойшаблар, стол-стуллар, шкафлар, ошхона жиҳозлари, музлатгичлар, кир ювиш машинаси, спорт анжомлари, совутиш-иситиш ускуналари ўрнатилди. Васийликка олинганларнинг соғлигини мунтазам текшириб бориш мақсадида физиотерапия асбоб-ускуналари, ультратовуш аппарати, оёқ учун массажёр, югуриш йўлакчаси, идиш товоқлар ва бошқа ошхона жиҳозлари ҳарид қилинди. Масканда яшаётган инсонларнинг қизиқишларига мувофиқ турли спорт тўгараклари ташкил этилди. Рассомчилик, миллий чолғулар бўйича шуғулланиш учун шароитлар яратилди.

Маскандаги реабилитация бўлими биносига яна қўшимча 20 ўринли иншоот қурилиб, жами 53 ўринга мослаштирилди. Шунингдек, 120 ўринли маданий тадбирлар ва йиғилишлар ўтказиш зали, кирхона биносини қуриш ишлари давом этмоқда. Бундан ташқари, жорий йилнинг охиригача “Мурувват” уйининг мавжуд 3 қаватли биносини капитал таъмирлаш, ёзги дам олиш айвончаси қуриш, канализация тармоғини тўлиқ янгилаш, замонавий иситиш қозонхоналари ўрнатиш, муассаса ҳудудини асфальт қилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Қўқон “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйида амалга оширилаётган бундай бунёдкорлик ишлари, замон талаблари асосида яратилган шарт-шароитлар, моддий-техника базасининг босқичма-босқич мустаҳкамлаш борасида қилинаётган саъй-ҳаракатлар мамлакатимизда ижтимоий ҳимояталаб кишилар, ногиронлиги бўлган шахсларга қаратилаётган эътиборнинг амалдаги ифодасидир.

Анвар ҚОБИЛОВ

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.