Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари саккизинчи сессияси бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Оқсоқоллар кенгашининг қарорига мувофиқ, Жўқорғи Кенгес Раиси лавозимига Камалов Мурат Қаллибекович номзоди тавсия этилди.
Жўқорғи Кенгес депутатлари, жамоатчилик вакиллари сўзга чиқиб, номзодни қўллаб-қувватлади. Яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси лавозимига Мурат Камалов сайланди.
— Мурат Камаловни кўп йиллардан бери танийман, — деди Президент. — У аввало ҳалол одам, ватанпарвар одам. Қаерда ишлаган бўлмасин, қорақалпоқ элининг дарди билан яшаганига гувоҳман. Энг асосийси шу. Бошқаси тажриба билан келади. У отаси Қаллибек Камалов, марҳум Муса Ерниязов ишларини давом эттириб, халқни рози қилади, деб ишонаман.
Таъкидлаш жоиз, Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 80-моддасига мувофиқ, Жўқорғи Кенгеснинг Раиси Қорақалпоғистон Республикаси раҳбари ва энг юқори лавозимли шахсидир. Жўқорғи Кенгес Раиси айни орган томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг розилиги билан ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг депутатлари орасидан яширин овоз бериш йўли билан Жўқорғи Кенгеснинг ваколати муддатига сайланади.