Қорақалпоғистонни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди

0
164
марта кўрилган.

Нукус шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда Қорақалпоғистонни янада тараққий эттириш бўйича бешта устувор йўналиш белгилаб берилди.

Биринчиси саноатни ривожлантириш, барча тармоқларда йирик ва кичик ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этишдан иборат.

Иккинчи устувор йўналиш тадбиркорлик гуллаб яшнаши учун кенг йўл очиб бериш ва уни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашдир. 

Қишлоқ хўжалигида илғор технологияларни кенг жорий қилган ҳолда, ишлаб чиқариш ҳажми, ҳосилдорлик ва маҳсулот турларини кескин ошириш учинчи устувор йўналиш этиб белгиланди.

Тўртинчиси – ишлаб чиқариш ва одамлар учун қулай бўлган замонавий инфратузилмани яратиш. 

Оролбўйи аҳолисининг яшаш шароити ва турмуш даражасини яхшилаш юзасидан кенг қамровли ишларни амалга ошириш эса бешинчи устувор йўналиш сифатида эълон қилинди. 

Президент Шавкат Мирзиёев ҳар бир йўналишда назарда тутилган масалаларга алоҳида тўхталиб, улар бўйича фаол ишлаш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарнинг ўзига хос хусусиятлари ва имкониятларидан келиб чиқиб, уларни турли соҳаларга ихтисослаштириш бўйича тавсиялар берилди. 

Жумладан, Қораўзак тумани қурилиш материаллари, Беруний, Хўжайли, Нукус туманлари мева-сабзавотчилик, Тахтакўпир чорвачилик, Шуманай паррандачилик, Элликқалъа узумчилик ва туризм, Мўйноқ балиқчилик ва чорвачилик, Кегайли чорвачилик, қизилмияни қайта ишлаш ва қоғоз саноати, Қанликўл дуккакли экинлар ва шоли етиштиришга ихтисослаштирилиши қайд этилди. 

Қўнғиротни нефть-кимё саноати ва чорвачиликка, Чимбойни қизилмия етиштириш ва қайта ишлашга, Тўрткўлни шиша, ойна ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга, Амударёни боғдорчилик, тўқимачилик ва пиллачиликка, Нукус шаҳрини эса фармацевтика ва электротехникага ихтисослаштириб, Тахиатош туманини саноат ишлаб чиқариш ҳудудига айлантириш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.