Қозоғистон Президенти давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди

0
97
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 21 декабрь куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида. 

“Тошкент” халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Президентимиз Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Давлат раҳбарлари бир-бирларини самимий қутлаб, қисқа суҳбат ўтказдилар.

 Шундан сўнг Қозоғистон етакчиси «Янги Ўзбекистон» боғига ташриф буюриб, анъанага кўра, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди. Қасим-Жомарт Тоқаев мажмуа меъморий ечимлари ҳамда композициясининг мазмун-моҳияти ва хусусиятлари билан батафсил танишди.

 Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида “Кўксарой” қароргоҳининг Фахрий меҳмонлар хиёбонида дарахт экди.

Маросим Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларида янги давр бошланаётгани, мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликни қардош халқларимизнинг фаровонлиги йўлида янада мустаҳкамлашга қатъий интилишнинг ифодаси бўлди.

Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Тошкент шаҳридаги Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий мақбараларини зиёрат қилди.

Шайх Хованди Тоҳур XIV асрда яшаган олим ва сўфий, Аҳмад Яссавий таълимотининг давомчиси бўлган. Инсонларни илм-маърифатга, етакчиларни тинчлик-аҳилликка чорлаган валий зот сифатида халқ хотирасида қолган.

Шайх мақбараси атрофи азиз қадамжога айланган. Хусусан, XVII асрда бу ерга Тўлабий дафн этилган. Қалдирғочбий деб ҳам аталадиган бу инсон қозоқ элининг бош қозиларидан ҳамда «Жети Жарғи» қонунлар тўпламининг тузувчиларидан бири бўлган.

Ёнма-ён жойлашган бу мақбаралар ўзбек ва қозоқ халқлари азалдан бирга яшагани, қардошу ҳамфикр бўлганининг яна бир далолатидир.

Қозоғистон раҳбари мақбаралар тарихи билан танишди, ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди.

Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.

Қасим-Жомарт Тоқаев қардош халқларимизнинг умумий тарихий-маданий меросини асраб-авайлашга қаратилаётган эътибор учун Ўзбекистон Президенти ва халқига миннатдорлик билдирди.

Тошкент шаҳридаги Халқаро конгресс марказида мамлакатимизда давлат ташрифи билан бўлиб турган Қозоғистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев шоҳсупага кўтарилдилар. Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат мадҳиялари янгради.

Фахрий қоровул бўлинмаси бошлиғи рапорт бергач, давлат раҳбарлари қоровул сафи олдидан ўтиб, ўзбек ҳарбий хизматчиларини қутладилар ва Ўзбекистон Республикаси давлат байроғига эҳтиром кўрсатдилар. 

Сўнг Президентлар расмий делегациялар аъзоларини бир-бирига таништирди.

Биргаликда суратга тушиш маросимидан сўнг давлат раҳбарлари тор доирада музокара ўтказиш учун мўлжалланган залга ўтдилар.

Қозоғистон етакчисининг мамлакатимизга давлат ташрифи асосий тадбирлари эртага, 22 декабрь куни бўлиб ўтади.

Олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади, уларнинг якунида тарихий аҳамиятга эга битимларнинг имзоланиши кутилмоқда. Биргаликда йирик инвестиция лойиҳаларини бошлаб бериш ва ОАВ вакиллари учун брифинг ўтказиш кўзда тутилган.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.