Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Қозоғистоннинг Биринчи Президенти давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан дилдан қутлаб, биродар Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Суҳбатда мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб, Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Минтақадаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан фикр алмашилди. Шу йилнинг 20-21 июль кунлари Қирғизистонда ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувининг якунларига юксак баҳо берилди.