Қурилиш ва ижтимоий соҳаларда амалга ошириладиган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди

0
237
марта кўрилган.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19-20 февраль кунлари ташриф билан Туркияда бўлди. Давлатимиз раҳбари Туркияга амалга оширилган самарали ва сермаҳсул ташрифнинг эртасигаёқ ўз иш кунини ҳар доимгидек қизғин фаолият билан бошлади.   Шавкат Мирзиёев 21 февраль куни  Тошкент шаҳрида жорий йилда амалга ошириладиган қурилиш ва ижтимоий лойиҳалар билан танишди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Президентимиз ташаббуси билан аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш, одамларнинг ҳаётдан розилигига эришиш, тиббий хизмат ва таълим сифатини ошириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

2020 йилда Тошкентда кенг кўламли бунёдкорлик лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилган. 

Хусусан, Бектемир туманининг “Мажнунтол”,  “Бектемир”, “Олтин топган”, “Бинокор” маҳаллалари, Ҳусайн Бойқаро, Зироат кўчалари бўйлаб умумий узунлиги қарийб 18 минг погон метр янги ичимлик суви қувурлари ўрнатилиши мўлжалланган. Бунинг натижасида 6,8 мингдан ортиқ аҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланади, пойтахт бўйлаб марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 100 фоизга етказилади.

Тошкент шаҳридаги “Бўзсу” ва “Салар” сув тозалаш иншоотларини қувватини суткасига 200 минг метр кубга ошириш режалаштирилган. 

Тошкент шаҳрида бугунги кунда 1564 кўп қаватли уйларда аҳолига 5001 та лифт хизмат кўрсатмоқда. Мавжуд лифтларнинг 3343 таси муддатини ўтаб бўлган.  Охирги 4 йилда 572 та лифт янгиланди.

Президентимизнинг Учтепа туманига ташрифи давомида берган топшириқларига мувофиқ 697 та лифтни янгилаш кўзда тутилган. Йилига 700 тадан лифт янгиланса, яқин 5 йилда пойтахтдаги муддатини ўтаб бўлган лифтларнинг барчасини алмаштиришга эришилади.

Шунингдек, кўп қаватли уйларга тутуш ҳудудларни ободонлаштириш давомида 100  та болалар майдончаларини қуриш, 2 та янги автотураргоҳ барпо қилиш, йўлакларнинг 100 000 метр куб  қисмини бетон қопламаси билан таъмирлаш, 10 000 погон метр ирригация тизимини таъмирлаш режалаштирилган. Бунинг учун маҳаллий бюджетдан 20,8 миллиард сўм ажратилиши белгиланган.

Тошкент шаҳри кўчаларини ёритиш тизимини ривожлантириш ва автохўжалик техникаларини янгилаш дастурлари амалга оширилади. Умумий ҳисобда 1,047 минг квадрат метр йўллар таъмирланади.

Жорий йилда Бектемир, Олмазор, Шайхонтоҳур, Яшнобод туманларида янги мактабгача таълим муассасалари қуриш кўзда тутилган. Шунингдек, Бектемир ва Яшнобод туманларида мактаб, Сергели туманида кўп тармоқли шифохона, Чилонзор ва Яшнобод туманларида оилавий поликлиника, Сергели ва Олмазор туманларида янги маданият марказлари қурилиши белгиланган

Президент Шавкат Мирзиёевга ана шу лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.  

 

Давлатимиз раҳбари лойиҳаларнинг самарадорлиги ва ижтимоий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Уларнинг белгиланган муддатларда амалга оширилишини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Шунингдек, жорий йил Токиода бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш масалалари бўйича ҳам давлатимиз раҳбарига батафсил маълумот берилди.

Жумладан, Олимпиадада иштирок этадиган Ўзбекистон спорт делегацияси учун махсус кийимлар жамланмаси дизайни тақдим этилди.

Олимпия ўйинларида мамлакатимиз миллий рамзлари уйғунлашган спорт либослари ва экипировкалари эскизи бўйича аввалроқ танлов эълон қилинган эди. Танловда корхоналар дизайнерлари, якка ҳолда ижод қилувчи ҳаваскор ва профессионал дизайнерлар иштирок этди. Тақдим этилган барча эскизлар ҳайъат аъзолари томонидан кўриб чиқилган ва танловда шаффофлик кафолатланган.

Давлатимиз раҳбари танлов иштирокчилари томонидан тақдим этилган юртимиз спортчилари ва спорт ишқибозлари учун либослар дизайни ва эскизлари юзасидан ўз тавсияларини билдирди. Шунингдек, Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиадага жуда катта тайёргарлик кўриш бўйича мутасаддиларга аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.