Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров «Instagram»даги саҳифасида ўзи Ўзбекистонга ташрифи чоғида дўстлашиб қолган, Президент Шавкат Мирзиёевнинг жамоаси аъзоси ҳақида қуйидагиларни ёзган.
«Азиз дўстлар! Чечен масалига кўра, бир донишманд ўғилларига турли ўлкаларда қўрғонлар барпо этишни васият қилади. Улар гап айнан ҳимоя иншоотлари ва бинолари ҳақида боряпти, деб ўйлаган. Аслида эса ота ўғилларига ҳар қандай қўрғондан яхшироқ бўлган ишончли дўстлар орттиришни топширган экан. Менинг азиз отам, ЧР биринчи президенти, Россия қаҳрамони Аҳмадҳожи Қодиров мусулмонларга дўстлик ва қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлашни буюрувчи, шу билан бирга, уларни узишни қораловчи ҳадисларни айтиб берар эди. Мен буларнинг барчасини Ўзбекистонга ташрифим чоғида эсга олдим, у ерда Оллоҳнинг иродаси билан муносиб одамлар билан танишдим. Албатта, ажойиб дўстим ва биродарим Ойбек Турсуновни топганим мен учун катта бахт. Яхши ўқимишли, ҳалол, хушмуомала ва камтарин йигит. Менга унинг давлат миқёсида фикрлаш кўлами, унинг ўз ватани — Ўзбекистон келажагига қатъий ишончи ёқди! Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сафдошлари ва маслакдошлари жамоасида Ойбек Турсуновдек ёшлар бўлса, демак у ўзига ажойиб жамоани йиғиб олган. Азиз биродарим, уйимнинг эшиклари сиз учун ҳамиша очиқ! Албатта, биз Самарқанд ёки Бухородагидек мазали палов тайёрлай олмаймиз, аммо сиз Ўзбекистонда татиб кўрмайдиган чечен таомлари билан меҳмон қиламиз! Яна шуни айтмоқчиманки, сизнинг Чеченистонда қўрғонингиз бор!»
Эслатиб ўтамиз, Чеченистон Республикаси президенти Рамзан Қодиров октябрь ойида Ўзбекистонга келган эди.