Москва шаҳрида «Shamo boxing» промоутерлик компанияси томонидан уюштирилган профессионал бокс оқшоми ўтказилди.
Унда чармқўлқоп устаси Равшан Маҳаммаджонов 23 ёшгача бўлган боксчилар ўртасидаги WBC жаҳон чемпионлик камари учун украиналик Владимир Гордиенкога қарши рингга кўтарилди.
Боксчимиз иккинчи раундда ўтказиб юборилган зарба натижасида нокдаун ҳолатига тушиб қолди. Бироқ бутун иродасини қўлга олиб, саккиз раундга мўлжалланган жангни тўлиқ давом эттирди. Якунда ғолиб очколар ҳисобига кўра аниқланди. Қувонарлиси, якунда ҳар уччала ҳакам ҳам боксчимизнинг ғалабасини (77-74, 77-74, 76-75) қайд этди.
Шу тариқа, Р.Маҳаммаджонов биринчи ўрта вазн тоифасида ўзбек бокс тарихида илк бора WBC Youth камари соҳибига айланди.
Ж. САЪДУЛЛАЕВ тайёрлади.