Россия Президентини тантанали кутиб олиш маросими бўлгандан сўнг, давлат раҳбарларининг тор доирадаги музокаралари бошланди

0
30
марта кўрилган.

27 май куни Кўксарой қароргоҳида мамлакатимизга давлат ташрифини амалга ошираётган Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Қароргоҳ олдидаги майдонда икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий қарши олиб, шоҳсупага таклиф қилди. Давлат мадҳиялари янгради. Ҳарбий оркестр садолари остида етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.

Биргаликда суратга тушилгандан сўнг, Кўксарой қароргоҳида давлат раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон ва Россия Президентлари кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга интилиш қатъийлигини тасдиқладилар.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари олий мартабали меҳмонни самимий қутлар экан, Россия Президенти қайта сайланганидан сўнг илк хорижий ташрифларидан бирини айнан  Ўзбекистонга амалга ошираётганини алоҳида таъкидлади.

Учрашувда Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Ташрифга тайёргарлик доирасида парламент аъзоларининг учрашувлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, «Иннопром» кўргазмаси, икки мамлакат етакчи муҳандислик-техник олий ўқув юртлари ректорлари ва нуфузли тиббиёт муассасалари раҳбарларининг анжуманлари самарали ўтгани, Тошкентда Рус санъати ҳафталиги тадбирлари давом этаётгани таъкидланди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ўсиб бораётган суръати мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ва Россиядан инвестициялар ҳажми кўпаймоқда, саноат кооперацияси ривожланмоқда. Қўшма лойиҳалар портфели 45 миллиард долларни ташкил этди.

Етакчи корхоналарнинг қўшма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Қўшма инвестиция платформасини ишга тушириш юзасидан келишувга эришилди.

Президентлар ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар. Бугун давлат раҳбарлари раислигида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтади.

Шунингдек, етакчилар энергетика, шу жумладан атом энергетикаси, қишлоқ хўжалиги, инновациялар, миграция, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.

Кўп қиррали маданий-гуманитар алмашинув ривожланаётганига юқори баҳо берилди. Ташриф давомида Маданий ҳамкорлик дастури қабул қилинади.

Таълим ва муҳандис кадрларни тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонда Бауман номидаги Москва техника университети ва Бутунроссия ташқи савдо академияси филиалларини очиш бўйича келишувларга эришилди.

Давлат раҳбарлари томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.