Саломатлик гарови  – спортни сев, спорт билан яшашга ўрган!

0
215
марта кўрилган.

“Спортни сев, спорт билан яша” шиори остида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни” муносабати билан спортнинг юнон-рум кураши туридан 2009-2011 йилда туғилган ўсмирлар ва ундан кичик ёшдаги болалар ўртасида халқаро беллашув бўлиб ўтди.

Мусобақа 2021 йил 18- декабрь куни Тошкент шаҳри Миробод тумани “Локомотив” МЖСМ кураш залида ўтқазилди. Унда Ўзбекистон Республикаси ва яқин хориж шаҳарлари ва вилоятларининг  спорт ташкилотлари спортчилари иштирок этди. Жумладан, Қозоғистон ва Қирғизистон мамлакатларидан келган спортчилар ҳам қатнашди.

Тошкент шаҳар олий махорат спорт мактабининг мураббийси, Тошкент шаҳар терма жамоасининг катта тренери, юнон-рум кураши спорт устаси Рустам Шайдуллин шундай дейди:

 – Тадбир пандемия талабларига мос равишда ташкил этилди. Covid -19 пандемияси билан боғлиқ ҳолда, барча мусобақа иштирокчилари тиббий ниқобда бўлиши таъминланди. Томошабинлар ва ота-оналарнинг иштироки қатьян тақиқланди. Мусобақада фақат ҳакамлар, мураббийлар ва спортчилар иштирок этди. Ҳар бир ташкилотдан 15 нафар иштирокчи 1 нафар ҳакам ва тренер-ўқитувчи иштирок этишига руҳсат этилди. Мусобақа 15 тур вазн тоифаларидаги болалар ўртасида ўтказилди. Барча вазн тоифалари учун  1кг гача руҳсат этилди. Бир йил ичида расмий равишда 4 та кубок, 4 та чемпионат ўтказилиши режалаштирилган эди. Ушбу беллашув бу йилга режалаштирилган охирги тадбир бўлди. Беллашувларда машғулотларимизнинг натижадорлиги кўринади. Чунки, машғулот режасининг тартиби – йиллик, ойлик, хафталик ва кунликларга бўлинган. Устозу шогирдларнинг қувончи   ташкилотимизнинг қувончидир. Тадбиримиз кўнгилли ўтди. Ҳар бир вазн тоифадаги ғолиб ва совриндорлар I, II  ва III даражали медаль ва диплом билан тақдирландилар, 

Тошкент шаҳар Пахтакор спорт саройида юнон –рум кураш залида 7 та мураббий машғулот олиб боради. Ўзбекистон спорт курашлари Ассоциацияси қошидаги Пахтакор спорт саройида юнон-рум кураши бўйича мураббийлари,  спорт усталари  ака -ука  Зиёдулла ва Хайрулла Абдуллаевлар шундай дейди:

– Пахтакор спорт саройидаги юнон –рум кураш залидаги  мураббийларнинг  гуруҳларида 10-12 нафар ёш спортчилар иштирок этмоқда. Беллашувлар биз учун байрамга айланади. Шунингдек, ҳар бир беллашув олдидан катта масъулиятни ҳис қиламиз. Чунки, меҳнатимизнинг, машғулотларимизнинг натижасини шу ерда кўрамиз. Шогирдларимизнинг ғалабаси – бизнинг устозлик даражамизни белгилаб беради. Шунинг учун ҳар бир ўсмирдан катта умидлар кутамиз ва шунга ҳаракат қиламиз. Бу сафарги беллашувда олтита дипломни қўлга киритдик. Ҳамиша беллашувларда шогирдларнинг юзи — кўзидаги қувончни кўрганимизда дилимиз ёришади.

Устоз-у шогирдларга  келгуси саъй-ҳаракатларида, мамлакат байроғини халқаро спорт майдонларида баланд кўтаришларида омадлар тилаб қоламиз.

Жавлон САЪДУЛЛАЕВ, GUJUM.UZ мухбири

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.