Сертификат бериш тизими – протез-ортопедия маҳсулотлари ва  реабилитация техник воситаларини бепул олиш ва танлаш ҳуқуқи

0
402
марта кўрилган.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда ер юзида 1 миллиарддан зиёд имконияти чекланган кишилар истиқомат қилади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, айрим мамлакатларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларига амал қилинмайди. Имконияти чекланган кишиларнинг ишга жойлашиши, таълим олиши билан боғлиқ муаммолар нафақат қашшоқ республикаларда, балки иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатларда ҳам кузатилаётгани эса ҳеч биримизга сир эмас.    

Мамлакатимизда эса ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, сўнгги тўрт йилда бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқи ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг турмуш даражасини яхшилаш, пенсия таъминоти ва ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган бир қатор ҳуқуқий норматив ҳужжатлар, давлат дастурлари қабул қилинди. Айниқса, 2021 йил 16 январдан кучга кирган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида шу даврга қадар амалда бўлган, яъни 2008 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда мавжуд бўлмаган қатор имтиёз ва имкониятлар назарда тутилди.

Жумладан, миллий қонунчиликда мавжуд бўлмаган “ногиронлик белгиси бўйича камситиш”, “ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари”, “протез-ортопедия буюмлари”, “абилитация”, “сурдотаржима”, “сурдотехник воситалар”, “тифлотехник воситалар” каби янги тушунчалар ҳамда “ногирон” сўзи БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлар тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ “ногиронлиги бўлган шахс” сўзлари билан акс эттирилди.

Ногиронлиги бўлган шахсларни камситишнинг ҳар қандай шаклига, шу жумладан, ногиронлик белгиларига нисбатан камситишга йўл қўймаслик, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий-сиёсий ҳаётга жалб этиш ва қўшиш, таълим олиш ҳамда ишга жойлашиш имкониятларини таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг маданий ҳаётда иштирок этиши, дам олиш ва спорт билан шуғулланиш имкониятини яратиш, ногиронлик белгилашни такомиллаштириш, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация ва абилитация қилиш каби бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятлар киритилди. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳамда давлатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўла ҳуқуқли тарзда иштирок этишини таъминлаш белгиланди. Замонавий протез-ортопедия буюмларини ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини яратиш ҳамда ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида реабилитация қилиш индустриясини ривожлантириш давлатнинг доимий назоратида бўлиши ҳам мустаҳкамланди.

Мазкур Қонун асосида давлат замонавий протез-ортопедия мосламаларини ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини яратиш ҳамда ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида реабилитация қилиш индустриясини ривожлантиришга кўмаклашади. Протез-ортопедия маҳсулотларининг ва реабилитация қилиш техник воситаларининг давлат реестри (рўйхати), бундай воситалар билан таъминлаш тартиби, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш учун тиббий кўрсатмалар ва қарши кўрсатмалар рўйхати белгиланган тартибда аниқланади.

Ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш бўйича харажатларга доир мажбуриятларни молиялаштириш, шу жумладан уларни тайёрлаш ва таъмирлаш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг протез-ортопедия маҳсулотлари ва уларни реабилитация қилишнинг техник воситалари учун ушбу моддада назарда тутилган харажатларни молиялаштиришга доир қўшимча маблағлар қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан ҳам олиниши мумкин.

Ҳисобот даври якунлари бўйича қайси тадбиркорлик субъектининг тушуми умумий ҳажмининг камида ўттиз фоизи ногиронлиги бўлган шахслар учун протез-ортопедия маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан, шунингдек уларга ортопедик протезлаш хизматлари кўрсатишдан, уларни таъмирлаш ҳамда хизмат кўрсатишдан келиб тушган бўлса, ўша тадбиркорлик субъекти ўзи киритган таклифлар танлов савдолари бошқа иштирокчиларининг таклифлари билан тенг бўлган тақдирда харидор томонидан инвестиция мажбуриятларини ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан давлат мулки объектларини “ноль” харид қиймати бўйича реализация қилиш юзасидан ўтказилган танлов савдолари натижаларига кўра контракт тузишга доир устунликка ҳамда давлат мулки объекти учун мазкур объектнинг ижара ҳақи ставкаси энг кам миқдорининг эллик фоизи миқдорида ижара ҳақи тўлаш ҳуқуқига эга бўлиши Қонунда белгилаб қўйилди. Демак, Қонуннинг амалиётга жорий этилгани Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ҳамда унинг ҳудудий тиббий-ижтимоий хизматлар бўлимлари, туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий хизматлар шўъбалари зиммасига жуда шарафли ҳамда ўта масъулиятли вазифалар юклатилганидан далолат беради.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисидаги Фармонида ҳам “муҳтож аҳолини протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлашнинг амалиётини сертификат бериш тизимига ўтказиб, фуқароларга ўз танловига кўра давлат томонидан бериладиган маблағлар (сертификат) ҳисобидан исталган ишлаб чиқарувчидан протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситалари сотиб олиш имкониятини яратиш” топшириғи белгиланган. Давлат дастурига кўра, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича жорий йил 1 июнгача протез-ортопедия маҳсулотлари ва реаблитация техник воситалари билан таъминлаш “сертификат” бериш тизимига ўтказилади.

Бу ҳам ўз навбатида, Агентлик қонунчиликда белгиланган фаолияти доирасида янада салмоқли, натижадорлиги юқори бўлган бир қатор вазифаларни бажариши кераклигини англатади. Шу боис, белгиланган топшириқларни вақтида ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда “Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тартиби тўғрисида»ги низомни тасдиқлаш ҳақида” Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Муҳтож шахслар ишлаб чиқилаётган мазкур Низомнинг 1-иловасидаги протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий хизматлар шўъбалари томонидан “сертификат” бериш орқали таъминланиши белгиланмоқда. 

Фуқароларга ўз танловига кўра, давлат томонидан бериладиган маблағлар (сертификат) ҳисобидан исталган ишлаб чиқарувчидан протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари сотиб олиш имконияти берилади. Бу орқали имконияти чекланган инсонларимизнинг сарсон-саргардон бўлиши, бир қатор оворагарчиликларнинг олдини олади. Сифатли маҳсулот орқали уларнинг оғири енгил бўлади. Бунда муҳтож шахснинг танлаш имконияти яъни фуқаролик ҳуқуқларига асосан хоҳлаган ишлаб чиқарувчидан олиши энг асосий вазифа қилиб олинган. Корхоналар тўғрисидаги электрон маълумотлар тўпламини алоҳида сайт орқали кўриш имконияти яратилади. Шунингдек, протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситалари ишлаб чиқарувчилар ўртасида рақобат муҳитининг юзага келиши, сифатли маҳсулотларга бўлган талабнинг ортиши, хорижий тажрибаларни мукаммал  ўрганиш орқали ўзимизда мазкур тизимда етук ва малакали  мутахассислар сафи кўпайишига кенг йўл очади. 

Ўрни келганда қайд этиш жоизки, 2017-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ёрдам ва хизмат кўрсатиш, яъни муҳтож шахсларга протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш бўйича мақсадли ишлар амалга оширилди. Ногиронлиги бўлган шахсларга бепул бериладиган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларининг рўйхати 22 турдан 27 тагача кўпайтирилди. Протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш 47,0 мингтани ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан
2 баробарга кўпайди.

Бир сўз билан айтганда, ушбу Қонунни қабул қилиниши Давлат Дастури ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган вазифалар инсонларнинг ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан муносабатини ўзгартиришга, уларнинг жамиятда тўлиқ ва тенг ҳуқуқли иштирокини таъминлашга, протез-ортопедия маҳсулотлари билан боғлиқ долзарб муаммолар бартараф этилишига хизмат қилади.

Ушбу йўналишда жойларда мавжуд бўлган муаммолар ўрганилади. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг тиббий-ижтимоий реабилитация масалалари бўйича илмий тадқиқотлар ўтказилади. Ногиронлик муаммоларининг ечими борасида амалга оширилаётган ана шундай илмий изланишларни бюджет томонидан молиялаштирилиши борасида асосли таклифлар тайёрланади.

Қутлимурод Чуренов, Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги бўлим бошлиғи

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.