Шарбат АБДУЛЛАЕВА: Коронавируснинг иқтисодиётга таъсирини минималлаштириш масалалари бўйича таклиф

0
129
марта кўрилган.

Иқтисод фанлари доктори, профессор Шарбат АБДУЛЛАЕВА: 

Дунё миқёсида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда мақсадида жаҳоннинг деярди барча мамлакатларида карантин эълон қилинди, чекловлар қўйилди Бу эса энг йирик иқтисодиётга эга мамлакатларда ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмларининг кескин қисқариши, глобал ишлаб чиқариш занжирлари ва савдо алоқаларининг издан чиқиши, дунё молия бозорларида хомашё товарлари нархининг пасайиши ва конъюнктуранинг ёмонлашувини келтириб чиқармоқда.

Глобал иқтисодиёт тизимининг бир қисми бўлган Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам мазкур омиллар таъсир қилмоқда, бу эса ўз навбатида ушбу ҳолатнинг салбий таъсирларини юмшатиш бўйича самарали олдини олувчи чоралар кўришни талаб қилади. “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодий тармоқларига  салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора- тадбирлар тўғрисида” Ўзбекистон Президенти фармони қабул қилинди.

Инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида  Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, 10 трлн сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 3 апрель куни эса коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди

Коронавируснинг иқтисодий – ижтимоий жиҳатдан таъсирини камайтириш мақсадида турли тадбирлар белгиланиб, ижобий қадамлар қўйилди. Бундай шароитда  Ўзбекистон ички меҳнат ва иқтисодий ресурсларимиздан фойдаланиш масаласига кўпроқ эътибор қаратилиши мақсадга мувофиқ.

Бу иқтисодий масаланинг яна бир ечими сифатида бизнинг фикримизча, мамлакатимизнинг ер бойлигидан унумли фойдаланишимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Бунинг учун бугунги кунда мавжуд ер тақсимотини қайта кўриб чиқиш, ер билан ишлайман деган фуқароларимизга ер майдонларини ажратиш ва уларга бозорбоп қишлоқ хўжалик махсулотларини етиштириш, хизматлар кўрсатиш соҳасида танлаш ҳуқуқини бериш, уларнинг фаолиятини бошлаши ва йўлга қўйишида молиявий ва техник жиҳатдан ёрдам бериш тизимини шакллантириш лозим. Бу жараёнлар ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ижобий натижа бериши мумкин.

Сиёсий партиядаги фаолиятим давомида биз баъзи вилоятларда фермерлар еридан ёшлар, хотин-қизларга вақтинча фойдаланиш имкониятини яратганмиз ва бу уларнинг бандлигини таъминлаш билан бирга ўз меҳнатига нисбатан қизиқишини ортириб, даромад олишига олиб келган. Бу тажрибанинг бугунги кунда ҳам давом эттирилаётганлиги унинг давр талабига мослигидан дарак беради. Бугунги кунда биз ер ресурсини самарали бошқарадиган ва ундан унумли фойдаланадиган кичик ер эгаларини шакллантиришимиз мақсадга мувофиқ. Бу жараённинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, ҳозирдан аҳолимиз, ёшларимизнинг қишлоқ хўжалигида фаолият олиб боришида ихтисослашувини шакллантиришимиз – эртага Ўзбекистоннинг ўз сифатли махсулотлари билан жаҳон бозорларига чиқишига, мамлакатимизнинг ЕвроОсиё иқтисодий иттифоқи ёки Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиш жараёнларига тайёргарлигига  ҳам замин яратган бўламиз.

Республикада хизмат кўрсатган журналист Раъно ЗАРИПОВА: Муносабат

Шарбат АБДУЛЛАЕВАнинг фикрини ўқир эканман, хаёлимга онамнинг ҳикояси тушди. Бу эса  олиманинг таклифини ўйлаб кўришга  чорлайди.

ОНАМ ЖАМИЛА момо ҳикояси: Ҳаракатда-баракат! Баъзан эртанги кун илинжида оромингни йўқотасан. Бошланадиган ҳодисани кутиб дил ҳаприқади. Унга ҳам жисмонан ҳам руҳан тайёргарлик кўра бошлайсан.

Иккинчи жаҳон урушининг қаттол кунлари. Баҳор келиб, экин –тикин кунлари яқинлашган пайт.  Бироқ, колхоз далаларига экишга уруғлик йўқ.  Ғалабани кутиб, ғалаба илинжида ҳамма нарса фронтга бериб юборилган. Давлат заҳирасида ҳам колхоз заҳирасида ҳам уруғлик йўқ. У пайтларда колхозда бош ҳисобчи бўлиб ишлардим.  Колхоз раҳбари ҳузурига  ташаббус билан кирдим: Ерларни оилаларга уруш тугагунча қарор чиқариб бўлиб берайлик, ана шунда уруғликни ўзлари топади дедим. Раисимиз кекса киши эди. Сапчиб тушди.  Давлат ерларини хусусийлаштириш, яна қарор билан–а! Жиноятлигини биласанми? Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди, деган мақолни эслатдим. Элимиз одамлари ҳам қийналиб қолди. Эл ҳам тўяди, давлат  планини ҳам уддалаймиз, дея ташаббусимни қўллаб-қувватлашга  кўндирдим. Ниҳоят гапимга кўнди, ўзингни ташаббусинг, туман ва вилоят раҳбарларига ўзинг мен билан бирга бориб тушинтирасан деди.

Раҳбарлар олдидан ҳам ўтдик, ерни бўлиб бердик. Уруғлик топилди, ўша йили ҳосил мўл бўлди. Маълум фоизини оилаларнинг ўзларига қолдириб, давлат планини ҳам бажардик, фронтга ҳам қўшимча маҳсулот жўнатдик. Дарҳақиқат давлат ерини бўлиб бериш у пайтларда жиноят эди.

Оғир йилларда, уруш йилларида қўллаган тадбиримиз, мустақиллик шарофати билан қайта  амалга оширилди. Ҳозир ерларни эллик йилга хусусийлаштирилиб берилаётганини эшитганимда, уруш йилларида вазиятдан чиқиш учун тўғри йўл танлаганимизни яна бир карра ҳис қилдим. Ҳар бир ишда элнинг манфаатини ўйлаб иш қилиш Оллоҳга ҳам, бандасига ҳам хуш келади, болаларим. 

ХУЛОСА: фермерлар еридан ташаббускор, юрагида ўти бор кишилар учун вақтинча фойдаланиш имконияти яратилса, деҳқон ундан кеча-ю кундуз кўз-қулоқ бўлиб, селга олдирмай, совуқда сўлдирмай, пуф-пуфлаб ўстириб,  баракали ҳосил олади, деб ўйлаймиз.  Бундан деҳқон ҳам қувонади, эл ҳам фойда кўради. Президентимиз айни кунда чора-тадбирлардан бири сифатида  кичик бизнесга, ҳунармандлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратаяптилар.  Бу  усул ҳам деҳқончиликнинг устаси- ҳунармандига эътибор қаратиш демакда.

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.