«Шарқ тароналари» халқаро XII мусиқий фестивалининг янги логотипи тасдиқланди

0
495
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 февралдаги “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини ўтказишга тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 26-30 август кунлари  Самарқанд шаҳрида ўн иккинчи бор анъанавий  “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтади. Ташкилий қўмита томонидан  унинг логотипи тасдиқланди.

Бу йил “Шарқ тароналари”  фестивалида бу йил дунёнинг 78 та давлатларидан  293 нафар  иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.

Фестивал доирасида “Шарқ халқлари анъанавий мусиқа санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида илмий-амалий конференция ва “Энг яхши ижро учун”  халқаро кўрик-танлови ўтказилади.

Тадбир Регистон майдонида кўрик-танлов ғолиблари ва совриндорларини тақдирлаш маросими ва улар иштирокидаги гала-концерт билан якунланади.

Бу йил танлов иштирокчиларининг чиқишлари икки йўналишда етти кишидан кам бўлмаган халқаро ҳайъат томонидан баҳоланади. Халқаро ҳайъат хорижий ва маҳаллий мусиқашунос олимлар, таниқли санъаткорлар ва бастакорлардан иборат бўлади.  

Фестивалнинг Гран-при соҳибига 10 000 минг, иккита 1-ўринга 5 минг, иккита 2-ўринга 3500 минг ва учта 3-ўринни эгаллаган иштирокчиларга 2 минг АҚШ долларидан пул мукофоти берилади.

Шунингдек, бу йил “Энг ёш иштирокчи”, “Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи”, “Энг яхши чолғу мусиқаси ижрочиси” каби номинацияларда ҳам ғолиблар махсус диплом ҳамда 500 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

Регистон майдони атрофида республикамиз вилоятлари, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикаси вакилларига ҳам ўз санъати, маданияти ва анъаналарини кўрсатишлари учун жой ажратилди. Улар бу жойларда кичик саҳналар ўрнатишади, миллий чолғу асбоблари, ҳунармандлик буюмлари кўргазмалари ташкил этади.

Меҳмонларни кутиб олиш ва меҳмонхоналарга жойлаштириш, уларга таржимон, гид-экскурсовод ажратиш, саёҳатлар ташкил этиш, транспорт хизмати кўрсатиш ва бошқа хизматлар билан боғлиқ ҳар бир масалага жиддий эътибор қаратилган ҳолда тайёргарлик кўрилмоқда.

 “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали  доирасида  2019 йилнинг 26 август куни Самарқанд шаҳрида “Моддий ва номоддий  маданий меросни асраш: долзарб муаммолар ва уларни ҳал қилиш  стратегияси” мавзусида  халқаро  анжумани ўтказилади.

Шунингдек, 2019 йилнинг 22-27 август кунлари  Тошкент, Термиз ва Самарқанд шаҳарларида маданий мерос ҳафталиги ўтказилиши режалаштирилмоқда. Ушбу ҳафталик доирасида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича бутунжаҳон  жамиятининг III халқаро конгресси, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний  номидаги  Шарқшунослик  институтида Ўзбекистоннинг  ёзма мероси дурдоналари  кўргазмаси, Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида “Далварзин олтини: Кушон  империяси ва унинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси”номли кўргазмаси, Самарқанд шаҳрида дунё халқлари  либосларини  тақдим этувчи “Энг яхши миллий либослар” танлови ва Термиз  шаҳрида  “Ўзбекистон – цивилизациялар чорраҳаси” номли  халқаро археология  форумини ўтказиш режалаштирилган.

 Ушбу халқаро конференцияни ўтказишдан асосий мақсад моддий ва номоддий маданий меросни сақлашда ЮНЕСКОнинг тамойилларини амалга ошириш, қадимий маданий меросни асраб авайлаш, жаҳон тажрибаларини ўрганиш  ва маданий мерос объектларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

Шерзод Ахматов,  Маданият вазирлиги   Ахборот хизмати раҳбари

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.