Шавкат Мирзиёев илм-фан намояндалари билан мулоқот қилди

0
275
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий университетида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.    

Учрашувда илмий-тадқиқот ишларини тижоратлаштириш, кадрлар тайёрлаш ва уларни моддий, ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари ҳақида сўз борди. 

Давлатимиз раҳбари импорт ўрнини босадиган ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қаратилган илмий ишланмаларни кўпайтириш, соҳадаги ҳар бир ташкилот тизимида илмий маҳсулотларни бозорбоп қиладиган маркетинг тизимини ташкил қилиш зарурлигини таъкидлади. Илмий муассасаларни келгуси йилдан тўғридан-тўғри давлат бюджетидан молиялаштиришга ўтказиш таклифи олимлар томонидан қизғин қўллаб-қувватланди.

Изланувчан олимларни рағбатлантириш мақсадида илмий ишланма яратган тадқиқотчига докторлик ва уни амалиётга татбиқ этган изланувчига таянч докторлик илмий даражасини берадиган бинар (иккиталик) ҳимоя тизимини жорий этиш, бюджет маблағлари ҳисобидан стажёр-тадқиқотчилар институтини ҳамда юртимиз биологик хилма-хиллигини ўрганадиган дала-тажриба станциялари ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди.

Кейинги йилларда илм-фан ва таълим соҳаси ходимлари изчил рағбатлантирилиб келинмоқда. Илмий ходимларнинг ойлик маошлари ўтган йил 1 сентябрдан ўртача 25 фоизга, жорий йил 1 январдан 20 фоизга оширилган эди, 1 июлдан эса яна 25 фоизга кўтарилади

Президентимиз бу амалий чораларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йил 1 сентябрдан барча давлат ташкилотларида илмий-педагогик фаолият билан шуғулланаётган, таълим ва илм-фан соҳасида фаолият олиб бораётган фан номзодларининг ойлик маошларига 30 фоиз, фан докторлари учун эса 60 фоиз устама ҳақи белгилашни таклиф қилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида ташкил этилаётган Ёшлар академияси ҳам илм-фан вакилларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Ушбу академияга илмий-инновацион фикрлаш қобилиятига эга бўлган иқтидорли талабалар ва 40 ёшгача бўлган олимлар, ташаббускор ёшлар аъзо бўлади. Академияда сунъий интеллект, қайта тикланадиган энергия манбалари, робот техникалари ва мехатроника, фармацевтика, биотехнология, дастурлаш, саноат дизайни, 3D моделлаштириш каби йўналишларда иш олиб борилади.

Шавкат Мирзиёев олим ва педагогларнинг ижтимоий шароитларини яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. 

Хусусан, Талабалар шаҳарчаси ҳудудида профессор-ўқитувчилар, ёш тадқиқотчилар учун 6 та кўп қаватли уй ва барча шароитларга эга универсал спорт мажмуаси қуриш бўйича топшириқ берди. Шунингдек, шаҳарчада Ёшлар боғи, ёзги томошалар майдончаси, «китоб-кафе»лар, Wi-Fi зоналарини ташкил этиш ва ободонлаштириш бўйича вазифалар белгиланди.

Шу ерда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети илмий-педагогик фаолияти ва кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид режалар тақдимоти ўтказилди. Беш йиллик комплекс дастур ишлаб чиқиб, университет фаолиятини ривожлантириш ва халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди. Университет қошидаги лицейни табиий ва аниқ фанларга ихтисослаштириш, етук мутахассисларга бўлган эҳтиёж тобора кучайиб бораётганини инобатга олиб, университетда янги факультетлар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

— Истеъдодли ёшларни излаб топиш ва уларни мақсадли тарбиялаш борасидаги ишларни кучайтириш керак. Илмни, тарбияни тўғри қилсак, ҳамма соҳаларни малакали мутахассислар ўзлари ривожлантиради, — деди Шавкат Мирзиёев.

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.