Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирини қабул қилди

0
71
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 июль куни Тошкент шаҳрида ўтаётган халқаро конференция доирасида Саудия Арабистони Подшоҳлиги ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Саудни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари икки томонлама алоқалар жадал ривожланаётгани — ўзаро мулоқот фаоллашиб, илк йирик инвестиция лойиҳалари, энг аввало энергетика соҳасидаги лойиҳалар илгари сурилаётганини мамнуният билан қайд этди.

Вазир Файсал бин Фархон Ўзбекистон етакчисига Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди ҳамда Саудия Арабистонига расмий ташриф билан келиш таклифини яна бир бор тасдиқлади.

Саудия томони Ўзбекистон Президентининг Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий боғлиқлигини кучайтириш борасидаги ўз вақтида илгари сурилган муҳим халқаро ташаббусларини, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмакни юксак баҳолаши ва қўллаб-қувватлашини таъкидланди.

Учрашувда амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, бўлажак олий даражадаги мулоқотларнинг кун тартибини бойитиш, Ўзбекистон-Саудия муносабатларини сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш мақсадида янги лойиҳа ва тадбирларни тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.