Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти сайловчилари билан мулоқот қилди

0
57
марта кўрилган.

Либерал-демократик партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашув ўтказди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида. 

Тадбирни номзоднинг Тошкент вилояти бўйича ишончли вакили Р.Турдибоева очди. Сўнгги йилларда давлат идоралари халқ ичига кириб, амалий ишлар бошлангани натижасида шаҳар ва туманларга, олис қишлоқ ва маҳаллаларга ўзгаришлар кириб келаётгани таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди. Дастурда иқтисодиёт, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт, ҳудудлар равнақи, давлат бошқаруви, қонун устуворлиги, ташқи сиёсат, маданият соҳаларини ривожлантиришга оид мақсадлар ўз ифодасини топган.

Номзод Тошкент вилоятига мўлжалланган беш йиллик дастур марказида 100 минг ёшни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, барча соҳаларда камида 450 минг иш ўрни яратиш, аҳоли даромадини камида 2 баробарга ошириб, камбағалликни қисқартириш, ҳар бир маҳаллада аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш масалалари бўлишини таъкидлади.

Шу мақсадда, аввало, саноатни ривожлантириш, табиий ресурслар негизида йирик корхоналар ташкил этиш, талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эътибор қаратилади.

Келгуси беш йилда вилоятда умумий қиймати 20 миллиард доллар бўлган 8 мингта йирик, ўрта ва кичик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилган. Бу 180 мингдан зиёд доимий иш ўрни яратиш имконини беради.

Хусусан, Олмалиқ, Ангрен ва Оҳангаронда йирик мис кластери ташкил этилиши айтилди. Чирчиқ ва Олмалиқ шаҳарлари инновацион кимё саноати марказига айлантирилади. Бекободдаги Ўзбекистон металлургия комбинатида янги қуюв-прокат мажмуаси ишга туширилиб, жами қувват 2 баробар оширилади. Паркент туманидаги 27 миллион тонна темир рудаси захирасини ўзлаштириш бошланади.

Шунингдек, қурилиш материаллари саноатида 1 миллиард 300 миллион долларлик 150 та лойиҳа, фармацевтика тармоғида 750 миллион долларлик 30 та, тўқимачилик йўналишида 420 миллион долларлик 90 та, электр техникаси ишлаб чиқариш бўйича 300 миллион долларлик 40 та лойиҳа режалаштирилгани қайд этилди.

Умуман, бундай янги лойиҳалар ҳисобига, келгуси беш йилда вилоят экспорт ҳажмини 2 баробардан зиёд ошириб, 2 миллиард 600 миллион долларга етказиш мумкинлиги таъкидланди.

Номзод Тошкент вилоятида шаҳарлар кўплигига эътибор қаратиб, келусида бу шаҳарлар пойтахтимиз билан узвий боғланган ҳолда ривожлантирилишини қайд этди. Хусусан, Тошкент билан Нурафшон ўртасидаги йўл кенгайтирилиб, тезюрар электробус қатнови йўлга қўйилиши, Нурафшон давлат университети ва кўп тармоқли тиббиёт маркази ташкил этилиши айтилди. Нурафшон, Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Бекобод, Оҳангарон ва Янгийўл шаҳарларида “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилиши, Тошкентдан бу шаҳарларга тезюрар электропоезд ҳаракатланиши кўзда тутилган.

Тошкент вилоятида хизматлар соҳаси бўйича ҳам улкан имкониятлар борлиги таъкидланди. Масалан, ҳудуд ҳам ёзги, ҳам қишки туризм учун энг қулай. Шу боис вилоятда туризм бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш мўлжалланган. Амирсой, Чимён, Чорвоқ сув омбори ва “Тошкент денгизи” атрофида, Оҳангарон ва Ангрендаги тоғли ҳудудларда қўшимча туристик зоналар барпо этиш учун 1 миллиард доллар инвестиция жалб этиб, 80 минг иш ўрни яратиш мумкин. Паркент туманида инфратузилмани ривожлантиришга 100 миллиард сўм ажратиб, туризм учун махсус солиқ режими жорий этилади.

Шунингдек, юк ташиш, агрологистика мажмуалари ва савдо зоналари ташкил этиш бўйича лойиҳалар маълум қилинди.

Қайд этилганидек, илмий-инновацион ёндашув асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробарга оширилади. Ерларни аҳолига ижарага бериш орқали 30 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади. Мева-сабзавотчилик ва кўчатчилик кластерлари, 20 минг гектарда интенсив боғ ва токзорлар, 6 минг гектар майдонда ёнғоқ, бодом ва писта палантациялари, 45 та йирик чорвачилик комплекси барпо этилади.

 Шавкат Мирзиёев “инсон қадри учун” тамойилининг муҳим бўғинлари сифатли таълим ва тиббиёт эканини таъкидлаб, бу борадаги вазифаларни ҳам айтиб ўтди.

– Биз бугун нималарни режалаштираётган бўлсак, уларнинг барчаси ягона ва улуғ мақсадга – халқимизнинг ғурури ва қадр-қимматини янада юксалтиришга, одамларни рози қилиш, ҳар бир инсоннинг эркин ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган. Мен уларни амалга оширишда, аввало, халқимизга, унинг фидойи, жонкуяр ва фаол вакилларига, катта меҳнат ва ҳаёт тажрибасига эга бўлган Тошкент вилояти аҳлига таянаман, – деди Шавкат Мирзиёев.

Учрашувда партия аъзолари, туман студияларидаги сайловчилар билан самимий мулоқот бўлди. Улар вилоятдаги ўзгаришларни қайд этиб, ўз фикр ва таклифларни билдирди. Шавкат Мирзиёев бу таклифларни қўллаб-қувватлаб, уларни амалга оширишга сўз берди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.