Шавкат Мирзиёев: Уйлар давлат томонидан бепул қуриб-таъмирлаб берилади

0
41
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 май куни Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида бўлиб,  амалга оширилаётган ишлар  билан танишди ва аҳоли билан учрашди.

Бугунги кунга қадар 20 та аҳоли пунктидаги бузилган уйлар ва уларнинг атрофи чиқиндилардан тозаланди. 13 та маҳалладан сув қолдиқлари чиқарилди.

 Ҳозирда қарийб 66 минг аҳоли ўз уйларига қайтди. Бошқа жойларда ҳам тозалаш-таъмирлаш ишлари тезкор суръатларда давом этмоқда.

Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида уй-жойлари бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолган аҳоли учун 3 та массивда жами 2 минг 640 квартирали 66 та 5 қаватли уй қурилиши режалаштирилган.

Хусусан, Сардоба туманидаги “Дўстлик” маҳалласида 1480 хонадондан иборат 37 та уй барпо этилади. Давлатимиз раҳбари мазкур турар жойларнинг пойдеворига тамал тоши қўйди.

– Таъмирланадиган уйлар ҳам, янги қуриладиганлари ҳам давлат томонидан бепул қуриб-таъмирлаб берилади. Одамлар янги кўп қаватли уйларга ва ўзларининг таъмирланган ҳовли-жойларига 1 сентябргача тўлиқ кўчиб ўтиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, уйлари зарарланган одамларнинг илгариги ҳовлилари ҳам ўзларида қолади, – деди Президент.

Сув тошқинидан зарар кўрган 4,5 мингдан зиёд хонадон эгаларининг ҳар бирига Ўзбекистон Республикаси Президентидан 40 миллион сўмлик моддий ёрдам, шунингдек, телевизор, музлатгич, кир ювиш машинаси, минипеч, электр чойнак ва дазмол каби маиший техникалардан иборат совғалар топширилмоқда.

Ватандошимиз Алишер Усмонов ажратган 10 миллион доллар хайрия маблағи ҳам шунга йўналтирилган.

Давлатимиз раҳбари аҳоли билан учрашувда нафақат уй-жой билан таъминлаш, балки корхоналар ташкил этиб, иш ўринлари яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Шу мақсад билан қисқа вақтда қиймати 2 триллион 143 миллиард сўмлик 323 та катта-кичик лойиҳалар шакллантирилди. Уларни татбиқ этиш ҳисобига Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларида жорий йилда 10 мингга яқин иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида 1 минг 800 га яқин бетон панелли коттеж мавжуд бўлиб, улар сув тошқинидан кўп зарар кўрмаган. Уларни замонавий таъмирлаб, ўз эгаларига топшириш режалаштирилган. Шу мақсадда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри раҳбарлари бошчилигида 305 та қурилиш ташкилоти ва 12 мингга яқин қурувчилар Сирдарёга етиб келган.

Масалан, Оқолтин туманидаги “Шодлик”, “Саховат”, “Аҳиллик” маҳаллаларида ва “Учтом” аҳоли пунктида жами 657 та коттеж таъмирланади. “Шодлик” маҳалласидаги уйлар Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятига, “Аҳиллик” маҳалласи ва “Учтом” аҳоли пункти Сурхондарё вилоятига, “Саховат” маҳалласидаги турар жойлар Тошкент шаҳрига бириктирилган. 

Мирзаобод  туманидаги “Навбаҳор”, “Ҳақиқат” ва “Янгиовул” маҳаллаларида жами 616 та коттеж таъмирланади. Ушбу ишларга Сирдарё, Жиззах, Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятлари қурувчилари бириктирилган.

Сув тошқинидан азият чеккан Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманлари аҳлига сертификат ва пул маблағли банк карточкалари топширилди.

Мамлакатимиз Президенти Тошкентга қайтиб келди.

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.