Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада ўтган йили амалга оширилган ишларни танқидий таҳлил қилиб, қуйидаги хулосаларни таъкидлаб ўтди:
“Биринчидан, барча даражадаги раҳбарлар, эришилган дастлабки ижобий кўрсаткичларга маҳлиё бўлиб, хотиржамликка асло берилмаслиги керак.
Янги Парламент ва Ҳукуматнинг келгуси 5 йилдаги фаолиятининг пировард мақсади – Ўзбекистонда яшаётган кўп миллатли халқимиз ҳаётини юксалтиришдан иборат бўлиши шарт.
Шу муносабат билан депутатларимизга мурожаат қилиб, шуни айтмоқчиман. Сайловолди учрашувларида аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича, аниқ дастур ва “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда уни мутасадди идоралар билан ҳамкорликда тўлиқ амалга ошириш зарур.
Акс ҳолда, сизларга ишонч билдирган сайловчилар олдида депутатнинг обрўси бўлмайди, партиянинг мавқеи тушиб кетади.
Чунки бугун халқимизнинг тафаккури ҳам, дунёқараши ҳам, талаб ва эҳтиёжлари ҳам бутунлай ўзгарган. Халқимиз ҳаммадан зийрак ва улуғдир.
Иккинчидан, бошқарув тизими сифатини оширишда “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган асосий тамойилни амалда тўлиқ таъминлаш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз зарур.
Виртуал ва Халқ қабулхоналарига йилига 1 миллиондан зиёд мурожаат келиб тушаётгани, халқ билан мулоқотни янги босқичга олиб чиқишни талаб этади.
Энди давлат идоралари раҳбарлари ва ҳокимларнинг ушбу мурожаатларни қай даражада ҳал этаётгани бўйича ҳисоботини, парламент ва халқ депутатлари кенгашларида мунтазам эшитиш тизими йўлга қўйилади.
Маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадини тақсимлаш, нафақа олувчиларни адолатли белгилаш, ижро органлари раҳбарлари ишига баҳо бериш, бундан буён Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили асосида амалга оширилади.
Ҳар бир депутат Халқ қабулхоналари билан доимий ишлаб, ўз ҳудудида яшаётган аҳоли муаммоларини ечишда фаол иштирок этиши, одамларнинг дарду ташвишларини тинглаши керак.
Шунда депутатлар ўз сайловчиларига берган ваъдалари устидан чиқади, халқнинг ишончини оқлайди, меҳрини қозонади.
Шунда мен ҳам, нафақат Президент, балки оддий сайловчи сифатида сизлардан жуда миннатдор бўлар эдим.
Учинчидан, биз Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз.
Бунинг учун, авваламбор, ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашимиз зарур.
Шунинг учун ҳам, боғчадан бошлаб, олий ўқув юртигача, таълимнинг барча бўғинларини ислоҳ қилишни бошладик.
Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак.
Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта тўғри йўлдан адашиш бўлади”.
Тадбир давом этмоқда.