Юқори Чирчиқ туманида “Astrum” IT aкадемияси очилди. Давлатимиз раҳбари Тошкент вилоятига сафари чоғида бу ерда яратилган шароитларни кўздан кечирди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Икки қаватли бино замонавий жиҳозланган, 700 тадан ортиқ компьютер билан таъминланган. У таълим ва ишлаб чиқаришни қамраб олган кластер бўлади. Ёшлар аввал дастурлашни ўрганиб, кейин шу соҳада ишлайди. Уларнинг ўзлаштиришини сунъий интеллект баҳолайди.
Ҳозирги кунда кластерда ўқиш истагида бўлган ёшлар саралаб олинмоқда. Президентимиз улар билан суҳбатлашди.
— Агар замонга муносиб бўламан, ўз ишимни топаман, яхши яшайман десаларингиз, шу соҳани ўрганинг. Келажакка инвестициянгиз — шу. Ҳам билим олиб, ҳам амалда татбиқ қилиб, оилангиз, эл-юртимизга кўмакдош бўласизлар, деб ишонаман, — деди Шавкат Мирзиёев.
Мутасаддиларга шу ерда ёшлар учун коворкинг марказ, турар жой барпо этиш бўйича кўрсатма берилди.
— Биз учун ёшлар сиёсати — биринчи ўринда. Бу ерда иқтидорли, билимли болалар ўқийди. Уларга замонавий, эркин шароит яратиш керак. Уйи ҳам, овқатланиши ҳам, спорти ҳам, дам олиши ҳам шу ерда бўлиши зарур. Давлат ташкилотлари, саноат корхоналарининг буюртмаларини шакллантириб, бу мутахассисларни иш билан таъминлаш муҳим, — деди Президент.