Президент Шавкат Мирзиёев Юқори Чирчиқ туманидаги “Евро Глобал Инвест” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Бугун юртимизда қурилиш кўлами кенг. Шу боис янгича дизайндаги темир-бетон материалларига талаб юқори.
Ўтган йили декабрда иш бошлаган “Евро Глобал Инвест” корхонаси йирик йиғма темир-бетон панеллари тайёрлашга ихтисослашган. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 40 миллион евро. 7 гектарлик ишлаб чиқариш майдонига Италия, Германия ва Австриядан замонавий линиялар келтириб ўрнатилган.
Корхона маҳсулотлари жаҳон стандартларига мос, зилзилабардошлиги юқори. Мазкур қурилиш материаллари ишлатилган уйлар таннархи бошқаларга нисбатан 30 фоиз арзон бўлади. Маҳсулотлар рангли қилиб тайёрланиши ҳам мумкин.
Кластер усулидаги корхона йилига 500 минг куб метр бетон маҳсулотлар ишлаб чиқариш, 1 миллион тонна тош майдалаш, яна шунча асфальт тайёрлаш қувватига эга. Бу ерда шунингдек, ички ва ташқи эшиклар, дераза ромлари, мебеллар ҳам ясалмоқда.
Давлатимиз раҳбари материаллар ишлаб чиқариш ва қурилишнинг тўлиқ «занжири»ни ташкил этиб, уй-жойлар нархини янада арзонлаштириш, кўпроқ ёшларни ишга жалб этиш зарурлигини таъкидлади.
Айни пайтда 850 нафар ишчи меҳнат қилади. Йил якунигача иш ўринларини 1 минг 500 тага етказиш режалаштирилган.
Шу ерда 2021-2022 йилларда Тошкент вилоятида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.