Шавкат Мирзиёев: ўрмон хўжалиги алоҳида йирик соҳага айланиши зарур

0
102
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятида 2018-2019 йилларда аграр соҳани ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳалар тақдимоти билан танишди. 

Давлатимиз раҳбари ўтган йили Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтининг Андижон филиалини ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди. Ҳозирги кунда мазкур филиал ташкил этилган, илмий ходимлар томонидан вилоятда ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича қатор истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилган. 2016  йилда ўрмон ерларида бор-йўғи 8 гектарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилган бўлса, жорий ва келгуси йилда бу кўлам 830 гектарга етказилади. Адир ва тоғолди ҳудудларида кўплаб доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилади. 

Шавкат Мирзиёев ўрмон хўжалигида инновацион ғояларни қўллаш, экинлар тури ва ҳосилини кўпайтириш бўйича махсус жамғарма тузиш зарурлигини таъкидлади. 

«Ўрмон хўжалиги ерларида фойдаланилмаётган имконият кўп. Масалан, писта, ёнғоқ, нўхот, ловия каби харидоргир маҳсулотлар, заъфарон, наъматак ва бошқа доривор ўсимликлардан қанча даромад олса бўлади! Асал етиштириш ҳам мумкин. Фақат илм, изланиш, ҳаракат керак. Вақти келиб, ўрмон хўжалиги алоҳида йирик соҳага айланиши зарур» деди Президент.

Вилоятда балиқчиликни ривожлантириш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Жорий йилда 11 туманда янги ҳовузлар барпо этиш, аҳоли томорқалари ҳамда шоли майдонида Хитой ва Вьетнам технологияси асосида балиқ етиштириш режалаштирилгани қайд этилди. 

Шу ерда паррандачилик, чорвачилик, ёнғоқчиликни кенгайтириш, мева-сабзавотларни экспорт қилишга оид лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.  Президентимиз тадбиркорлар ва мутасаддиларга зарур кўрсатмалар берди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.