Шоҳида Ҳайитметова – халқаро гўзаллик фестивали ғолиби

0
434
марта кўрилган.

Халқаро мусобақаларда ғолибликка эришиб, Ўзбекистон байроғини янада юксакларга кўтараётган эртамиз эгалари бугундан келажак тамал тошини қўйишмоқда.  Улардан бири -Шоҳида Ҳайитметова. 

Юртимиз бугунги кунда ёшларнинг турли соҳадаги салоҳиятини намоён этаётган мамлакат сифатида дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Хоҳ у тадбиркор бўлсин, хоҳ спортчи ё санъаткор, борингки барча жабҳада фаолият олиб бораётган шижоатли йигит-қизларнинг билими, тажрибаси, меҳнати орқали эришаётган муваффақиятларини кўриб фахр-ифтихор ҳиссини туясиз. 

Ёшларнинг чуқур билим олиши ва мақсадига эришиши учун давлат томонидан яратилаётган шарт-шароитлар ана шундай улкан ғалабалар сари етаклаётгани сир эмас. Ана шундай ёшлардан бири Урганч шаҳрида пардозчи ва стилист бўлиб фаолият юритувчи Шоҳида Ҳайитметова учун 2017-2018 йиллар юлдузли онлари бўлди. Ўтган йилнинг 5 декабрида у Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти кубоги учун ўтказилган республика кўрик-танловида иштирок этиб, “Сартарошлик санъати, тирноқ безаклари ва юз пардози” йўналиши бўйича 2-ўринни эгаллади. Шундан сўнг Ўзбекистон Сартарошлар уюшмаси таклифи билан жорий йилнинг 22-25 февраль кунлари Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган “Невские берега” деб номланган халқаро гўзаллик фестивалида совринли ўринни қўлга киритди. Россия, Корея, Мольдова, Литва каби 30 дан зиёд ривожланган мамлакатлардан келган баҳслашувчилар ўртасида сартарошлик санъати, тирноқ безаклари ва юз пардози йўналишлари бўйича “Дўстлик кубоги” учун ўтказилган Халқаро чемпионатда ўз ишини санъат даражасида мукаммал эгаллаганини нуфузли ҳайъат аъзоларига исботлади ва “Ўрим турмаклари” йўналишида 1- ҳамда  “Оқшом турмаги” йўналишида 2-ўринни қўлга киритди.

– Гўзаллик ва нафосат соҳасида муҳим воқеа ҳисобланган ушбу фестиваль ҳаётимда ва фаолиятимда муҳим аҳамиятга эга бўлди, – дейди Шоҳида. Бунга албатта, ўз касбимни севганим, тинимсиз меҳнатим орқали, қолаверса, оиламнинг қўллаб-қувватлагани боис эришдим. Шунингдек,  Ўзбекистон Сартарошлар уюшмаси раиси Фарҳод Шомуротов томонидан билдирилган ишонч менга куч бағишлади. Беллашув ниҳоятда кескин ва ҳаяжонли ўтди. Соч турмаги ва пардоз учун ажратилган 30 дақиқа вақт оралиғида ўз ишимни аъло даражада якунлашга ҳаракат қилдим. Айниқса, ғолиблик шоҳсупасига чиққанимда ва юртимиз мадҳияси янграгандаги ҳаяжонли  дақиқалар бир умрга ёдимда қоладиган шодлик бахш этди.

Қувонарлиси, шу йилнинг 21-23 июнь кунлари Шоҳида Ҳайитметова Ўзбекистон Ёшлар ижод саройида ташкил этилган “14-Халқаро Гўзаллик индустрияси кўргазмаси” доирасида ўтказилган “Буюк ипак йўли” кўрик-танловининг якуний босқичида ўз соҳаси бўйича “Маҳорат дарси”ни  ўтказди ва кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлди.

Аёл зоти дунёда бор экан, гўзаллик ва нафосат бахш этувчиларнинг ишига эҳтиёж туғилаверади. Шунинг учун ушбу соҳани ривожлантириш, аёлларимизнинг янада гўзал ва латофатли бўлиб юришини астойдил истайдиган Шоҳида Ҳайитметова келажакда сартарошлик соҳасини эгаллашни мақсад қилган ёшлар учун ўз мактабини очишни ният қилган. Зеро, касбдан камол топиш, унинг завқи ва заҳматидан баҳраманд бўлиш кишини улуғлик сари етаклайди.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.