ШОХРУХХОН -АҲИЛ ОИЛА ДИЛБАНДИ

0
460
марта кўрилган.

Урганч туманидаги 11- сонли Болалар мусика ва санъат мактаби ўқувчиси Рахимберганов Шохруххон Азамат ўғли ушбу йил апрель ойида Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида ўтказилган 7-Халқаро танловида фортепиано бўйича иштирок қилиб, сертификат билан такдирланди.

Ёш мусиқачи 2017-йили декабрь ойида ўтказилган «Камалак юлдузлари» болалар ижодиёти республика фестивалининг Хоразм вилояти босқичида 1-даражали дипломнинг ҳам соҳиби бўлганди.

«Неварам Шохруххон эндигина ўн икки ёшга кираяпти. Болажоним шу ёшида 15та диплом, сертификат ва фахрий ёрлиқ олишга эришди. Урганч туманидаги Чаккашоликор қишлоғида туғилган неварагинамнинг ютуқлари мамлакатимизда болаларга яратилган имкониятлар туфайли десам арзийди»,-дейди Тамара Мамутбаева.

Тамара хурсанд бўлганича бор. Эри бир умр битта жойда колхознинг трактор гаражида механик бўлиб ишлади. Тамара ҳам Урганч шаҳридаги телефон алоқаси идорасида узок йиллар алоқачи яъни телефонистка ва бўлим бошлиғи вазифаларида ишлаб нафакага чикди. Эр -хотин болаларининг санъаткор бўлишини орзу қилишар эди. Ота-онанинг орзусини Шохруххон ва унинг дадаси-Абдукодиров Азамат амалга оширди.

Азамат Урганч шаҳридаги санъат коллежида қашкар рубоби бўйича сабоқ беради. Моҳир педогог. Бувисининг орзусини амалга ошираётган Шохруххон эса бу йил 19-сонли ўрта мактабнинг 6-синфига ўтди. Мактабда аъло баҳоларга ўқиш билан бирга бўш пайтларида Урганч туманидаги 11- сон Болалар мусика ва санъат мактабига катнайди ва фортепиано мутахассислиги бўйича 3-синфига ўтди. Шу ўтган қисқа вақт ичида у кўплаб кўрик- танловларга қатнашиб улгурди. Ёш мусиқачининг қўлга киритган ўн бешта диплом, сертификат ва фахрий ёрлиқ олиши осон кечгани йўқ. Бунинг орқасида машаққатли меҳнат, узлуксиз машғулот, тинимсиз изланиш бор. Шохруххон ҳозирги кунда ёзги таътил бўлишига қарамай фортепиано мутахассислиги бўйича устози — Атажанов Зокир билан дарс машғулотларини давом эттирмоқда.

«Эрим бўлганида ҳозир Шоҳруххоннинг ютуқларини кўриб боши осмонга етарди. Чунки, машҳур ҳинд артистига ҳавас қилиб унинг номни қўйган эди»-дейди Тамара. — Эрим 2012 йил Оллоҳнинг иродаси ила дунёдан ўтди. Бир қиз, икки ўғлимиз бор. Каттаси кизим Олтиной ўзидан тинган, уйли-жойли, фарзандли. Катта ўғлим Илҳомбой ҳам ўғил — қизларнинг отаси. Катта ўғлимнинг невараси орқасидан чевара кўриб, қўлидан сув ичишга муяссар бўлдим. Чеварамга раҳматлик қайнотамнинг исмини бериб, Абдуқодир деб қўйдик. Алҳамдулиллаҳ ўзига шукур Оллоҳим шу бахтли онларга етирди, шуларнинг бахту камолини кўриб ўтирибман. Икки келин билан бир ҳовлида аҳил-иноқ яшардик. Шукрки, ўзидан кўпайишаяпти, катта хонадонга катта ҳовли керак. Замон талаби шу экан. Кичик ўғлим оиласи билан яқинда янги иморатга кўчиб ўтди, янги иморат ҳам ёнимизда.-дейди Тамара хурсанд бўлиб, фарзандларини алқаб.

Момоларимиз эъзозлаган урф-одат ва қадриятларимизни авайлаб-асраган ҳолда уларни замонавий талаблар асосида ривожлантираётган, фарзандларини элга камарбаста бўлишига кўмаклашаётган Тамаранинг турмуш тарзи, нафақага чиқиб чор -атрофини гулларга буркаб ўтиргани ҳам бахт. Маҳалланинг ободончилигига, хонадонининг фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган Тамаранинг хонадонига омадлар тилаб қоламиз.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди кўмагида тайёрланди.

Раъно ЗАРИПОВА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.