Президент Шавкат Мирзиёев Гулистон шаҳридаги “Омон мед фарм” корхонасида бўлди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Бу ерда асосан маҳаллий доривор ўсимлик ва хомашёлардан йилига 2 миллион 400 минг қадоқ фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Корхонада тайёрланаётган антибиотик, таблетка, ампулали ва инфузион дори воситалари шифохоналар ва дорихоналарга етказиб берилмоқда. Шунингдек, маҳсулотларнинг бир қисмини қўшни мамлакатларга экспорт қилиш режалаштирилган.
Корхонада қарийб минг киши меҳнат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари корхонанинг иш жараёни, келгуси режалари билан танишди.
Ушбу масъулияти чекланган жамият тиббиёт кластери шаклида ривожланмоқда. Унинг ҳузурида клиника, мактаб ва университет қурилмоқда.
Президентииз корхонада тайёрланаётган дори турларини кўпайтириш ва экспорт қилишга амалий кўмаклашиш бўйича топшириқлар берди.
Сирдарё вилоятида ишлаб чиқарилаётган фармацевтика маҳсулотлари ҳам намойиш этилди.
Шу ерда вилоятдаги 6 та янги корхонани ишга тушириш маросими бўлди. Улар – Сирдарё туманидаги “Ривер Мед фарма”, “Евроазия газ бетон”, “Модерн Марбел”, “Пенг Шенг Чарм”, Сайхунобод туманидаги “Тошкент сити голд блок” ҳамда Янгиер шаҳридаги “Интер Трейдинг-груп” масъулияти чекланган жамиятларидир. Уларнинг раҳбарлари видеоалоқа орқали мажмуалар салоҳияти ҳақида ахборот берди.
Қайд этилганидек, “Ривер Мед фарма” корхонасида йилига 42 миллион дона инфузион дори маҳсулотлари тайёрланиб, 250 киши иш билан таъминланади.
“Евроазия газ бетон” қурилиш соҳасига ихтисослашган. У ерда Нидерландия технологияси асосида йилига 450 минг куб газобетон ишлаб чиқарилади, 100 та иш ўрни ташкил этилади.
“Модерн Марбел”да йилига 800 минг квадрат метр мармар кесимлари тайёрланади.
“Пенг Шенг Чарм” йилига 1500 квадрат метр табиий чарм ҳамда 468 тонна желатин ишлаб чиқаришга қувватига эга. Уларнинг асосий қисми экспортга йўналтирилиши режалаштирилган.
“Тошкент сити голд блок” ва “Интер Трейдинг-груп” лойиҳалари 100 фоиз тўғридан-тўғри хорижий инвестиция эвазига амалга оширилган. Биринчисида йилига 300 минг метр куб газоблок ишлаб чиқарилса, иккинчи корхона 45 минг тонна ун тайёрлаш қувватига эга.
Умуман, мазкур корхоналарда 600 га яқин иш ўрни яратилади, уларнинг фаолияти туфайли вилоят ишлаб чиқаришига 37 миллиард сўм, экспортига қарийб 30 миллион доллар қўшилади.
Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, янги корхоналарни ишга туширди.
Давлатимиз раҳбари шу ерда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатлашди.