Бугунги кунда бутун мамлакатимиз аҳолисининг эътибори яна бир синов – Сардоба туманидаги табиий офат асоратларини бартараф этишга, сув тошқинидан азият чеккан юртдошларимизга моддий ёрдам кўрсатишга, маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сирдарёга борганида аҳоли билан учрашиб, офатдан жабрланган ҳар бир инсон алоҳида эътиборга олиниши, ҳамма уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминланишини таъкидлаб шундай деган эди:
– Шундай оғир пайтда ҳаммамиз сизларнинг ёнингиздамиз. Аввало, ҳар бир маҳаллага кириб, ўт ўчириш машиналари ёрдамида сувни қочирамиз. Қурилиш, таъмирлаш ва янги уйлар барпо этиш бўйича халқ билан маслаҳатлашиб иш тутамиз. Ҳаммасини секин-секин жойига қўямиз. Фермерларнинг масаласи ҳам даласига чиққан ҳолда ҳал этилади. Энг муҳими, ўзларингиз соғ-саломат, болаларингиз ёнингизда экан. Кўнгилни тўқ қилинглар. Худога илтижо қиламизки, бизга мададкор бўлсин, охирги кўрганимиз шу бўлсин.
Дарҳақиқат. юртбошимиз таъкидлаганидек, халқимизнинг кўрган кечиргани шу бўлсин. Сув тошқини офати давридан талофатсиз, вазиятни қўлдан бермасдан ўтиш борасида давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиз томонидан ўз вақтида тезкор чоралар кўрилганини ОАВ орқали кузатиб турибмиз. Дамба зудлик билан таъмирланди. Синовли дамларда ҳар бир юртдошимиз сардобаликларга елка тутяпти. Муҳтарам президентимизга кўмакдош бўлишга интилишаяпти.
Айни кунларда маънавий қадриятларимизни эъзозлаб яшаётган меҳр- оқибатли, саховатли ва ҳиммати юксак фазилатли олижаноб халқимиз ҳамжиҳатликда Сирдарёга озиқ-овқат, иссиқ кийим-бош, кундалик эҳтиёж учун рўзғор буюмлари ва бошқа зарур маҳсулотлар юкланган кўмак карвонларини юбормоқда. Аслида бошга оғир кунлар келганида эзгу ниятли инсонлар яхшилик йўлида бирлашади, бир-бирини қўллаб-қувватлаб руҳий мадад беради.
Пойтахтимиздаги Яккасарой тумани ҳокимияти ташаббуси билан туман солиқ бошқармаси ҳамда “BIZNES AZIYA” масъулияти чекланган жамияти ҳомийлигида ташкил этилган автокарвон тўғон ўпирилишидан, сув тошқиниидан азият чекаётганларга моддий ёрдам олиб келди. Автокарвонда гуруч, мош, гречка, ун маҳсулотлари каби 12 турдаги 280 миллион сўмлик озиқ –овқатлар ва рўзғор буюмлари мавжуд.
Азиз яккасаройликлар, амалга ошираётган савобли ишларингиз ўзингизга эзгулик бўлиб қайтсин. Оллоҳим фаолиятингизга омад, касбингизга қут-барака берсин, ҳар бир қадамингизда, нафасингизда файзу тароват уфуриб туришида тилакдошмиз.
Халқимизда “ёмғир билан ер, дуо билан эл яшнайди” деган мақол бор. Дарҳақиқат, халқимиз тақдирнинг қанча-қанча синовларини кўрган, урушнинг оловларида, фронт орқасидаги қаҳатчиликларда бир мушт бўлиб енгиб чиққан, тобланган ва бир тан бир жон бўлиб соғ-омон ёруғ кунларга эришган. Бугун ҳам синовли даврдан ёруғ юз билан ўтамиз, Чунки, сардобаликларнинг ортида бутун Ўзбекистон турибди.
Яна элимизда “Қаторда норинг бўлса юкинг ерда” қолмайди деган матал бор Ҳақ ўгит. Сардоба фожеаси барчани изтиробга солди, оёққа қалқитди. Гоҳ Хоразмдан гоҳ Фарғонадан, яна бошқа вилоятлардан азият чекканларга озиқ – овқат, кийим кечак, кўрпа-тўшак ортган автомашиналар карвони кетма кет Сирдарёга кириб келмоқда. Ушбу ташаббус “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига узвий уланиб кетди. Умумхалқ ҳаракатининг мазмун-моҳиятини чуқур ҳис этган ҳолда хоразмликлар (ижтимоий тармоқ хабарлари) саҳоватпеша омма табиий офатдан азият чекканларга кўмак учун 33 миллион маблағ йиғишибди. Бу эса “эл бир сиқимдан берса тўйдиради” деган халқ мақолининг намоён бўлишидир! Рамазон ойида қилаётган меҳр-саҳоватлари Оллоҳ даргоҳида қабул бўлсин.
Яна ижтимоий тармоқлардаги “Бир хонам бўш. Бир оилани бағримга оламан. Ёки икки оилани бағримга оламан, ёки уч оилани уй билан таъминлаш имкониятим мавжуд” деган чорловлар кўнгилни кенгайтириб юборади. Уларнинг бари уй манзилини ва телефон рақамини қолдиришган. Бу иккинчи жаҳон уруши давридаги фидойиликни эслатади. Дарҳақиқат, бағри кенг ўзбегим не-не синовларни енгиб ўтган, балоларга туриб берган, таъбир жоиз бўлса “тошни кемириб, сувни шимириб” бошига келган фожиаларга юрагидан жой бериб, савобларга чўмилган халқ! Азият чекканларга Сардобаликларга оғир синовли кунларда таҳририятимиз номидан сабр- бардош тилаймиз!
Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист