2018 йилнинг 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида “Baker & McKenzie” (АҚШ) юридик фирмасининг катта партнери Томас Файерстон билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувдан кўзланган мақсад ҳуқуқий соҳада қўшма тадбирларни ташкил этиш ва Ўзбекистоннинг Бутунжаҳон савдо ташкилотига (БСТ) қўшилиши борасида ўзаро хамкорликни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш эди.
Хусусан, муҳокамалар давомида қуйидагиларга эътибор қаратилди:
— “Baker & McKenzie” юридик фирмаси билан биргаликда хуқуқшунослар, аудиторлар, давлат органлари ва хусусий секторнинг турли соҳаларидаги вакиллари иштирокида “комплаенс” (инг. сompliance) масалалари бўйича тренинг ўтказиш;
Маълумот учун: “комплаенс” ташкилотда мавжуд назорат тизимининг бир қисми бўлиб, қонун ҳужжатлари, назорат органлари, саноат бирлашмалари талаблари, ахлоқ кодекслари ва бошқа шунга ўхшаш қоидаларни бажармаслик хавф-хатарлари билан боғлиқдир. “Комплаенс” соҳасидаги қонунлар, талаблар ва стандартлар одатда бозор муносабатларининг тегишли стандартларига риоя қилиш, манфаатлар тўқнашувини олдини олиш, мижозларга адолатли муносабатда бўлиш ва мижозларга маслаҳат беришда виждонли ёндашувни таъминлаш каби масалаларга тааллуқлидир.
— ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг БСТга аьзо бўлишининг ҳуқуқий жиҳатларини муҳокама қилиш;
— “Baker & McKenzie” билан ҳамкорликда юридик кадрлар учун халқаро арбитраж масалалари бўйича курслар ва амалиёт ўташни ташкил этиш;
— Ўзбекистонда тижорат ва инвестиция низоларини ҳал этиш бўйича халқаро арбитраж институтининг очилиши салоҳиятини ўрганиш ҳамда арбитраж қоидаларини ишлаб чиқиш;
— Тошкентда “Baker & McKenzie” офисини очиш.
Учрашув якунида томонлар ушбу тадбирларнинг амалга оширилиши Ўзбекистон бозорини ривожлантиришига, шу жумладан ҳуқуқий соҳани мустаҳкамлашга хизмат қилиши ҳақида якдил фикрга келдилар.