Ватан тимсоллари мақаддасдир

0
1260
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимизнинг мустақил тараққиёти учун ҳуқуқий замин яратди, шу билан бирга демократик ривожланишнинг пойдевори бўлиб хизмат қилаётган давлатимиз, миллатимиз тимсолидир.

Бош қонунимиз давлатимиз, миллатимиз, халқимиз ва юртимизнинг бугуни ва келажагининг ифодачисидир.

Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Конституциясига бағишланган тантанали маросим ўтказилиши мустаққил юртимизда анъанага айланди. Халқимиз ушбу тантанали маросимни ҳамиша орзиқиб кутади. Чунки, мамлакатимиз президенти ўз маърузасида ўтаётган йилни сарҳисоб қилиб, келгуси йилнинг муҳим ва устувор вазифаларини белгилаб беради. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев анъанага биноан бу йилни ”Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”деб эълон қилгани айни муддао бўлди.

 

Давлатимиз рамзларидан бири – байроқ

Мустақил Ўзбекистон аҳли яна бир тантана давлатимиз байроғи қабул қилинган кунни кетма кет нишонлайди.

Конституциямизнинг 5-моддасида шундай дейилади: Ўзбекистон Республикаси қонуни билан тасдиқланган ўзбек давлат рамзлари-байроғи, герби ва мадҳиясига эга”. Байроғи, герби, мадҳияси каби Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳам давлатимиз, миллатимиз, халқимиз ва юртимизнинг бугуни ва келажагининг кўзгуси, тимсолидир.

Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашнинг навбатдан ташқари ўтказилган VIII сессиясида 1991 йил 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси қонуни билан тасдиқланган эди Мана шунга ҳам йигирма олти йил тўляпти.

Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи бугунги Ўзбекистон сарҳадини қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.

Байроқдаги мовий ранг тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва обиҳаёт рамзидир. Бу – яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шухрат ва садоқатни билдиради. Амир Темур давлатининг байроғи ҳам мовий рангда бўлган.

Оқ ранг муқаддас тинчликни ифодалайди, у кун чароғонлиги ва коинот ёритқичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ ранг поклик, беғуборлик, софликни ҳамда ички гўзалликка интилишни ҳам ўзида ифодалайди.

Яшил ранг-табиатнинг янгиланиши рамзи. У умид, навқиронлик ва шодумонлик тимсолидир.

Қизил чизиқлар вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларидир.

Навқирон ярим ой тасвири бизниг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни кунда қўлга киритилган мустаққиллигимиз рамзидир.

Юлдузлар барча учун руҳий қувват, илоҳий тимсол ҳисобланади. Байроғимиздаги 12та юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги қуёш йилномамизга бевосита алоқадордир. Бизнинг 12 юлдузга бўлган эътиборимиз мамлакатимиз сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида”Нужум илми” тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади. Шунингдек, у ўзбек халқи маданияти қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида тушиниш лозим.

Байроғимиз халқаро ташкилот БМТи биносида ҳилпираганда, расмий учрашувларда, спорт майдонларида баланд кўтарилганда қалбимизни фахр туйғуси қамраб олиши ана шундандир.

Мадҳия. Мустақил Ўзбекистон аҳли учун 10 декабрь куни Давлат гимни қабул қилинган кун сифатида тарихга муҳрланган. Конституция шодиёналарига гимн қувончлари қўшилиб кетиши тасодиф эмас. Юртга баланд шуҳрату шукуҳ тилаб уюштирилган гўзал, эъзозли анъанадир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашнинг ХI сессиясида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган эди. Худди шу сессияда 10 декабрь куни Мустақил республиканинг Давлат гимни ҳақидаги Қонун ҳам тасдиқланди.  Мана шунга йигирма олти йил бўляпти.

Мутал Бурхонов мусиқаси, Абдулла Орипов шеъридан иборат гимн. халқимизнинг фахрига, ғурурига айланди. Зеро, “Миллий тимсоллар ва рамзларнинг ҳар бири миллий ғуруримизни, юксалтиришга хизмат қилади.  Уларнинг ҳар бири-катта бир дарслик, кучли тарбия воситасидир”, дейди мамлакатимиз биринчи президенти И. Каримов. Бу айни ҳақиқат! Мамлакатимиз бош Қомуси ва гимни қабул қилинган ушбу сессияда депутат сифатида қатнашган болаларимнинг отаси, Республикада хизмат кўрсатган журналист Намоз Саъдуллаевнинг уйга қувонч билан кириб келганлигини ҳамон эслайман. У ҳаяжон билан шундай деган эди: ”Мустақиллик том маънода мустаҳкамланди. Кеча Конституциямиз қабул қилинган бўлса, бугун мадҳиямиз тарих саҳифаларига муҳрланди. Энди у мамлакатимизнинг рамзи сифатида жаҳон сиёсат майдонларида жаранглайди. Ватан мустақиллиги, тинчлиги, фаровонлиги, тараққиёти абадий бўлсин.  Энди ягона Ватан, ягона тақдирмиз» деган эди. Ва у завқ-шавқ билан Чўлпоннинг йиллар давомида таъқиқланган оловли шеърини жаранглатиб ўқиган эди.

Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир.

Халқ исёндир, халқ оловдир, халқ ўчдир

Халқ қўзғолса куч йўқдирким тўхтатсин,

Қувват йўқким, халқ истагин йўқ этсин.

Миллий ғурур, миллат ифтихори у кишини руҳлантирган эди. Миллий ғурур шундай кучли руҳий ҳолатки, у туфайли тарихий яхлитлик, тил, маданият, маънавият, иқтисодий ҳаёт ва келажак бирлиги миллат вакилларининг қалбида чуқур ўрин олиб,  миллий бирдамлик туйғусини уйғотади. Миллий бирдамлик эса етук ва мукаммал маънавий фазилат сифатида қадрланади.

Мустақил Ўзбекистон гимнининг мақсад-муддаоси мурғак жондаги шахсни уйғотиш, юксак ижтимоий мурод-мақсадлар мезонларига мувофиқ равишда камол топтиришдан иборатдир.

Бундан кўп йиллар олдин журналист сифатида Шовот туманида мустақиллик шарофати билан янги очилган хусусий болалар боғчасига кирдим. Қўлини кўксига қўйиб гимнни куйлаётган жажжи болаларни кўриб тўлқинланиб кетдим. Улар орасида эндигина тил чиқараётган жажжи гўдаклар ҳам бўлиб, улар ҳам завқ-шавқ билан гимнга жўр бўлишаётган эди. “Ҳар кунги фаолиятимизни гимни куйлаш билан бошлаймиз” – деди тарбиячи.

Бу гўзаллик, меҳр-муҳаббат қалбимни нурлантирди. Мени невараларим ҳам гимнни билармикан деб ўйланиб қолдим. Тошкентга қайтгач, катта неварам Расулбекдан гимнни ёддан ўқиб беришни сўрадим. У қўлини кўксига қўйиб бирор сатрини туширмасдан ифодали ёдлади. Унинг ёнида турган иккинчи неварам Ойбек эса “бувижон мен энди гимнни сизга куйлаб бераман” дедида қўлларини кўксига қўйди. У куйлашга бошлаганида ёнида турган неварам Мадина ва жиянларим ҳам қўшилди. Хонани бир қучоқ болаларнинг қўшиқлари қамраб олди. Менинг қалбим эса яйради.

Ҳа, бу дунёга ҳар биримиз меҳмонмиз! Фақат Ватангина мангу! Инсондаги эзгулик, яхшилик қолади. Имон-эътиқод эса абадий! Ана шу эзгуликни, имон-эътиқодни авлодлардан авлодларга узатувчи авлод ҳам бугунги болаларимиздир!

Зеро, эндиликда Истиқлолни авайлаш ўзлигини авайлаш эканлигини ёшу қари билади. Истиқлол билан, юртимизга қадриятларимиз, анъаналаримиз баҳор қалдирғочлари янглиғ қайтиб келди. Маданиятимиз, санъатимиз, тарихимиз, ғуруримиз, миллийлигимиз қадр топди. Гимн бизнинг миллийлигимизни ҳам ўзида ифода этади.

Гимн янграяпти. Мен нимани қалбга туяман?! Мустақиллик йилларида республикада пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик, пиллачилик, мева-сабзавотчилик соҳалари, саноатнинг газ, нефт, қимматбаҳо металлар қазиб чиқариш турлари кенг ривож топди.

Тонг билан телевизорни қўяман. Гимнни эшитиб туриб кундалик фаолиятимни бошлайман. Мен нимани қалбга туяман?! Ватанимизнинг узоқ ўтмишдан садоси – маънавияти, маданияти, маърифати дунё каби қадимий ва улуғворлигини қалбга туяман! Аждодларимиз меҳнатининг маҳсули бўлмиш ғоят қимматли ва энг қадимий қўлёзма “Авесто”даги гўзал битиклар ҳам ана шундан далолат беради. Мамлакатимизда асрлар мобайнида яратилган, ривожлантирилган ғоят катта илм, мўъжизакор ижодий меҳнат ҳам бор. Жаҳон илм дурдонасига беҳисоб ҳисса қўшган Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Форобий, Фарғоний, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюкдан  буюк алломаю саркардаларимиз билан фахрланаман!

Гимн янграяпти… Мен нимани қалбга туяман?!. Қайта тикланган гўзал ва улуғвор тарихимиз, истиқлол берган буюк ўзгаришлар, юрт кенгликлари, оппоқ пахтазору хирмон – хирмон пахта уюмлари, шиғил-шиғил етилган мевали гўзал боғларимиз, саф бўлиб учаётган турналардек кенг ва равон кўчаларимизда тизилган миллий автомашиналаримиз, она заминимиз туҳфаси-ғиштга монанд сап-сариқ товланаётган тиллаларимиз, тандирдан янги узулган нондек кўзни қувонтирувчи нашрларимиз кўз олдимдан бир-бир ўтади.

Юртимиз мадҳияси янграганда… болаларимизнинг кўзларидаги ёлқинланган учкунлар, халқаро спорт майдонларида ҳилпираётган байроғимиз гавдаланади.

Гимн оҳанглари таралаётганда… Мустаққиллигимиз тимсоли мамлакат Президентининг халқаро сиёсат майдонларига ташрифи вақтидаги янграган Ватан тимсоли байроқимизнинг ҳилпираши ифтихор туйғуларига чўлғаб тўлқинлантириб юборади. Сиёсий раҳбаримизнинг халқаро минбарларда байроғимиз остида ўқиётган мараърузалари, мунозаралари гавдаланади.

Гимн янграганда… Йигирма олти йил ичида босиб ўтган йўлимиз босқичма-босқич амалга оширилган тарақиёт йўлимиз, ўзбек модели кўз олдимиздан бир-бир ўтади. Мамлакатимиз эришган даражалар жаҳоний мезонларга муқояса қилинганида қувончларимиз гавдаланади…

Мадҳия янграганда… Истиқлол билан халқимиз бошқа халқларнинг гўзал тажрибасидан, умуминсоний қадриятларидан ўрганиб, ўзининг илдизларига – халқ салоҳиятининг муносиб ўзанларига, асрлар давомида қарор топган ахлоқий мезонларга суяниб, ўзига хос, ўзига мос йўлни танлаб олди. Агар эътибор берсангиз нафақат одамзотнинг, балки миллатларнинг, давлатларнинг ҳам яшаш тарзи, юксалиш аъмоллари ана шундан иборат! Изланиш, ўрганиш, яратиш… Зеро, юксалишни кўзлаган ҳар қайси мамлакат ўзи белгилаган ёруғ манзил сари босқичма-босқич қадам қўйиб, ўз қадриятларига ва жаҳон тажрибаларига таяниб юқорилаб бораверади. Шу маънода давлатимиз ҳам мустаққилликни мустаҳкамлаш жараёнида мураккаб йўлни босиб ўтди.

Гимн янграяпти…

Бунинг замирида эса озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт яратиш мақсади жамулжам бўляпти…

Мадҳия янграяти… Бизда эса эртанги кунга ишонч туйғуси кучаяди, у қалбларга қувонч, вужудларга ҳайрат, руҳиятга шижоат бахш этади.

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.