Сиёсий жараёнлар кўтаринки руҳда ўтди

0
22
марта кўрилган.

Марказий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, соат 13:00 ҳолатига кўра, 19 944 859 нафар сайловчидан 9 948 589 нафари ёки 47,62 фоизи овоз беришда иштирок этди.

Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Кучкаровнинг билдиришича, қонунчиликда сайловда сайловчиларнинг 33 фоизи иштирок этса, сайлов ўтган деб топилади. Бу Сайлов кодексининг 96-моддасида белгиланган. Шу сабаб, 27 октябрдаги депутатлик сайловлари ўтган деб ҳисобланди.

Ўзбекистонда бу галги парламент сайловлари мамлакатимиз мустақиллиги эълон қилганидан бери биринчи марта  мажолитар –пропорционал (аралаш-мутаносиблик) усулидан фойдаланилган ҳолда ўтказилди. Қонунчилик палатасидаги 150 ўриндан 75 нафар депутат бир мандатли сайлов округлари бўйича янги беш йиллик муддатга сайланди. Сиёсий партиялар учун берилган овозлар асосида эса Қонунчилик палатасига  яна 75 нафар депутат ишга ўтади.

Эслатма: Ўзбекистон мустақил давлат бўлганидан бери парламент сайловлари  кетма-кет еттинчи маротаба ўтказилмоқда..

Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлганидек, пойтахтнинг Яккасарой туманидаги Юнус Ражабий маҳалласининг 91-сон мактабида жойлашган 573- сайлов участкасида ҳам сиёсий жараёнлар кўтаринки руҳда ўтди. Сайлов участкаларига овоз беришга келган юртдошларимиз билан суҳбатлашар эканмиз, уларнинг мазкур сиёсий жараёнга бефарқ эмасликларини, келажак учун бирдек масъул эканликларини ҳис қилаётганлиги барчамизни мамнун этди. Зеро, янги Ўзбекистондаги барча ислоҳотлар бир мақсадга – ҳар бир инсоннинг ушбу юртда эркин яшаши ва Ватан келажаги бўлган болаларнинг баркамолликка эришиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган.

Мен ҳам сайлов нималигига қизиқаётган кичкинтой невараларим Юсуфбек ва Сулаймон билан бирга чиқиб, юртимиз равнақи учун ўз овозимни берганимдан хурсанд бўлдим. Ватанимизнинг порлоқ келажаги, юрт тинчлиги, мусаффо осмони, оилалар фаровонлиги барқарор бўлиши ва ҳар биримизнинг касби-корларимизга қут-барака тилаб  дуолар қилиб, қайтдик.

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Видео лавҳа ва монтажни неварам Юсуфбек Саъдуллаев амалга оширди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.