Сиёсий партияларга сайловларда қатнашишига ижозат берилди

0
197
марта кўрилган.

2019 йил 15 октябрь куни соат 11.00 да Халқаро матбуот марказида Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши видеоселектор тарзида бўлиб ўтди.

Марказий сайлов комиссияси аъзолари, сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этган йиғилиш кун тартибига “Сиёсий партияларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида қатнашишига ижозат бериш тўғрисида”, “Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ҳаражатлар сметаси тўғрисида”, “Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча киритиш ҳақида”, “Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Н.Раджаповнинг ваколатини муддатидан илгари тугатиш тўғрисида”ги тўртта масала киритилган.

Аввал хабар берилганидек, 2019 йил 10 октябрдан бошлаб мамлакат сиёсий майдонида фаолият олиб бораётган бешта сиёсий партия ваколатли вакиллари томонидан Марказий сайлов комиссиясига Сайловчилар томонидан сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб қувватловчи имзолари қўйилган имзо варақалари тақдим этилди.

11-14 октябрь кунлари имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш учун Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилган таркибига МСКнинг доимий асосда ишловчи аъзолари ички ишлар ва адлия органларининг хатшунос экспертлари, мутахассислари, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жалб этилган Эксперт гуруҳи тешкшириб чиқиб, ижобий хулоса берди. Ушбу жараёнда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари ҳам қатнашдилар.

Бугунги йиғилишда Марказий сайлов комиссияси томонидан Эксперт гуруҳининг ижобий хулосаларига мувофиқ “Сиёсий партияларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида қатнашишига ижозат бериш тўғрисида” қарор қабул қилинди.

Кун тартибидаги иккинчи масала ҳам қизғин муҳокамалар асосида ўтди, жумладан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир харажатлар сметаси тасдиқланди. Унга кўра сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг бир номзод ҳисобига тўғри келадиган миқдори қуйидагича белгиланган:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод учун – 10 832 000 (ўн миллион саккиз юз ўттиз икки минг) сўм;

Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгаши депутатлигига номзод учун – 2 000 000 (икки миллион) сўм;

Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгаши депутатлигига номзод учун – 1 000 000 (бир миллион) сўм.

Олдинги сайловларда Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзодлар учун маблағ ажратилмаган. Бу йилги Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар – шиори остида юқори савияда ташкил этилган сайловларда Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзодлар учун ҳам бюджет маблағларининг ажратилиши, нафақат Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига, балки, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатлигига ҳам сайловлар жараёни, номзодлар ўртасидаги дебатлар, сиёсий партиялараро соғлом рақобат ва ҳар бир депутатлик ўрни учун кураш қизғин кечишидан далолатдир.

Кун тартибидан ўрин олган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Йиғилиш сўнгида соат 12.00 дан -12.30 га қадар тўғридан-тўғри эфирда МСК раисининг кун тартибидаги масалалар юзасидан брифинги бўлиб ўтди ва брифинг сўнгида бешта сиёсий партия ваколатли вакилларига (партия раиси ўринбосарларига) Марказий сайлов комиссиясининг “Сиёсий партияларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида қатнашишига ижозат бериш тўғрисида”ги қарори тантанали равишда топширилади. Шундан сўнг бешта сиёсий партия ваколатли вакиллари билан ОАВ вакиллари ўртасида савол-жавоб тариқасида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

 
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.