СЎЛИМ ВА САЛҚИН анҳор бўйларида оналар  ва болалар учун  махсус чўмилиш соҳиллари ташкил этилса…

0
460
марта кўрилган.

Айни ёз, ҳарорат баланд. Бундай кезларда инсон салқин ва сўлим  жойларни, табиат қўйнидаги кўлларни, ҳовузларни истаб қолади. Албатта, Чорвоқдек хушманзара  табиат қўйнига чиқишга барчанинг имконияти бўлавермайди. Мамлакатимиз пойтахтида сўлим масканлар, жаҳон талабларига мос ёпиқ ҳовузлар жуда кўп. Мактабларда, коллежларда, спорт комплексларида, соғломлаштириш мажмуаларидаги  шарт-шароитларни, имкониятларни кўриб ҳавасинг келади.  Яна шуниси қувонарлики, Тошкент шаҳридаги ҳар бир туманда ўқувчилар учун махсус ҳовузлар ташкил қилинган. Ёз пайтида у ерга ўқувчилар йўлланма билан келиб, бўш вақтларини кўнгилли ўтказишади. Бироқ оилавий борадиган, она ва болалар бирга дам оладиган табиат қўйнидаги масканлар деярли йўқ.

Тошкент шаҳрининг Бешёғоч даҳасидаги  маданят ва истироҳат боғида “Ёшлар” кўли азал-азалдан мавжуд бўлган. Ёз кезларида  сўлим соҳил бағри болажонларнинг янгроқ қўшиқлари, қувноқ овозларига тўла бўларди.  Айни кунда бу ерда таъмирлаш ишлари икки йилдан буён давом этяпти.

Энг асосийси ушбу соҳилда  болали оналар учун махсус чўмилиш майдончаси мавжуд эди. Болаларга аталган майдонча байроқчалар билан ажратиб, безатиб қўйилганди. Бу оналарни эҳтиёт бўлишидан огоҳлантирувчи белги бўлиб, у ерда оналар болалари билан бехавотир чўмилишарди. Бир ёшли бола ҳам қумлар устида мириқиб ўйнаётганини кузатиб хурсанд бўлардик. Ёз гаштини сураётган болаларнинг беғубор ўйинлари  кишига завқ-шавқ бағишларди.

Чор-атрофда эса чўмилиш кийим-кечаклари, сузишга ёрдам берадиган турли хилдаги шиширилган резинали ўйинчоқлар сотиларди. Салқин ичимликлар ҳам йўқ эмас эди. Шунингдек, бу ерда  уйидан ноз-неъматларни олиб келиб тамадди қилиб ўтирувчилар  учун ҳам имкониятлар яратилганди. Стол ва стуллар қўйилганди. Ҳар жой- ҳар жойда фавворадек отилиб турган салқин табиий ичимлик сувлари ҳам жонга ҳузур бағишлаб турарди. Чўмилиш кийимини алмаштирадиган махсус жойлар ва душлар, ҳожатхоналар ташкил этилган эди. Булар бари таҳсинга лойиқ.  У ерга кириш пулли бўлгани учунми ҳар ҳолда тартиб бор эди.

Тошкент шаҳри аҳолисига ҳузур бағишлайдиган иссиқ тафтидан қочиб борадиган жойлардан яна бири  шаҳарни иккига бўлиб оқувчи хушманзара анҳор бўйлари бўлиб, соҳил ҳамиша гавжум бўлади. Айниқса, кейинги йилларда анҳор бўйлари янада ободонлаштирилди. Масалан, Ўрдадан Бешёғоч даҳасигача бўлган соҳиллари қайтадан янада кўкаламзорлаштирилди. Бир пайтлар жарликдан иборат бўлган соҳил тартибга келтирилди. У ерни кузатиб туриб Кисловодскнинг хушманзара жойлариданда гўзал дегим келади. У ерда пиёда юриб соғликни мустаҳкамлаш имконияти бор. Шу билан бирга хушманзара жойлардан баҳраманд бўлиб кайфиятингиз кўтарилади. Энг асосийси бу ерда шаҳарликлар узоқ-узоқлардан келиб бадантарбия машқларини бажараётганини кузатиб, соғлом турмуш тарзига риоя қилиб яшаётган ҳамшаҳарларликларга имконият яратилганидан хурсанд бўласиз. Зеро, санаторийларда махсус соғламлаштириш майдончалари бўлади. Ана шу талабларга жавоб беради. Бу муолажалар ҳам тиббиётдаги даволовчи муолажаларнинг бири, албатта.

Бироқ,  анҳор бўйларида хавфли жойларда чўмилиб юрган, дам олиб ўтирганларни ҳам кузатиш мумкин. Масалан, анҳорнинг Бешёғочга яқин жойида гидроэлектр станция бор. У шаҳримизнинг баъзи жойларини электр энергияси билан таъминлайди.  Унинг ёнида табиийки, гирдоб ҳам йўқ эмас. Бу ерда кўнгилсиз ҳодисалар бўлганлигини ҳам кўрганмиз. Ана шу ер станциянинг ёнгинаси катталар-у ўсмирлар чўмиладиган масканга айланган эди. Бу йилги кўнгилсиз воқеадан кейин анҳор бўйларига  панжара қўйилди. Чўмилиш тақиқланди. Айни муддао бўлди. Чунки, ундан сал нарида эса болалар майдончаси бўлиб, ярим ялонғоч одамлар олдида болаларини ўйнатиб юриш ҳам ноқулай эди.

Лекин чўмилишни истовчиларни учун ҳам шарт-шароитлар яратиб бериш лозим. Бунинг учун мамлакатимиз пойтахтига салқинлик бахш этиб турган анҳорнинг бўйларида  бир пайтлар “Ёшлар” кўлида ташкил қилинганидек махсус чўмилиш майдончалари бунёд этилса мақсадга мувофиқ бўларди.

Масалан, Миллий боғ ёнидан оқиб ўтувчи анҳорнинг соҳиллари бетонлаштириб тартибга келтирилган.  Мазкур соҳил она ва болалар учун чўмилиш соҳилчаси ташкил этилишига жуда қулай. Ёки, анҳорнинг Оқтепа мавзесидан оқиб ўтувчи соҳилларида ҳам оммавий дам олиб, чўмилишни ташкил этишга мос жойлар мавжуд. Ундай жойларни анҳор бўйларидан  изланса истаганча топилади.

Тошкент шаҳрини тенг иккига бўлиб оқиб ўтувчи анҳор бўйларининг табиати гўё мусиқадек оҳанграболи! Оҳанглари дилларга ҳузур бағишлайди. Бироқ, сув бўйига қурилган чойхона, ошхоналарни айтмасангиз бу ерда инсонга яратилган табиат билан уйғунлашган оромгоҳ -соҳиллар жуда кам.

Инсон бахтли ҳаёт кечириш учун дунёга келади. Бахтли ҳаёт асосида эса табиат ётади. Инсон табиатга нисбатан комил гўдакдай, гўдак эса она боғрига ҳамиша интилади. Зеро, инсон асли табиат маҳсули, табиатнинг бир бўлаги! Борлиқнинг жамики гўзалликлари ҳам инсон учун яратилган. Гўзал табиат, сўлим масканлар саломатлик манбаи, руҳиятга осойишталик бағшида этади. Дилларга ҳузур бағишлаб, кайфиятни кўтаради. Бу эса соғломлик гаровидир. Руҳан ва жисмонан соғлом киши  эса эл таянчидир.

Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.