Нурмагомедов Макгрегорни таслим қилди. Жангдан кейин можаро юзага келди

0
236
марта кўрилган.

Лас-Вегасда UFC нинг икки вазн тоифасидаги собиқ чемпиони ирландиялик Конор Макгрегор ва ташкилотнинг енгил вазн тоифасидаги чемпиони россиялик Хабиб Нурмагомедов ўртасида UFC 229 мусобақаси доирасида кечган жангда россиялик спортчи ғалаба қозонди.

Дастлаб қафас ичига «The Foggy Dew» қўшиғи садолари остида ирландиялик спортчи кириб келди, Нурмагомедов эса «Мой Дагестан» қўшиғи билан чиқди. Трибунадагиларнинг аксарияти Макгрегорни қўллаб-қувватлашаётганди.

Биринчи раундда томонлар бир-бирини ўрганишди, мухлислар ҳуштакбозлик қила бошлашди.

Иккинчи раундда Нурмагомедов кетма-кет зарбалар бериб, Макгрегорни йиқитиб олиб, уни қийнай бошлади. Ирландиялик спортчидан қон оқа бошлади.

Учинчи раундда ҳам Макгрегор суст ҳаракатланди, Нурмагомедов фаолликни давом эттирди.

Тўртинчи раундда икки томон ўртасида зарбалар алмашинуви кечди, раунд давомида Нурмагомедов Макгрегорни бўғиб олди ва ирдандиялик спортчи таслим бўлди.

Шу тариқа, Нурмагомедов енгил вазн тоифасидаги чемпионлик камарини сақлаб қолди.

Бу Нурмагомедов учун фаолиятида 27 жангдаги 27-ғалаба бўлди, Макгрегор тўртинчи марта мағлуб бўлди, у 21 жангда ғалабага эришган.

Жангдан кейин эҳтирослар октагон ташқарисида ҳам давом этди. Нурмагомедов аввалига Макгрегорнинг олдига келмоқчи бўлди, уни яқинлаштиришмагач, залга чиқди ва Конорнинг жамоадошларига ташланди. Худди шу вақтда Нурмагомедовнинг жамоадошлари октагон ичига кириб, Макгрегор билан муштлаша кетди. Вазиятга полициячилар ва қўриқчилар аралашишди.

UFC раҳбари Дэйн Уайт Нурмагомедовга Макгрегорга мухлислик қилган омма олдида камарни топшира олмаслигини тушунтирди ва янги жанжал авж олмаслиги учун ташкилотчилар иккала спортчини ҳам трибуна остига олиб ўтиб кетишди.

Уларнинг иштирокисиз ва камарни тантанали топшириш маросимисиз Нурмагомедов ғолиб деб эълон қилинди.Нурмагомедовни эндиликда жарима ва санкциялар кутмоқда.

 
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.