Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат ва жамиятнинг турли соҳалари ислоҳ қилиниб, улар доирасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, бизнес муҳитини яхшилаш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация ва модернизация қилиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, шунингдек, ташқи савдо, солиқ ва молия сиёсатини либераллаштириш бўйича аниқ чоралар кўрилди.
Шу билан бирга, бугунги кунда жаҳондаги тез ўзгарувчан сиёсий-иқтисодий вазият миллий иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш, аҳолининг яшаш шароитларини янада яхшилаш ва инсон капиталини юксалтириш бўйича янги йўналишларда таъсирчан ислоҳотларни амалга оширишни тақозо этмоқда.
2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга оширишни самарали ташкил этиш, ислоҳотларнинг узвийлигини таъминлаш орқали уларни амалга оширишда ягона ёндашувларни шакллантириш ва жорий этиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Стратегик ривожланиш агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ташкил этилсин.
2. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда алоҳида соҳа ва тармоқларни ислоҳ қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, уларнинг амалга оширилишини ташкил этиш ва назорат қилиш;
соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган ислоҳотларни танқидий таҳлил қилган ҳолда уларнинг самарадорлигини баҳолаш, расмиятчилик, сансалорлик ва коррупциявий ҳолатларга шароит яратувчи тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича чоралар кўриш;
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва давлат дастурларининг ижросини мониторинг қилиш асосида уларнинг тўлақонли ва сифатли амалга оширилишини мувофиқлаштириш;
халқаро молия институтлари, чет эл ташкилотлари ва хорижий мутахассисларни ҳамда беғараз кўмак маблағларини жалб қилиш ишларини тизимли ташкил этиш, улар бўйича ахборот
ва ҳисоботларнинг маълумотлар базасини яратиш;
давлат иштирокидаги корхоналарни трансформация қилиш, жумладан ҳисоботларни халқаро стандартлар асосида тузиш, бошқарув органлари таркибига мустақил аъзоларни киритиш ва соҳага оид бўлмаган активлардан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлигини мониторинг қилиш.
3. Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигининг кенгаши (кейинги ўринларда – Кенгаш) 1-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.
Белгилаб қўйилсинки:
Кенгаш Агентлик фаолиятининг устувор йўналишларини, самарадорлигининг асосий кўрсаткичларини, унинг фаолияти билан боғлиқ бошқа қарорларни, шунингдек, Агентлик томонидан ўз олдига қўйилган вазифаларни амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар, “йўл харита”лари ва дастурларни тасдиқлайди;
Кенгаш мажлислари Кенгаш раиси ёки унинг топшириғига мувофиқ раис ўринбосари бошчилигида ўтказилади;
Кенгаш мажлисларида қабул қилинган қарорлар барча давлат органлари ва ташкилотлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган баённомалар билан расмийлаштирилади.
4. 2022 йил 1 октябрдан бошлаб соҳа ва тармоқларда ислоҳотларни амалга ошириш, уларни мувофиқлаштириш ҳамда натижадорлигини баҳолаш тартиби жорий этилсин ва унга кўра Агентлик:
а) алоҳида соҳа ва тармоқларни ислоҳ қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича:
ҳар йили 1 октябрга қадар кейинги йил учун ислоҳ қилинадиган тегишли соҳа ва тармоқлар бўйича иш режани тасдиқлаш учун Кенгашга киритади;
маҳаллий ва хорижий экспертлар, тегишли вазирлик ва идораларнинг вакилларини (асосий иш жойидаги иш ҳақи сақланган ҳолда) жалб этган ҳолда Агентлик ходими раҳбарлигида лойиҳа гуруҳларини (офисларини) шакллантиради;
лойиҳа гуруҳлари (офислари) томонидан жорий ҳолатнинг чуқур таҳлил қилиниши, баҳоланиши ва таклифлар ишлаб чиқилиши бўйича техник топшириқни шакллантиради ва консалтинг ташкилотларини жалб этган ҳолда тегишли соҳа ва тармоқларни ислоҳ қилиш бўйича “йўл харита”ларини ишлаб чиқади;
“йўл харита”ларидаги концептуал масалалар бўйича қарор қабул қилиш учун Кенгаш мажлисини ўтказиш ташаббуси билан чиқади;
соҳа ва тармоқларни ислоҳ қилиш бўйича “йўл харита”лари, жумладан уларда назарда тутилган масалалар юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ёки унинг ишлаб чиқилиши
ва келишилишини мувофиқлаштиради;
ислоҳотларга доир қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини доимий мониторинг қилади, уларни амалга оширишга тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлаб, бартараф этиш чораларини кўради;
б) тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ислоҳотларнинг амалга оширилишини баҳолаш бўйича:
ҳар йили 1 ноябрга қадар Агентликнинг тегишли соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган ислоҳотларни баҳолаш бўйича иш режасини тасдиқлаш учун Кенгашга киритади;
мустақил эксперт ва мутахассисларни жалб этган ҳолда ҳар бир соҳа ва тармоқ бўйича экспертлар гуруҳларини ташкил этади;
ҳар чоракда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини баҳолаб боради ва эришилган натижалар, камчилик, муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таклифларни кўрсатган ҳолда баҳолаш якунлари тўғрисида Кенгашга ахборот киритади;
ислоҳотларни амалга ошириш ҳолати бўйича вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботини Кенгашда кўриб чиқиш учун унинг мажлисини ўтказиш ташаббуси билан чиқади.
5. Белгилансинки:
соҳа ва тармоқларни ислоҳ қилиш бўйича “йўл харита”ларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ҳамда ушбу жараёнларни баҳолаш учун консультантлар Агентлик томонидан ёки у билан келишилган ҳолда жалб этилади;
масъул вазирлик ва идоралар лойиҳа гуруҳлари (офислари) ва консалтинг ташкилотлари фаолият кўрсатиши учун беғараз равишда етарли шароитларни (бино, хона, техника воситалари ва бошқалар) яратади;
соҳа ва тармоқларни ислоҳ қилиш бўйича “йўл харита”ларини амалга ошириш бевосита масъул вазирлик ва идора томонидан амалга оширилади ва уларнинг биринчи раҳбарлари мазкур масалалар юзасидан жавобгар ҳисобланади;
масъул вазирлик ва идоралар соҳа ва тармоқларни ислоҳ қилиш ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарни трансформация қилиш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида кейинчалик Кенгашга киритиш учун Агентликка ҳар ойда маълумот тақдим этади;
Адлия вазирлиги ҳар чоракда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва давлат дастурларининг ижроси бўйича умумлаштирилган таҳлилий маълумотни Агентликка киритиб боради.
6. 2022 йил 1 октябрдан бошлаб қуйидаги тартиб жорий этилсин:
а) соҳа ва тармоқларни ислоҳ қилиш жараёнларига халқаро молия институтлари, чет эл ташкилотлари ва хорижий мутахассисларни ҳамда беғараз кўмак маблағларини жалб қилиш Агентлик билан келишилган ҳолда амалга оширилади;
б) халқаро молия институтлари ва халқаро ташкилотлар миссиялари томонидан ислоҳотлар дастурлари, жумладан мамлакатни комплекс баҳолаш Агентлик билан ҳамкорликда ўтказилади;
в) ҳар бир вазирлик ва идора халқаро ташкилотлар, молия институтлари ва экспертларнинг расмий хулоса ва ҳисоботларини улар тақдим этилган кундан кейин бир ҳафта муддатда Агентликка тақдим этади. Бунда, мазкур Фармон қабул қилингунга қадар тайёрланган ҳисобот ва хулосалар 2022 йил 1 ноябрга қадар Агентликка тақдим этилади;
г) ҳар чорак якунига кўра Кенгаш мажлиси ўтказилади ва унда қуйидаги масалалар муҳокама қилинади:
мамлакатни стратегик ривожлантиришнинг жорий ва истиқболдаги режалари ва уларни амалга ошириш бўйича таклифлар;
ислоҳотларни самаралари амалга оширишга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ манзилли чора-тадбирлар;
ҳудудларда очиқ мулоқотлар доирасида аҳолининг билдирган фикр ва мулоҳазалари асосида ҳудуддаги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳолат, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича чоралар.
7. Белгилансинки:
мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда тегишли соҳаларда комплекс ислоҳотларни чуқурлаштириш ва либераллаштириш борасидаги стратегик масалалар юзасидан ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг мақсадга мувофиқлиги Кенгаш мажлисларида кўриб чиқилади;
Кенгаш томонидан мақсадга мувофиқ деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун киритилади, бунда мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини бошқа идоралар билан келишиш талаб этилмайди.
8. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
9. Белгилаб қўйилсинки:
Агентлик бош директори ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
Агентлик бош директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчисига тенглаштирилади,
бош директорнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари эса тегишлича Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарларига тенглаштирилади;
Агентлик ходимлари Агентлик бош директори томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари билан келишилган ҳолда лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
Агентлик ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Ижро этувчи аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари ва иш ҳақи миқдорлари татбиқ этилади.
10. Ўзбекистон Республикаси Стратегик ривожланиш агентлигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Агентликка ўтказилсин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) этиб қайта номлансин.
Белгилансинки:
Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда тасарруф этилади;
Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари томонидан белгиланади.
11. Белгилаб қўйилсинки Давлат бюджети маблағлари, Жамғарма маблағлари, Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари, вақтинча бўш маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар Агентлик фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.
12. Белгилансинки, Агентлик ўз вазифаларини амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқлардан фойдаланади:
ислоҳотлар йўналишлари бўйича лойиҳа гуруҳларини (офисларини) ташкил этиш, консалтинг ташкилотларини жалб этиш ҳамда малакали хорижий мутахассисларни ишга қабул қилиш ва уларга иш ҳақини миллий ёки чет эл валютасида тўлаш;
давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмалари мутахассислари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, илмий-тадқиқот институтлари ходимлари, шунингдек, маҳаллий ва хорижий олимлар ҳамда мутахассисларни шартнома асосида тадқиқот ва таҳлил олиб бориш ишларига жалб қилиш;
халқаро молия институтлари, халқаро ташкилотлар ва экспертлар билан ҳамкорлик бўйича ва бошқа шартномаларни тузиш;
давлат органлари ва ташкилотларидан зарур статистик, таҳлилий ҳамда бошқа маълумотларни сўраш ва олиш;
давлат органлари ва ташкилотларининг электрон ахборот тизимларидан бепул фойдаланиш ҳамда ушбу тизимларни Агентликнинг электрон тизимларига интеграция қилиш.
13. Вазирлар Маҳкамаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда Агентликни жойлаштириш чораларини кўрсин.
14. Агентлик:
бир ой муддатда Агентлик тўғрисидаги низомни, харажатлар сметасини, Агентлик ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини, шунингдек, Агентлик ҳамда у томонидан ташкил этиладиган лойиҳа офислари фаолиятини молиялаштириш манбаларини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарига тасдиқлаш учун киритсин;
икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни киритсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг раҳбар ходимлари, мутахассислари ва хизматчиларини моддий рағбатлантириш ва меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3976-сон қарорига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш
ва қўшимча киритилсин.
16. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев