Судьяларнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мустақиллигининг кафолатлари кучайтирилди

0
113
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинган куннинг 25 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимдаги нутқидан:

Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга экани, жиноят содир этишда айбланаётган шахснинг айби судда аниқ бўлмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги тўғрисидаги конституциявий нормаларни амалда таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилди.

Албатта, бу қоидани ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш, биринчи навбатда, судларнинг чинакам мустақиллиги, уларнинг адолатли фаолият юритиши билан чамбарчас боғлиқ.

Шу мақсадда биз суд тизимини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор бериб келмоқдамиз. Жумладан, ягона суд амалиётини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилди.

Судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизимини яратиш мақсадида Судьялар олий кенгаши таъсис этилди.

Судья лавозимига муддатсиз тайинлаш амалиёти жорий қилинди. Шу асосда судьяларнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мустақиллигининг кафолатлари кучайтирилди.

Ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилди. Эндиликда фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари давлат идоралари томонидан бузилса, улар ҳар бир туман ва шаҳарда тузилган маъмурий судларга мурожаат қилишлари мумкин.

Судларнинг халқ олдидаги масъулиятини ошириш мақсадида янги тайинланаётган судьялар тегишли ҳудуд жамоатчилиги, маҳалла фаоллари муҳокамасидан ўтказилмоқда. Фуқароларнинг ижобий фикри мавжуд бўлган тақдирдагина улар лавозимга тайинланмоқда.

Суднинг тарбиявий ролини кучайтириш, унинг фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, суд ҳукмларини қабул қилишда жамоатчилик фикрини инобатга олишга жиддий эътибор қаратилди.

Шу мақсадда суд ишларини сайёр тартибда кўриш йўлга қўйилди. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида судлар томонидан 373 минг 256 та иш кўриб чиқилган бўлса, шундан 169 минг 289 таси ёки 45 фоизи сайёр суд муҳокамаларида кўрилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.