Табиий офат оқибатлари тезда бартараф этилади

0
267
марта кўрилган.

Республикамиз ҳудудига 27 апрель куни Туркманистон ҳудудидан  кириб келган секундига 9-40 метргача тезликдаги кучли шамол Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида аҳоли ҳаёти, уй-жойлар, автотранспорт воситалари, инфратузилма тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги экинларига катта зарар етказди. Оқибатда бир неча фуқаро жароҳатланиб, бир киши ҳалок бўлди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу табиий офат оқибатларини кўздан кечириш, зарур чора-тадбирларни белгилаш ҳамда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш мақсадида Бухоро вилоятига келди. Вертолётда Қоракўл ва Олот туманларидаги ҳолатни кўздан кечирди. Олот тумани марказида маҳаллий аҳоли вакиллари, фаоллар билан учрашув ўтказилди. 

Давлатимиз раҳбари кечаги кучли шамол кутилмаган ва илгари кузатилмаган табиий офат бўлганини, одамлар турмуши, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларга салбий таъсир қилганини афсус билан қайд этди. 

Халқимиз ҳамжиҳат бўлиб, бундай синовларни кўп енгиб ўтган. Бу сафар ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилиб, талофат оқибатлари тезда бартараф этилади. Энг муҳими, руҳни туширмай, биргаликда курашсак, бу қийинчиликлардан кучли бўлиб чиқамиз, деб таъкидлади Президентимиз.

Турар жойлар ва инфратузилма объектларини таъмирлаш, аҳолига ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди. Қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт тармоқлари, жамоат хавфсизлиги юзасидан тезкор чора-тадбирлар белгиланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига сафари чоғида Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди. Муборак Рамазон кунларида Аллоҳ таолодан халқимизга тинчлик-осойишталик, юртимизни турли бало-офатлардан асрашини тилаб дуо қилинди.  

Бухоро халқаро аэропортида табиий офат оқибатларини бартараф этиш, аҳоли, фермер ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича  вазирлик ва идораларга топшириқлар берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.