Тадбиркорликни жадал ва янада кенг ривожлантириш учун барча шароитларни яратиш – энг муҳим вазифамиздир

0
659
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашувда сўзлаган нутқи

Ҳурматли тадбиркорлар ва учрашувимиз иштирокчилари!

Авваламбор, бугун барчангизни соғ-саломат ва кўтаринки кайфиятда кўриб турганимдан беҳад хурсандман.

Ҳеч шубҳасиз, кейинги йилларда сизлар иқтисодиётимиз ва ислоҳотларимиз таянчига ҳамда локомотивига айландингиз, деб айтишга барча асосларимиз бор.

Сиз каби ишнинг кўзини биладиган, ишбилармон юртдошларимиз тимсолида биз том маънодаги Янги Ўзбекистон бунёдкорларини кўрамиз.

Бу ҳақда сўз юритганда, мамлакатимизда ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келишини таъкидлаш лозим. Ҳозирги кунда ушбу тармоқда 5 миллиондан зиёд аҳоли, айниқса, ёшларимиз меҳнат қилаётгани унинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ҳам ортиб бораётганини кўрсатади. Шу боисдан ҳам агар биз иқтисодиётимизни, ижтимоий соҳани янада юксалтирамиз десак, тадбиркорликни ривожлантириш учун барча имконият ва шароитларни яратиб беришимиз зарур.

Албатта, кейинги 3-4 йилда тадбиркор учун кредит ва субсидия олиш, лицензия, кўчмас мулк ва ресурсларга эга бўлиш, экспорт каби масалаларда кўплаб янги имконият ва шароитларни яратдик. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича мавжуд чекловлар, тўсиқ ва ғовларнинг аксариятига барҳам берилди.

Энг асосийси, эл-юртимиз ўртасида ва давлат идораларида тадбиркорларга нисбатан муносабат ўзгарди, жамиятда уларнинг обрўси ва мавқеи кун сайин тобора ортиб бормоқда. Натижада ички ва ташқи бозорда ўз мустаҳкам ўрнига, нуфузи ва брендига эга бўлган ҳақиқий тадбиркорларимиз синфи шакллана бошлади.

Масалан, биргина Наманган вилоятида – “Chust Textile” (ака-ука Исматуллаевлар), “Art Soft Holding” (ака-ука Бобохоновлар), Тошкент шаҳрида – “Techno export” (Шерзод Қосимов), Тошкент вилоятида – “New Way Industries” (Сардор Аббосхонов), Самарқандда – “Oxalik Oltin Bog‘i Mevasi” (Олим Солиев) каби корхоналар ўз фаолиятини “ноль”дан бошлаб, ҳозирги кунда 10-15 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилмоқда. Айни пайтда уларнинг ҳар бири минглаб иш ўринларини яратиб, нуфузли йирик компанияларга айлангани диққатга сазовордир.

Таъкидлаш керакки, бундай юқори самарали фаолият кўрсатаётган корхоналар ҳар бир ҳудудда кўплаб топилади. Мисол учун, Андижонда – “Dinar tekstil” (Ҳадиятилло Тиллабоев), Қашқадарёда – “Bunyodkor” (Ғолиб Эрқулов), Сирдарёда – “Sirdaryo mega lyuks” (Муҳиддин Норматов), Фарғонада – “Fergana global textile” (Мўминжон Разақов), Хоразмда – “Xorazm tex” (Алишер Собиров), Жиззахда – “Sangzor tekstil” (Отабек Хўжаметов), Бухорода – “Parvoz xumo ravnaq trans” (Шермуҳаммад Очилов), Сурхондарёда – “Indenim klaster” (Шерзод Шоймардонов), Навоийда – “Baht-Textile” (Баҳриддин Мўминов) каби корхоналар, қисқа муддатда ишлаб чиқариш, экспорт ва иш ўринларини 10-15 баробар оширишга эришганини алоҳида қайд этиб ўтмоқчиман.

Камол Абдуллаев, Қутлимурат Панаев, Муртазо Раҳматов, Улуғбек Сотиболдиев, Улуғбек Тўхтабоев, Мурод Ёқубов, Зафар Ҳошимов, Шавкат Жамолов, Мурод Назаров, ака-ука Мамасаидовлар, Фаррух Фузаилов, Бахтиёр Азизхўжаев, Фарҳод Мамажанов, Бекзод Маматқулов, Бахтиёр Умаров каби нуфузли тадбиркорларимиз эса ўз бизнесларини бутун мамлакат миқёсида кенгайтириб бормоқда.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Мен бугун ушбу залда ва жойлардаги студияларда қатнашаётган юзлаб тадбиркор ёшлар ва опа-сингилларимизни кўриб турганимдан бениҳоя хурсандман.

Биз кейинги 2 йилнинг ўзида фақатгина хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга 500 миллион доллар маблағ йўналтирдик. Улар ўз бизнесини бошлаши, жумладан, касб ва тадбиркорликни пухта ўрганиши учун барча шароитлар яратилди.

Намангандан – Анна Добрих, марғилонлик – Наргиза Аминова, хоразмлик – Шаҳло Йўлдошева, Тошкент шаҳридан – Мунира Қориева, Мадина Аюпова, Тошкент вилоятидан – Наргиза Бекмуродова, сурхондарёлик – Муҳаббат Қаюмова каби юзлаб аёлларимиз бугунги кунда эл-юртимизга танилган тадбиркорга айландилар.

Сўнгги 5 йилда мамлакатимизда ёш тадбиркорлар 5 баробар кўпайиб, уларнинг сони 500 мингдан ошди.

Тадбиркор аёллар ва ёшлар сафини янада кенгайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бундан кейин ҳам иқтисодий сиёсатимизнинг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.

Қадрли тадбиркор дўстларим!

Биз доимо изланиб, янгиликка интилиб яшайдиган тадбиркорларимизни, ўз ишига фидойи ва жонкуяр, ватанпарвар инсонлар деб биламиз ва уларни қадрлаймиз.

Айниқса, мураккаб пандемия давридаги синов ва қийинчиликлар пайтида ҳам халқимизга мададкор бўлиб, ўз бизнесини нафақат сақлаб қолган, балки янги иш ўринларини яратиб, муҳтожларга кўмак бераётган ҳамда ишлаб чиқариш ва экспортни оширган тадбиркор дўстларимга бугун чин қалбимдан раҳматлар айтаман.

Ана шундай фаол ва фидойи тадбиркорларнинг 100 нафарига, чуқур миннатдорчилик рамзи сифатида, биринчи марта Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан миннатдорчилик хатини имзоладим.

Ана шу тадбиркорларимизнинг 50 нафари шу залда, яна 50 нафари эса ҳудудий студияларда қатнашмоқдалар.

Фурсатдан фойдаланиб, шундай эътирофга сазовор бўлган фидойи, ватанпарвар, саховатпеша ва ғайрат-шижоатли тадбиркор ва ишбилармонларга яна бир бор чуқур ташаккур билдираман ва сизларнинг сафингиз бутун мамлакатимиз бўйлаб кун сайин кенгайиб боришига астойдил ишонаман.

Азиз юртдошлар!

Бугун илк бор мутлақо янгича форматда – очиқ мулоқот шаклида сизлар билан юзма-юз учрашиб, бизнес соҳасидаги муаммо ва масалалар ҳақида батафсил гаплашиб олишга қарор қилдик.

Хабарингиз бор, камбағалликни қисқартириш, “маҳаллабай” ишлаб, жойларда ўсиш нуқталарини аниқлаш, ишсизликни камайтириш, аҳоли даромадларини ошириш бўйича катта марраларни белгилаб олганмиз. Бу борада давлат идоралари ва хизмат кўрсатувчи барча ташкилотлар тадбиркорлар билан ҳар куни яқин ҳамкорликда ишлаб, уларга амалий ёрдам кўрсатиши шарт.

Бугунги мулоқотга тайёргарлик жараёнида кўплаб савол ва таклифлар тушгани сабабли мурожаатларнинг қабул муддатини 1 августдан 10 августга қадар, яъни 10 кунга узайтиришга мажбур бўлдик. Тадбиркорлардан 15 мингдан ортиқ савол, таклиф ва ташаббуслар келиб тушди ва шу кунгача жойларда уларнинг кўпчилиги ҳал этилди.

Айниқса, Андижон, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида ишлар тизимли ташкил қилиниб, тадбиркорларимизнинг 90 фоиз муаммолари қисқа фурсатларда ҳал қилиб берилгани, албатта, қувонарли ҳол.

Қаерда муҳит яхши бўлса, ҳудуд ва тармоқ раҳбарлари Президент талабини тўғри тушунган бўлса, ўша ерда иш услуби, тадбиркорларга муносабат ўзгарган. Аксинча, тадбиркорнинг дарди билан яшамаган, улар кўтарган муаммоларнинг ичига кирмасдан, кўмак бермаган раҳбарлар фаолиятига эса, халқимизнинг ўзи баҳо беради ва бундай раҳбарларга бизнинг сафимизда ўрин йўқ ва келажакда ҳам шундай бўлади.

Бир нарсани барчамиз аниқ тушуниб олишимиз лозим. Тадбиркорларимизнинг ушбу мурожаатлари – амалдаги ислоҳотларимиз кўзгусидир. Шу боис ҳар бир вазирлик ва идора раҳбари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари келиб тушган мурожаатларни ўзларининг фаолиятига берилган баҳо, деб билишлари, бундан тўғри хулоса чиқариб, мазкур йўналишда кескин ўзгаришлар қилишлари зарур ва шарт.

Ташаббус кўрсата олмайдиган, янги-янги ғояларни кўтариб чиқишга, ўзгариш қилишга интилиши бўлмаган раҳбарларга нисбатан талаб ва чоралар жуда қаттиқ бўлади.

Ҳурматли бизнес вакиллари!

Мен сизлар томонингиздан кўтарилган масалалар билан атрофлича танишиб чиқдим. Шу боис сизларни қийнаётган барча муаммо ва саволлардан тўла хабардорман.

Бугунги кунга қадар энг долзарб муаммоларни тизимлаштириб, уларни ҳал этишга қаратилган 7 та муҳим йўналиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқдик. Бугун сизлар билан биргаликда уларни батафсил муҳокама қилиб олмоқчимиз.

Биринчи йўналиш. Сизлардан келиб тушган мурожаатларнинг 40 фоизи бизнесни молиялаштириш ва молия-кредит масалалари билан боғлиқ. Ушбу мурожаатларнинг асосий қисмида кредит ставкаларининг юқорилиги ва кўплаб кредитларнинг қисқа муддатга, тадбиркор учун ноқулай шартларда берилаётгани қайд этилган.

Масалан, Ургутда электр техникаси маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган “Sam Elektro Servis” корхонаси икки ярим миллиард сўм кредитни 3 йил муддатга олгани, корхона фойда билан ишлаши учун эса, унга камида 5 йил муддат кераклигини таъкидлаган.

Ҳақиқатан ҳам, тан олиб айтишимиз керак, тадбиркорларга бугунги кунда берилаётган аксарият кредитларнинг муддати 3 йилдан ошмайди.

Шунингдек, банклар томонидан 18 мингга яқин тадбиркорга йиллик 8-10 фоизда хорижий валютада берилган кредит, валюта курсининг мунтазам ўсиши ҳисобидан, қўшимча харажатларни юзага келтирмоқда. Бу ҳақда мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушгани ҳам ушбу масалалар тадбиркорликни ривожлантириш йўлида оғир юк, тўсиқ бўлиб турганини кўрсатмоқда. Шу боис тижорат банкларининг узоқ муддатли ресурс базаси ва кредитларнинг мақбул фоиз ставкаларини шакллантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўришимиз талаб этилади.

Биринчидан, банкларнинг капиталини ошириш бўйича қўшимча имкониятлар ишга солинади. Бунинг учун келгуси йилда банкларга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан бозор тамойиллари бўйича қўшимча 600 миллион доллар ажратилади. Бу маблағлар танлов асосида, ҳам давлат, ҳам хусусий банкларга жойлаштирилади.

Қайси банк энг яхши бизнес режа, қайтими юқори ва энг кўп иш ўрни яратадиган лойиҳаларни тақдим этса, ушбу маблағлар ана шу банкларга ажратилади.

Иккинчидан, юқорида қайд этилган маблағларни жалб этмоқчи бўлган банкнинг ўзи ҳам ташқи ва ички молия бозорларидан камида 30 фоиз қўшимча ресурслар жалб қилади. Жумладан, банклар томонидан келгуси йили халқаро молия бозорларида миллий валютада 5 триллион сўмлик евробондлар чиқарилади.

Шунингдек, Ўзбекистон бозорида ишлашга тайёр, замонавий технологияларга эга бўлган йирик хорижий банкларнинг юртимизга кириб келиши учун кенг имкониятлар яратамиз. Бу ҳам, ўз навбатида, тадбиркорларимиз учун қулай шароитлар тақдим этади ва банк тизимида биз учун ниҳоятда керак бўлган соғлом рақобат пайдо бўлади.

Бугунги йиғилишда қатнашаётган ҳар бир банк раҳбари “тобора кучайиб бораётган рақобатга муносиб бўлиш ҳамда тадбиркорларни рози қилиш учун нимани ўзгартиришим керак”, деган саволни ўзига бериши ва жиддий хулоса қилиши лозим.

Учинчидан, банклар четдан ресурсни қандай валютада жалб этишидан қатъи назар, тадбиркорларга кредитни миллий валюта – “сўм”да ва бизнес вакиллари учун мақбул фоизларда бериш тизими йўлга қўйилади.

Хорижий валютада кредит олган ва бугун қийин аҳволга тушиб қолган юзлаб тадбиркорларимиз ушбу масалани ўз мурожаатларида кўтарганлар. Шу боис Молия вазирлиги ҳузурида Валюта хатарларини бошқариш компанияси ва ҳудудларда унинг филиаллари ташкил этилади. Ушбу компания банклар томонидан чет эл валютасида жалб қилинаётган маблағларни сўмга ўтказиб, кредитни ички бозорда фақат миллий валютада бериш учун зарур шароит яратади.

Лўнда қилиб айтганда, бундан буён доллар ёки евро курсининг ошиши тадбиркор учун қўшимча муаммо ёки ортиқча харажатларни юзага келтирмайди. Мазкур компания барча ҳудуд ва тармоқлар билан яқин ҳамкорликда ишлайди.

Тўртинчидан, бундан буён Ҳукумат томонидан халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинаётган имтиёзли маблағлар ҳисобидан банкларга бериладиган кредитларнинг муддатини чеклаш амалиёти бекор қилинади.

Ушбу масала ечимига Бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.Қўчқоров, молия вазири Т.Ишметов, Марказий банк раиси М.Нурмуродов шахсан масъул бўлади.

Бешинчидан, жорий йил 1 октябрдан бошлаб илгари 1 миллион долларгача хорижий валютада олинган 6 мингга яқин тадбиркорнинг жами 1 миллиард долларга яқин кредитлари, тадбиркор ва тижорат банклари ўртасидаги келишувга асосан миллий валютага ўтказиб берилади.

Умуман, юқорида таклиф этилаётган механизмлар ҳисобидан тижорат банкларида ҳар йили ўртача 30-40 триллион сўмлик миллий валютадаги узоқ муддатли қўшимча ресурслар шаклланади. Бунинг ҳисобидан тадбиркорлар миллий валютадаги кредитларни узоқ муддатга ва ҳозирги ставкалардан камида 5 фоиз арзон олиш имкониятига эга бўладилар.

Ўйлайманки, бундай янги имкониятлар мамлакатимизда тадбиркорликнинг ривожига кучли туртки беради.

Ҳурматли тадбиркорлар!

Мен яхши тушунаман, ҳамма арзон кредит олишни хоҳлайди. Лекин кредит бўйича фоиз ставкаларини сунъий пасайтирсак, пул-кредит бозоридаги мувозанат бузилади. Шунинг учун иқтисодиётга арзон кредит берамиз деб, макроиқтисодий барқарорликни унутиб қўймаслигимиз лозим. Барқарорлик бўлмаса, иқтисодий ўсиш бўйича кўзлаган мақсадларимизга эриша олмаймиз.

Бу борада фоиз ставкаларига бевосита таъсир этадиган инфляцияни, яна такрор айтаман, инфляцияни пасайтириш ҳамда банк орқали кредитлаш жараёнини тўлиқ бозор механизмларига ўтказишга қаратилган ишларни изчил давом эттирамиз.

Замонавий бозор тамойилларида ишлаш учун ҳудудларда банклар лойиҳа фабрикалари ва тадбиркорликка ўқитиш марказларини ташкил этиб, хорижий мутахассисларни жалб қилмоқда. Ушбу марказлар тадбиркорларга, айниқса, ёшларга ўз ғояларини амалиётга татбиқ этиш, бизнес режаларни ишлаб чиқиш, маблағлар жалб қилишга ёрдамлашади ҳамда уларга бизнес жараёнининг барча занжирида кўмакдош бўлади.

Умуман, инфляция даражасини жорий йилда 10 фоизга, келгуси икки йилда 5 фоизга туширишни режа қилганмиз. Бу эса, табиий равишда кредит ставкаларини ҳам мақбул даражага тушириш ва муддатини узайтириш имконини беради.

Олтинчидан, ислоҳотларимиз учун ўта муҳим бўлган оилавий тадбиркорлик йўналишида ҳам 2 мингга яқин мурожаатлар келиб тушган. Энди бу янги тизимда одамларимиз тадбиркорлик учун кредит оламан деб ҳокимиятга, банкка ёки бошқа идорага бориб юрмайди, асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун таъминотчини қаердан топаман, деб, бош қотиришга зарурат қолмайди.

Кредитни расмийлаштиришдан тортиб, маҳсулотни олиш ва сотишгача бўлган барча жараёнлар электрон тарзда, онлайн шаклида ҳал этилади. Ўз навбатида, ушбу платформа таъминотчи корхоналар учун ҳам камида 10 триллион сўмлик бозор яратади. Яъни, таъминотчилар учун ўзлари ишлаб чиқарган асбоб-ускуналар, хомашё ва тайёр маҳсулотларни тўғридан-тўғри сотиш имконияти яратилади.

Иқтисодий комплекс раҳбарлари – Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров, Марказий банк раиси М.Нурмуродов, тижорат банклари уч ой муддатда жойларда тадбиркор ва аҳолимизга ушбу қулайликларни атрофлича тушунтириб, ундан самарали фойдаланишни йўлга қўйишни ташкил этишлари зарур. Бу борада ишни маҳаллабай ташкил этиш бўйича Андижон тажрибасини бутун мамлакат бўйлаб кенг қўллаш лозим бўлади.

Еттинчидан, кўплаб мурожаатларда бизнесни молиялаштириш манбаларини янада кўпайтириш мақсадида банкдан ташқари кредит ташкилотларини очиш ва юритишга бўлган мавжуд талабларни камайтириш ва енгиллаштириш сўралган. Бу масала Андижондан “Almaz Finans” корхонаси раҳбари Олимжон Охунов ва Жиззахдан “Diamond-N Trade Capital” корхонаси раҳбари Шерзод Соатовнинг мурожаатларида ҳам кўтарилган.

Бу таклифлар бизга жуда маъқул. Шунинг учун жорий йил 1 октябрдан микромолия ташкилотларини лицензиялаш тартиби тўлиқ бекор қилинади. Энди улар ўз фаолиятини бошлаши учун фақатгина Марказий банк реестрига киришлари кифоя.

Шунингдек, бундан буён уларга касса учун хоналар ташкил этиш, ҳудудларда филиаллар очишда Марказий банкнинг розилигини олиш шарт бўлмайди. Улар томонидан тадбиркорларга бериладиган микрокредит (300 миллион сўм) ва микролизинг (600 миллион сўм) учун амалдаги чекловлар ҳам олиб ташланади.

Шу билан бирга, микромолия ташкилотларига бошқа ташкилотлардан маблағлар жалб этиш, облигациялар чиқариш ҳуқуқлари ҳам берилади. Шунингдек, ушбу ташкилотлар, худди банклар каби, тўловларни қабул қилиш ваколатига ҳам эга бўлади.

Умуман, ушбу янги имкониятлар ҳисобидан ҳам кредит бозорида тадбиркорларимиз учун йилига қўшимча 10 триллион сўм маблағ шаклланади.

Иккинчи йўналиш – солиқ тизимини такомиллаштириш, бизнесга солиқ юкини имкон қадар камайтиришга оид.

Маълумки, сўнгги уч йилда солиқлар тури 16 тадан 9 тага қисқарди.

Кўпчиликнинг эсидан чиққан бўлиши мумкин, яқингача Пенсия, Мактаб ва Йўл жамғармаларига бизнес учун оғир юк бўлган 3,2 фоизли йиғимлар тўланар эди. Ушбу йиғимлар корхоналарнинг фойдасидан қатъи назар, оборотдан олиниб, уларнинг миқдори корхоналарнинг камида 20-25 фоиз фойдасига тенг бўлган.

Бюджетдан ташқари жамғармаларга мазкур йиғимларни бекор қилиш ҳисобидан 7 мингга яқин корхоналар ҳар йили ўртача 6 триллион сўм солиқ тўлашдан озод бўлди. Масалан, биргина “Andijonkabel” корхонаси ихтиёрида 11 миллиард сўм, “Lactalis Agro” қўшма корхонасида эса 3 миллиард сўм маблағ қоладиган бўлди.

Мол-мулк, даромад солиғи ва ижтимоий солиқлар ставкалари 2 баробар камайтирилди.

Аниқ мисоллар билан гапирадиган бўлсак, транспорт соҳасида солиқ юки – 3 баробар, озиқ-овқат саноатида – 2 баробар, тўқимачилик ва электр техникаси саноатида эса, 20 фоизгача камайди.

Айниқса, пандемия даврида харажатларимиз кескин ошганига қарамасдан, қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга туширилди, кўпроқ зарар кўрган тармоқларга ижтимоий солиқ 12 фоиздан 1 фоизга пасайтирилиб, мол-мулк ва ер солиқлари тўловларидан буткул воз кечилди. Бу эса, ўз навбатида, тадбиркорлар ихтиёрида қолган 2 триллион сўм маблағни бизнес фаолиятига сарфлаш имконини берди. Лекин солиқ ставкалари ва солиқ маъмурчилиги бўйича тадбиркорлар томонидан кўтарилаётган ҳақли саволлар ҳали жуда кўп.

Биринчидан, ўтган йили янги Солиқ кодекси амалга киритилганидан кейин 23 та махсус иқтисодий зона иштирокчилари аввалги имтиёзларимиз сақланиб қоладими ёки йўқми, деб безовта бўлмоқда. Ушбу масалада махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари бўлган Сирдарёдан – “AWP” қўшма корхонаси (Комил Мирзаев), Тошкент вилоятидаги – “Steel Pipe Company” (Азизхон Ҳафизхонов) каби 70 дан зиёд корхона вакиллари мурожаат қилган.

Бу борада бир фикрни аниқ қилиб айтмоқчиман: 2020 йил февраль ойида “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонун қабул қилингунга қадар иқтисодий зоналарда рўйхатдан ўтган тадбиркорларга берилган имтиёзлар сақлаб қолинади. Бунга қонун билан кафолат берилган. Жумладан, ушбу тадбиркорлар инвестиция миқдоридан келиб чиқиб, мол-мулк, ер ва сув солиқларидан 10 йилгача озод қилинган эди.

Энди ушбу имтиёзларга фойда солиғи ҳам қўшилади ва корхоналар ихтиёрида йилига қарийб 300 миллиард сўм маблағ қолади. Масалан, “Сирдарё” эркин иқтисодий зонасидаги “Temur Med Farm” корхонаси ўтган 6 ойда 4 миллиард сўм фойда солиғи тўлаган бўлса, иккинчи ярим йилликда эса камида шунча маблағ унинг ўзида қолади.

Шунингдек, ички бозорда тенг рақобат бўлиши учун экспорт маҳсулотлари ишлаб чиқаришга олиб келинган хомашё импорт божидан озод этилади. Мисол учун, “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида жойлашган “Jizzax Toshtepa Textile” корхонаси маҳсулотини тўлиқ экспортга сотади. Бу имтиёз эвазига ушбу корхона олиб келган 1 миллион долларлик хомашё ва ярим тайёр маҳсулотга 2,2 миллиард сўмлик божхона имтиёзи берилади.

Айни пайтда бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Биз қўшилган қиймат солиғининг узлуксиз занжирини яратиш бўйича катта ислоҳотларни олиб боряпмиз. Шу боис махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига қўшилган қиймат солиғининг ортиқча қисмини 7 кун ичида қайтариб бериш тартиби жорий қилинади. Бундай тартиб тадбиркорларга бир йилда ўртача 350 миллиард сўм қўшилган қиймат солиғини қисқа муддатда қайтариб олиш ва айланма маблағларини кўпайтириш имкониятини беради.

Бундан ташқари, четдан олиб келинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини 120 кун давомида бўлиб-бўлиб тўлашда тадбиркорларга фоиз ҳисобланмайди ва гаров талаб этилмайди.

Иккинчидан, мамлакатимизда қурилиш соҳасида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Маҳсулот таннархини камайтириш бўйича Тошкент шаҳридаги “Shah-Polan M”, Фарғонадаги “Farg‘ona Yasin Qurilish Mollari” каби 50 дан зиёд қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналардан таклифлар келиб тушган. Масалан, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ цементнинг таннархида – 14 фоиз, асфальтда – 10 фоиз, қум-шағал аралашмасида – 7 фоизни ташкил этади.

Шу боис норуда қазилмаларга (қум-шағал, оҳактош, гипс, доломит каби) ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2 баробар камайтирилади. Бунинг ҳисобидан 1,5 мингга яқин корхоналар ихтиёрида йилига 500 миллиард сўм маблағ қолади. Масалан, “Huaxin Cement Jizzakh” қўшма корхонаси ўз ихтиёрида қолган 27 миллиард сўм маблағни ўз фаолиятини янада кенгайтиришга сарфлаши мумкин бўлади.

Учинчидан, биз хизматлар соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Қисқа муддатда янги иш ўринларини яратадиган соҳалардан бири ҳам сервис соҳаси ҳисобланади.

Мана, пандемия ҳануз давом этяпти ва бу хизматлар соҳаси, айниқса, умумий овқатланиш ва туризм корхоналари учун қанчалик оғир бўлаётганини барчамиз кўриб турибмиз, албатта.

Бу борада умумий овқатланиш ва туризм корхоналаридан ўтган йили берилган имтиёзларни узайтириш бўйича 300 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Шу боис жами 13 мингта умумий овқатланиш корхонасини йил якунига қадар ер ва мулк солиғидан озод қиламиз. Бу имконият уларга 30 миллиард сўм қўшимча кўмак деганидир. Уларнинг бошқа солиқлардан мавжуд 35 миллиард сўм қарзлари бўйича тўлов муддатлари жорий йил якунигача узайтирилади, кредитларини қайтариш ҳам кечиктирилади.

Шу билан бирга, туризм компаниялари ва меҳмонхоналарни туристик йиғимлардан 2 йил муддатга озод қилсак, нима дейсизлар? Бу – ҳозирги қийин шароитда тушуми камайиб кетган 2 минг нафар тадбиркор ихтиёрида 150 миллиард сўм қолади, дегани.

Тўртинчидан, бугунги кунда 5 мингга яқин тадбиркорлик субъектларининг ташқи савдо операциялари бўйича дебитор қарздорлиги мавжуд.

Пандемия сабабли ушбу тадбиркорларга жарима солиш ва ҳозирги пайтгача қўлланган 6 триллион сўмлик жарималарни ундириш жорий йил якунига қадар тўхтатилади.

Бешинчидан, солиқ маъмурчилигини соддалаштириш, солиқ идораларининг назорат функцияларини такомиллаштириш юзасидан жиддий чораларни амалга оширишимиз зарур.

Келгуси йил 1 январдан бошлаб солиқ идоралари ўз электрон дастурлари орқали бизнес субъектларига ҳисоботларини шакллантириш хизматини йўлга қўяди.

Ҳозирги вақтда 228 мингта кичик тадбиркорларда бухгалтер йўқ. Оқибатда солиқ ҳисоботларини камчиликлар билан топширган 32 мингга яқин тадбиркорга молиявий жарима солинган.

Ҳисоботларни кечиктириб топшириш билан боғлиқ молиявий санкцияларни қўллаш тартиби эса тўлиқ бекор қилинади.

Шунингдек, солиқ идоралари қўллаётган айрим жарималар сони ва миқдорининг ортгани мени хавотирга солмоқда. Ўтган йили камерал назорати натижасида 336 та корхонага 51 миллиард сўм молиявий жарима қўлланган бўлса, жорий йилнинг 6 ойида 3 мингдан зиёд тадбиркорларга 900 миллиард сўмдан ортиқ жарима белгиланган.

Шунинг учун Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров, молия вазири Т.Ишметов, Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Қудбиев, адлия вазири Р.Давлетов, Бизнес-омбудсман Д.Қосимов бир ой муддатда солиқ идораларининг камерал назорати натижасига кўра молиявий жарима қўллаш амалиётини бекор қилиш бўйича таклиф киритсин.

Олтинчидан, амалдаги тартибга биноан, тадбиркорлар қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисобот топшириш билан бирга, ундаги фарқни қайтариш учун солиқ идораларига алоҳида мурожаат қилишга мажбур. Бу – 14 минг тадбиркорнинг фаолиятига бевосита боғлиқ бўлиб, улар учун қўшимча вақт, ортиқча сарсонгарчилик, дегани.

Молия вазири Т.Ишметов, Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Қудбиев бу масалани чуқур ўрганиб, келгуси йилдан бошлаб қўшилган қиймат солиғини қўшимча ҳужжатсиз қайтариш тартибини амалиётга жорий этсин.

Еттинчидан, “SAG Agro” корхонаси раҳбари Камол Абдуллаев ва бошқа 200 дан ортиқ тадбиркорлар солиқ ва божхона идораларига тўланган қўшилган қиймат солиғини “зачёт”га олиш, яъни ўзаро ҳисоб-китоб қилиш имкониятини сўраган.

“SAG Agro” корхонасининг солиқ базасида 700 миллион сўм ортиқча тўлови бўлатуриб, божхонада 1,4 миллиард сўм тўлашга мажбур бўлган. Шунинг учун келгуси йилдан бошлаб қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олишда солиқ ва божхона идораларининг электрон базалари ўзаро боғланади. Яъни, солиқ идораларида қўшилган қиймат солиғи бўйича мавжуд ортиқча тўловлар божхона тўловларини амалга ошираётганда ҳам инобатга олинади. Ушбу енгилликдан 10 мингдан зиёд тадбиркор фойдаланиши мумкин бўлади.

Учинчи йўналиш. Тадбиркорларни энг кўп қийнаётган муаммолардан яна бири – ер ажратиш масаласи бўйича 4 мингдан зиёд мурожаатлар келиб тушган.

Жорий йилда ушбу йўналишда катта ислоҳотларни бошладик. Бу борада Олий Мажлис палаталари томонидан маъқулланган қонунни куни кеча имзоладим. Бу ҳужжатнинг қабул қилиниши мамлакатимизнинг янги тарихида ислоҳотлар йўлидаги энг катта қадамлардан бири бўлди, деб ҳеч бир муболағасиз айта оламиз. Мана шу ислоҳотларнинг маъно-мазмунини тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари ҳам, тадбиркорлар ҳам, аҳолимиз ҳам яхши тушуниб олишлари зарур.

Биринчидан, ерларни иқтисодий оборотга киритиш, уларни олди-сотди ва гаров объектига айлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратилди.

Иккинчидан, биз барча ерларни икки тоифага, яъни қишлоқ хўжалиги ерлари ва қишлоқ хўжалигига кирмайдиган ерларга ажратдик.

Қишлоқ хўжалиги ерлари – бизнинг бебаҳо миллий бойлигимиз, бу – озиқ-овқат хавфсизлигининг асоси, оддий қишлоқ аҳолисининг кундалик ҳаёти, дегани. Шунинг учун ушбу ерлар очиқ танлов асосида фақат ижарага берилади. Танлов – ҳар бир ер участкаси бўйича “бу ерни олишга ким энг кўп ҳақли?” деган саволга адолатли жавоб топиш учун ўтказилади.

Бу танловда барча – деҳқон ҳам, фермер ҳам, агрофирма ва кластерлар ҳам тенг шартларда иштирок этади.

Учинчидан, қишлоқ хўжалигига кирмайдиган ер майдонлари эса фақат аукцион орқали сотилади.

Биз сўнгги бир ярим йил давомида ерларни аукцион орқали очиқ-ошкора сотиш бўйича етарли тажриба орттирдик. Лекин, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, аксарият ҳолларда аукционга қўйилган ер майдонлари тадбиркорга маъқул жойлардан эмас, балки олис, чекка ҳудудлардан, инфратузилмаси бўлмаган жойлардан берилган.

Яхши ер майдонлари эса, ҳар хил йўллар билан ҳокимлар қарори асосида тўғридан-тўғри бериб келингани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Бундан буён ер майдонлари фақат ва фақат очиқ-ошкора аукцион орқали хусусий мулк сифатида сотилади ёки ижарага берилади.

Кўпчиликда “ер хусусий бўлди нима-ю, хусусий бўлмади нима”, деган фикр бўлиши табиий, албатта. Чунки, бизда ерга нисбатан хусусий мулкчилик бекор бўлганидан буён 3-4 та авлод алмашди.

Бир нарсани аниқ билиб олиш зарур: хусусийлашгани билан ер майдонлари камайиб ёки кўпайиб қолмайди, лекин унинг бозор қиймати пайдо бўлади. Ери бор одам ҳақиқий мулкдорга, капитал эгасига айланади.

Тўртинчидан, кўпчилик тадбиркорларни ўз корхонаси жойлашган ер майдонининг тақдири эртага нима бўлади, деган саволлар қийнаётгани ҳам бор гап. Ушбу корхоналарнинг ҳозир эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида эгаллаб турган ер майдонлари, уларга мулк қилиб расмийлаштириб берилади. Яъни, бу ерни бошқа одам сотиб ололмайди, уни хусусийлаштиришга фақат ер эгасининг ўзи ҳақли бўлади. Бунда ернинг турига қараб, унинг жойлашган ҳудудидан келиб чиқиб, ерлар имтиёзли шартлар асосида ушбу корхоналарга хусусийлаштириб берилади.

Бундан кейин тадбиркорлар ердан юқори ликвидли актив ва гаров объекти сифатида фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Ўйлайманки, бундай янгиликлар тадбиркорларимиз узоқ йиллар кутган тарихий адолатни рўёбга чиқаради.

Бешинчидан, бундан буён давлат мулки объектларини улар жойлашган ер билан бирга, ягона мулкий мажмуа сифатида аукцион орқали сотамиз.

Бинони сотиб олган тадбиркорлар унга бириктирилган ерга ҳам хусусий мулк ҳуқуқи асосида эгалик қилади.

Тасдиқланган дастурга қўшимча равишда йил якунига қадар яна 500 та давлат активлари очиқ савдога чиқарилади.

Фурсатдан фойдаланиб, ҳурматли тадбиркорларимизни ушбу савдоларда фаол иштирок этишга чақираман.

Олтинчидан, бундан кейин янги ер майдонларини аукционга чиқаришдан олдин ҳар бир ҳудудни ривожлантириш бўйича аниқ режани тузиб олишимиз зарур.

Кўплаб тараққий топган давлатлар тажрибасини ўрганганимизда, бирорта мамлакатда ер майдонларини режасиз бериб юбориш мумкин эмаслигига гувоҳ бўлдик. Олдин аниқ ҳудуд танлаб олиниб, унинг “мастер-плани” ишлаб чиқилади.

Қаерда – уй, қаерда – мактаб, қаерда – ишлаб чиқариш бўлиши аниқ белгиланиб, инфратузилмалар яратиш режаси тузилади. Шундан кейингина ер участкалари аниқ лойиҳа билан савдога чиқарилади.

Шунинг учун вилоят ҳокимлари кадастр ва архитектура идоралари билан бирга, ушбу тажриба асосида ишларни ташкил этишлари, аниқ ҳудудни белгилаб, режасини тасдиқлаб, кейин ерларни аукционга қўйишлари лозим.

Шунингдек, ҳар бир вилоятда махсус жамғармалар ташкил этилади ва ер майдонларини сотишдан тушган маблағ тўлиқ туман ва шаҳарлар ихтиёрида қолдирилиб, тадбиркорлар учун инфратузилма яратиш ва ривожлантиришга йўналтирилади.

Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров, вилоят ҳокимлари ва иқтисодий комплекс билан бирга, жорий йил 1 ноябрга қадар ҳар бир ҳудудда камида мингтадан ер майдонини сотувга чиқарсин. Шунингдек, магистрал йўллар бўйида лойиҳа асосида ҳар бир ҳудуддан камида 200 тадан ер майдони аукционга қўйилади.

Тўртинчи йўналиш. Бизнес учун зарур бўлган инфратузилма муаммоларини 3 мингга яқин тадбиркорлар кўтарган.

Масалан, Сирдарёда “Gulistan Gold Yarn” корхонаси (Шерзод Тошпўлатов) узоқ муддатдан бери электр тармоғига улана олмаган. Ваҳоланки, ишлаб чиқариш асбоб-ускуналари ва ўз ҳисобидан трансформаторгача олиб келган. Унга озгина ёрдам берилса, корхона 600 та янги доимий иш ўрни яратишга тайёр.

Бундай мазмундаги мурожаатлар Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Жиззах, Фарғона вилоятларидан кўплаб келиб тушган. Шунинг учун, биринчидан, келгуси йил 1 январдан бошлаб, қиймати 200 миллиард сўмга тенг лойиҳалар бўйича электр, табиий газ, сув тармоқлари ва йўл инфратузилмаси билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш тўлиқ давлатнинг зиммасида бўлади. Бундай имтиёз, ҳозирги кунгача фақатгина 50 миллион доллардан ошадиган хорижий инвесторлар лойиҳаларига қўлланиб келинмоқда.

Иккинчидан, келгуси 2 йилда мамлакатимиз бўйича қўшимча 200 та саноат зонаси ташкил этилади. Уларнинг ҳар бирига камида 15 та корхонани жойлаштириш мўлжалланиб, электр, табиий газ, сув тармоқларига уланиш ва йўл инфратузилмасини яратиш тўлиқ давлатнинг зиммасида бўлади. Ушбу мақсадлар учун келгуси йилда давлат бюджетидан 2 триллион сўм маблағ ажратилади.

Бош вазир ўринбосарлари Ж.Қўчқоров ва С.Умурзоқов, вилоят ҳокимлари билан бирга, шу йил 1 ноябрга қадар саноат зоналарининг жойлашуви ва аниқ лойиҳалар бўйича таклифларини тайёрласин.

Бундай чора-тадбирлар Сурхондарё, Бухоро, Хоразм, Сирдарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидаги ҳудудий саноатдаги улуши анча паст бўлган айрим туманлар учун жуда катта имконият яратади.

Учинчидан, электр энергиясидаги узилишлар кўпчилик тадбиркорларимизни безовта қилаётгани ҳам айни ҳақиқат.

Бу масала бўйича ҳар бир туман, шаҳар ва маҳалла кесимида алоҳида дастурлар амалга оширилмоқда. Масалан, жорий йил 1 ноябргача 4 мингта трансформаторни алмаштириш, 35 та подстанция, 15 минг километр электр тармоқларини янгилаш ишлари якунига етказилади. Бу ишларни амалга ошириш учун жорий йилнинг ўзида илк бор 3 триллион сўм маблағ ажратганмиз. Ҳолбуки, олдинги йилларда бу ишларнинг 10 фоизи ҳам бўлмаган.

Агар таҳлил қилиб кўрсак, сўнгги 5 йилда электр энергияси истеъмолчиси бўлган тадбиркорлар сони 25 фоизга, уларнинг истеъмол ҳажми 30 фоизга ошган. Шу боис электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини кескин ошириш мақсадида тарихимизда илк бор бу соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва хусусий бизнес кириб келди. Натижада шу йил якунига қадар тўлиқ хусусий инвестициялар ҳисобидан умумий қуввати 1 минг 800 мегаватт бўлган 8 та иссиқлик ва қуёш электр станциялари ишга туширилади.

Энергетика вазирлиги келгуси йилларда бу каби лойиҳаларни кескин кўпайтириб, 2023 йилга қадар электр энергияси бўйича қўшимча ишлаб чиқариш қувватларини 4 минг 400 мегаваттга ошириши шарт.

Тўртинчидан, электр тармоқларига уланишдаги жараёнларнинг мураккаблиги, муддатларнинг узоқлиги ва харажатларнинг юқорилиги тадбиркорларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Масалан, истеъмолчиларнинг 75 фоизи 20 киловаттгача қувватли электр ишлатадиган кичик цехлар, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари ҳисобланади. Лекин уларга ҳам худди йирик корхоналар билан бир хил талаблар қўйилган.

Мисол учун, оддий савдо дўконини электр тармоғига улаш учун 4 та босқичдан ўтиш, 7 миллион сўм харажат ва бунга камида бир ой вақт талаб этилади.

Энергетика вазирлиги томонидан келгуси йил бошидан ушбу масалада янги қулай тизим жорий этилади. Бунда электр тармоғига уланиш тўлиқ электрон платформага ўтказилади ва барча жараёнлар бир босқичга туширилади.

Тадбиркорларни электр тармоғига улаш муддати 20 киловаттгача бўлган қувватлар учун – 10 кун, 50 киловаттли қувватлар учун эса 20 кун этиб белгиланади.

Агар электр таъминоти корхонаси ишларни муддатида якунламаса, улар тадбиркорларга компенсация тўлайди. Бу ишлар Давлат хизматлари марказлари орқали ташкил этилиб, мунтазам назорат қилиб борилади.

Умуман, тадбиркорларни керакли ҳажмда энергия ресурслари билан таъминлаш масъулияти ва жавобгарлиги Энергетика вазирлиги зиммасига юкланишини қонун билан мустаҳкамлаб қўямиз.

Бешинчи йўналиш. Экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш, кичик бизнесни экспорт фаолиятига кенг жалб этиш борасида ҳам бошлаган ислоҳотларимиз қатъий давом эттирилади.

Биринчидан, ўтган йили пандемия даврида тўқимачилик корхоналарига экспортдан валюта тушумини кутмасдан, қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тартиби амалда ўз самарасини берди.

Ўтган йили 482 та корхонага қарийб 2 триллион сўм қайтарилган. Бу янгилик ҳам янги тарихимизда биринчи марта бўляпти. Жорий йил 1 октябрдан ушбу тартиб барча тармоқларнинг ҳалол ишлайдиган ва интизомли бошқа экспортёрларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Иккинчидан, кўплаб экспорт қилувчи корхоналарнинг асосий муаммоларидан бири, бу – айланма маблағ етишмаслигидир.

Ушбу масалани 300 дан зиёд тадбиркорлардан келиб тушган мурожаатларида ҳам кўриш мумкин. Шунинг учун ўтган йили Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиб, экспорт учун 1 миллион долларгача молиялаштириш механизмлари йўлга қўйилди. Бу тизимдан 200 та корхона унумли фойдаланиб, қўшимча 210 миллион долларлик маҳсулотларини четга экспорт қилди. Энди бу имкониятлар янада кенгайтирилиб, йилига 20 миллион доллардан ортиқ экспорт қилувчи корхоналарга 5 миллион долларгача имтиёзли кредитлар ажратилади.

Учинчидан, кўплаб тадбиркорлар юқори сифат ва назорат тизимига эга бўлган мамлакатлардан (Европа Иттифоқи, АҚШ, Япония, Жанубий Корея каби) сертификатланган асбоб-ускуна ва хомашёларни олиб келганида, миллий сертификат олиш талаби мавжудлигини эътироз сифатида қайд этишган. Масалан, асбоб-ускуналар ва хомашёга сертификат олишда 2-3 миллион сўм харажат, 5-10 кун муддат талаб этилади.

Шу боис Бош вазир ўринбосари С.Умурзоқов бошчилигидаги комиссия бир ой муддатда бундай давлатлар рўйхатини шакллантириб, уларда сертификат берилган асбоб-ускуна ва хомашёларга миллий сертификат олиш амалиётини бекор қилиш бўйича қарор лойиҳасини киритсин.

Тўртинчидан, ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари рақобатбардошлигини ошириш ҳамда таннархни камайтириш мақсадида божхона божлари 2 баробар пасайтирилганидан барчангиз хабардорсиз.

Шу билан бирга “Milk Euro Food” (Тошкент вилояти), “SDK Group And” (Андижон), “Wooll Teks Inter” (Тошкент шаҳри) каби корхоналар томонидан ҳозирги кунда олиб келинаётган хомашё импорти учун бож ставкалари тайёр маҳсулотга қараганда юқори экани қайд этилган. Яъни, баъзи турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришдан кўра, четдан олиб келиш тадбиркорга арзонроқ бўлмоқда.

Шунинг учун Бош вазир ўринбосари С.Умурзоқов бошчилигидаги Ҳукумат комиссияси бир ой муддатда хомашё ва ярим тайёр маҳсулотлар учун импорт божи ставкаларини пасайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритсин.

Олтинчи йўналиш. Маҳсулотларимиз рақобатбардош бўлиши, янги бозорларга чиқиши, умуман, ҳудудлараро савдо ва кооперация алоқаларини боғлашда транспорт-логистика масалалари муҳимлигини сизлар ҳаммадан яхши тушунасизлар.

Бу борада транспорт коридорларини ривожлантириш, юкларни божхона орқали ўтказишни соддалаштириш ва рақамлаштириш, транспорт харажатларини қисман қоплаш тизимини йўлга қўйдик. Бу тизим орқали, йил бошидан буён 3 мингдан зиёд экспортёрларга 200 миллиард сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилгани туфайли қарийб 800 миллион долларлик экспорт амалга оширилди. Йил якунига қадар ушбу корхоналар томонидан экспорт ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича тизимли ишларни изчил давом эттирамиз.

Бунинг учун, биринчидан, юк автомобилларини олиб киришга 2 йил аввал божхона имтиёзлари берганимиз ҳисобидан автотранспортда ташиш хизматлари 2 баробар арзонлашди, юк ҳажми эса, 1,5 марта ошди. Лекин бу имтиёз 4 ойдан кейин тугайди. Шу боис 40 дан зиёд тадбиркорлар ушбу божхона имтиёзларини узайтириш бўйича ўз таклифларини билдирган. Айни шуни инобатга олиб, имтиёзларни яна 3 йилга узайтириш бўйича куни кеча янги қарорни имзоладим.

Иккинчидан, “Polvontosh” (Сурхондарё), “Afrosiyob Parranda” (Самарқанд) корхоналари раҳбарлари ички ва ташқи темир йўл тарифлари ўртасида катта фарқ борлиги, яъни халқаро ташувлар нархи анча юқори эканини билдирганлар.

Шу боис Транспорт вазирлиги Молия вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан бирга, икки ой муддатда темир йўл тарифларини қайта кўриб чиқсин. Бунда тадбиркорларга ўзимизда ишлаб чиқарилмайдиган хомашё импорти учун амалдаги тарифлар камида 25 фоиз арзон бўлиши керак.

Шунингдек, Транспорт вазирлиги келгуси йил 1 январдан бошлаб ҳар бир хизматнинг таннархи ва унинг таркибини кенг жамоатчиликка эълон қилиб боради.

Учинчидан, темир йўл соҳасида келгуси 5 йил учун 7 мингдан зиёд юк вагонларига эҳтиёж мавжуд. Бу муаммони давлат томонидан эмас, балки худди электр энергияси ёки цемент ишлаб чиқаришда бўлганидек, фақат ва фақат хусусий секторни жалб этиш орқали ижобий ҳал қилиш мумкин.

Шунинг учун келгуси йилда ўз вагони ва контейнерига эга бўлган хусусий логистика операторлари фаолияти йўлга қўйилади ва тарифлар иккига ажратилади. Бунда давлат томонидан фақатгина темир йўл инфратузилмаси ҳамда локомотив хизматлари тартибга солинади, юк вагонлари хизмати эса бозор тамойиллари асосида ташкил қилинади. Шу сабабли хусусий тадбиркорларга темир йўл вагонларини олиб келишга берилган имтиёзлар 2025 йил 1 январгача узайтирилади.

Еттинчи йўналиш. Тадбиркорлик фаолиятига аралашувларни қисқартириш, соҳадаги тартиб-таомилларни соддалаштириш, хусусий мулк дахлсизлиги борасидаги сиёсатни қатъий давом эттирамиз.

Аввало, бугунги кунда, тадбиркорлар учун назарда тутилган субсидиялар олиш жараёни ўта мураккаблигича қолмоқда.

Тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида 80 дан ортиқ субсидиялар жорий этилди. Ўтган даврда уларга 2,3 триллион сўм ажратилди. Лекин мактабгача таълим, халқ таълими, муқобил энергетика, балиқчилик, паррандачилик, қоракўлчилик каби 10 дан зиёд соҳаларда субсидиялар ишламаяпти.

Мазкур масала Фарғонадаги “Yulduzchalar ziyosi” хусусий боғчаси раҳбари Зиёда Қосимова томонидан ҳам кўтарилган. Бунга сабаб – ушбу субсидияларни тўлаш тартиби мураккаб ва рақамлашмаган. Тадбиркор субсидияни олиш учун ўртача 5 та ҳужжатни тақдим этиши, 10 та вазирлик ва идорадан хулоса олиши зарур. Бунга камида бир ой кетади.

Бундан ташқари, 60 фоиз чорвадорлар субсидия олиш жараёнини мураккаб деб ҳисоблайди. Шу боис келгуси йил 1 январдан бошлаб субсидияларни ажратиш бўйича мурожаатлар “ягона дарча” тамойили асосида қабул қилинади, бу жараёнда иштирок этадиган давлат идоралари сони 2-3 баробар қисқартирилади.

Иккинчидан, ўтган бир йилда тадбиркорлардан талаб қилинадиган 400 дан ортиқ лицензия ёки рухсатномалардан 114 тасини бекор қилдик. Шунингдек, лицензия ва рухсатнома талаб этиладиган 33 та фаолият тури хабардор қилиш тартибига ўтказилди. Ҳозир 30 турдаги лицензия ва рухсатномалар “онлайн” тарзда берилмоқда.

Келгуси йилдан бошлаб тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун барча рухсат этувчи ҳужжатлар “онлайн” тарзда расмийлаштирилади. Жорий йил якунига қадар лицензия ёки рухсатномалар сони яна камида 30 фоизга қисқартирилади.

Учинчидан, Сирдарё вилоятидаги “Wang Da Group” қўшма корхонаси раҳбари Гўзал Тожимирзаева ва металлургия соҳасидаги 30 дан зиёд бошқа тадбиркорларимиз индукцион печлардан фойдаланишга рухсат берилишини сўраганлар. Ушбу мурожаатларни инобатга олиб, шу йил 1 ноябрдан барча техник талабларга тўла жавоб берадиган, замонавий индукцион печлардан фойдаланишга қўйилган чекловлар бекор қилинади. Бунда маҳсулот сифатини таъминлаш, ишлаб чиқаришнинг ягона стандарт ва хавфсизлик талабларига тўла жавоб бериши каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилади.

Тўртинчидан, тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган ҳар қандай текшириш, мониторинг ва назорат тадбирларида адолат мезонлари ва қонун устуворлиги таъминланиши шарт. Бунинг учун Савдо-саноат палатасига тадбиркорнинг розилиги билан барча текширишларда иштирок этиш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ваколати берилади.

Бешинчидан, бугунги кунда маҳаллий ҳокимликлар бино ва иншоотларнинг бузилиши бўйича 349 нафар тадбиркордан 123 миллиард сўм қарздор.

Барча вилоят ҳокимларини огоҳлантираман: шу йил 1 сентябрга қадар тадбиркорлар билан барча ҳисоб-китоблар якунига етказилиши, бир сўм ҳам қарздорлик қолмаслиги шарт.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Сизлар билдирган муаммо ва таклифлар бўйича юқорида қайд этилган ташаббус ва ечимлар юзасидан қисқа муддатда тегишли қарорлар қабул қилинади.

Бугун мен сизларнинг ана шу масалаларга оид яна қандай фикр-мулоҳазаларингиз, қўшимча таклиф ва саволларингиз бўлса, эшитиш ва муҳокама қилишга тайёрман.

Қадрли тадбиркор ва ишбилармонлар!

Биз яқин йилларда мамлакатимиз иқтисодиётини янада юксалтириш бўйича олдимизга катта вазифаларни қўймоқдамиз. Уларни ҳал этишда кўп миллатли халқимиз қатори, ҳеч шубҳасиз, мард ва олижаноб тадбиркорларимизга таянамиз.

Албатта, Янги Ўзбекистонни қуришдек буюк тарихий жараёнда сиз, ҳурматли тадбиркорлар зиммасида ҳам масъулият ва ислоҳотларимизга нисбатан дахлдорлик тобора ортиб бормоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Шу борада қуйидаги масалаларни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман.

Биринчидан, биз ҳозирги кескин рақобат даврида, кичик бизнесга ҳар томонлама шароит яратиш билан бирга ўрта ва йирик бизнесни янада ривожлантириш тарафдоримиз.

Шу мақсадда тадбиркорларимизга бизнесни бошқаришдаги ўз билим ва кўникмаларини ошириши, фаолиятига инновация ва илғор технологияларни кенг жорий этиши учун барча имкониятларни яратиб беришга тайёрмиз.

Иккинчидан, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жалб этиш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, маҳсулот турини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш, мавжуд қувватлардан янада самарали фойдаланишимиз зарур.

Айниқса, мис ва газ-кимё саноатлари каби, қишлоқ хўжалигининг озиқ-овқат, мева-сабзавот, балиқчилик, чорвачилик тармоқларида кластер ва кооперация тизимини ривожлантириш бўйича катта имконият ва ресурсларимизни ишга солишимиз керак.

Учинчидан, ишлаб чиқаришнинг барча йўналишлари бўйича фаолликни кучайтириш, бунинг учун импорт ўрнини босадиган ва экспортбоп маҳсулотларни кўпайтириш орқали, экспорт ҳажмини ошириш ва географиясини кенгайтиришимиз лозим.

Тўртинчидан, замонавий хизмат турларини кўпайтириш, “IT”, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа йўналишларда давлат хизматларини аутсорсинг асосида ташкил этишда ҳам хусусий сектор фаол иштирокчи ва етакчи бўлиши шарт.

Бешинчидан, бизнес вакиллари ҳам ўз кадрлари замонавий билим олишлари учун барча имкониятларини ишга солишлари зарур.

Олийгоҳларда ўқитилаётган тадбиркорлик ва бизнесни бошқариш бўйича таълим йўналишлари, ўқув дастурлари ва методологиясини, амалиёт билан уйғун бўлган замонавий ёндашувлар асосида чуқур қайта кўриш талаб этилади.

Эл-юртга танилган, тажрибали тадбиркорларимиз мактаб, касб марказлари, олийгоҳларда мотивация ва маҳорат дарслари ўтказиб борсалар, ўзларининг мактабларини, ўқув марказлари ва базаларини ташкил этсалар, мақсадга мувофиқ бўлади. Мисол учун, ака-ука Ҳасан, Ҳусан Мамасаидовлар бу борада ижобий тажрибага эга. Бунинг учун давлат томонидан албатта субсидия ва бошқа енгилликлар берилади. Шунда санъаткорлар, олимлар, спортчи ва шифокорлар ўртасида бўлгани каби тадбиркорларимиз орасида ҳам янги сулолалар шаклланади.

Мен янги Ўзбекистонда ана шундай кўплаб тадбиркорлар сулолалари пайдо бўлишига албатта ишонаман ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрман.

Олтинчидан, ҳалол тадбиркор, интизомли солиқ тўловчилар сафини кенгайтириш долзарб вазифа бўлиб, бу – яширин иқтисодиётга қарши курашнинг энг мақбул йўлидир.

Жорий йилдан бошлаб, иш ўрни яратишда, инновацияларни татбиқ этишда, солиқларни ўз вақтида тўлашда, экспорт қилишда, етук мутахассислар тайёрлашда барчамизга намуна бўладиган бизнес вакиллари ҳақида ҳар йили “Йилнинг илғор тадбиркорлари” китоби чоп этиб борилади. Бундай тадбиркорларимизни муносиб тақдирлаш ва рағбатлантириш учун алоҳида давлат мукофотларини ҳам таъсис этамиз. Бундан буён тадбиркорларнинг ўз орден ва медаллари ҳам бўлади.

Азиз ватандошлар, бизнес ҳамжамияти вакиллари!

Ўйлайманки, бугунги очиқ мулоқотимиз барчамиз учун жуда фойдали бўлди.

Қанчадан-қанча масала ва муаммоларни самарали ҳал этиш бўйича сизлар билан амалий ечимларни топдик. Энг муҳими, ўртамиздаги ўзаро ишонч ва ҳурмат янада мустаҳкамланди. Сизлар кўтарган долзарб масалалар, уларни ҳал қилиш бўйича берилган аниқ таклифлардан кўриниб турибдики, тадбиркорларимизнинг билим ва савияси кескин ўсган, дунёқараши ўзгарган, иш услуби ва инновацион ёндашувлари бугун мутлақо бошқача.

Мен бундан жуда ҳам мамнун бўлдим.

Бугунги тажрибамиздан келиб чиқиб, ушбу учрашувларни ҳар йили ташкил этсак, буни яхши бир анъанага айлантирсак, сизларга маъқулми?

Шу муносабат билан бугунги санани, яъни 20 августни мамлакатимизда “Тадбиркорлар куни” деб эълон қилиб, уни ҳар йили юртимизда кенг нишонласак, бу ташаббусга нима дейсизлар?

Ушбу таклифни қўллаб-қувватлаганларингиз учун сизларга катта раҳмат!

Энди ҳар йили айнан шу куни Президентнинг бизнес ва ишбилармон доиралар вакиллари билан очиқ мулоқоти ўтказилади. Бир йиллик ишларимиз натижалари сарҳисоб қилиниб, энг илғор бизнес вакиллари айнан шу куни давлат мукофотлари билан тақдирланади.

Ҳурматли тадбиркорлар!

Ишончим комил, бугун бошланган янги анъанамиз тадбиркорлик соҳасида йил давомида ишлайдиган самарали тизимга айланади. Бунга Халқ қабулхоналари ва Бош вазир қабулхоналари, Савдо-саноат палатаси, Бизнес омбудсман ва жойларда ҳокимлар масъул бўлади. Шунингдек, янги ташкил этилган Стратегик ривожланиш агентлиги тадбиркор ва инвесторларни қийнаётган муаммоларни, юқорида номлари қайд этилган идоралар билан бирга тизимлаштиради ва уларни ҳал этиш учун аниқ таклифлар ишлаб чиқиб, Ҳукумат ва Президентга киритиб боради.

Бош вазир ўринбосарлари, вазирлик ва идора раҳбарлари, ҳокимлар ҳар ҳафта ўзлари масъул бўлган ҳудудларга чиқиб, аввалдан эълон қилинган графиклар асосида тадбиркорлар билан юзма-юз учрашиб, уларнинг муаммо ва масалаларни ечишга кўмаклашади.

Такрор ва такрор айтаман, ишнинг кўзини биладиган, одамларга меҳнат қилиш ва даромад топиш учун шароит яратадиган, ватанпарвар ҳамда фидойи тадбиркорларни биз доимо бошимизга кўтарамиз.

Президентнинг талаби ва бошлаган ислоҳотларимизнинг асл маъно-мазмуни ҳам айнан шундан иборат.

Барчамиз ана шу талаб асосида ишласак, меҳнат қилсак, албатта мамлакатимизда тадбиркорлик ривожи мутлақо янги босқичга кўтарилади.

Мен бунга ишонаман ва барчангизни шу йўлда ўзаро бирлашиш ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишга чақираман.

Азиз юртдошларим!

Фурсатдан фойдаланиб, Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик қутлуғ байрами билан сизларни чин дилдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик ва оилавий бахт тилайман.

Юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлидаги эзгу ва хайрли ишларингизда, сизга ҳамиша омад ва зафар ёр бўлсин!

Барчангизга катта раҳмат!

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.