Таълим сифатини ошириш бўйича режалар тақдимот қилинди

0
50
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев мактаб таълимини ривожлантириш ва сифатини оширишга оид режалар тақдимоти билан танишди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида таълим тизими ислоҳотлари энг биринчи вазифа этиб белгиланган. Шунга мувофиқ, бу соҳа ҳам умумий, ҳам ихтисослаштирилган тарзда ривожлантирилмоқда. Жумладан, юртимизда 14 та Президент мактаби, 9 та ижод мактаби ва 182 та ихтисослаштирилган мактаб фаолият юритмоқда.

Ўтган йиллардаги тажриба ва ҳаёт талабидан келиб чиқиб, улардаги йўналишларни такомиллаштириш назарда тутилмоқда. 

Хусусан, Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабда Мюнхен техника университети билан ҳамкорликда, тажриба тариқасида, муҳандислик дастурларини жорий қилиш таклиф этилмоқда. Бу дастур “Янги Ўзбекистон” университети дастури билан интеграция қилинади.

Юқори малакали педагоглар имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадида Президент таълим муассасалари агентлиги ҳузурида жамоатчилик асосида “Фан кенгашлари” тузилади. Бу кенгашлар таълим дастурларини ишлаб чиқиш, баҳолаш тизимини такомиллаштириш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини оширишга жалб қилинади.

Келгуси ўқув йилидан 14 та мактабда фанларни инглиз тилида ўқитишни йўлга қўйиш, 2025-2026 йилларда 8 та янги ихтисослашган мактаб қуриш режалари ҳам баён этилди.

Ижод мактаблари бўйича ҳам таклифлар бор. Жумладан, уларда таниқли адиблар ва жамоат арбоблари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Ўқувчиларнинг ижодий ишларини Ёзувчилар уюшмаси ҳисобидан нашр этиш йўлга қўйилади. Турли кўрик-танловлар ўтказиш орқали иқтидорли ёшлар қўллаб-қувватланади.

Таълим сифатини оширишда фан олимпиадалари муҳим. Сўнгги йилларда ғолибларни муносиб рағбатлантириш тизими жорий этилгани натижасида билимга интилиш кучайди. Талабгор ўқувчилар, “катта бешлик” фан олимпиадаларида қўлга киритилган медаллар аввалгига нисбатан икки баравар кўпайди. Мамлакатимизда Ал-Фарғоний, Беруний, Менделеев номидаги халқаро олимпиадалар ўтказилди.

Бу ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида Ўқувчиларни фан олимпиадаларига тайёрлаш маркази ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Унга етук олимлар ва хорижий мутахассислар жалб этилади, ўқувчиларнинг ҳар бири ривожланиш дастури орқали мақсадли тайёрланади.

Иштирокчиларнинг халқаро олимпиадалардаги якуний натижаларидан келиб чиқиб, терма жамоа етакчисини рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади. Барча фан олимпиадаларини акс эттирадиган ягона олимпиадалар тақвими ва тайёргарлик тизими яратилади. Асосий машғулотлар билан бирга психологик тренинглар, бошқа жамоалар билан қўшма йиғинлар ўтказилади.

Тақдимотда ўқувчилар билимини баҳолашнинг шаффоф ва холис тизимини жорий қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Ҳозирда билимнинг баҳоси турли мактабларда турлича. Имтиҳон варақаларидаги саволлар даражаси ҳам ҳар хил. Халқаро тестология талабларига кўра, ҳамма вариантлардаги саволларнинг қийинлик даражаси тенг бўлиши керак.

Шу боис давлат якуний аттестациясида, яъни мактабни битириш имтиҳонларида ўқувчиларнинг билимини ягона назорат материаллари асосида баҳолаш таклиф этилмоқда. Имтиҳон топшириқлари ёзма ва амалий шаклга ўтказилади, жавобларни махсус платформа орқали текшириш амалиёти йўлга қўйилади, саволлар доимий равишда янгиланиб борилади.

Яна бир муҳим янгилик – мактабни битириш имтиҳонларида олий таълим муассасасига кириш синовларига мос фанни танлаш имконияти яратилади.

Давлатимиз раҳбари умумий ўрта таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, унинг олий таълим билан мутаносиблигини мустаҳкамлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Тақдимотда таълим ва бошқа соҳаларда маданиятни кенг ёйиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Ёш авлодда санъатга меҳрни мактаб ва олийгоҳдан бошлаб шакллантириш зарурлиги таъкидланди.

Шу мақсадда ижод мактабларида “Тасвирий санъат ва чизмачилик” фани ўрнига “Санъат” фани киритиш таклиф этилмоқда. Бунда фақат расм чизиш эмас, балки рангтасвир, ҳунармандчилик, кинематография, ҳайкалтарошлик ва дизайнга оид кўникмалар ўргатилади.

Олий ўқув юртларида бу бўйича маслаҳатчи тизимини Маданият вазирлиги билан боғлаб, мақом, бахшичилик, театр меросларини ёшларга етказиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, йирик корхоналар ва кластерлар қошида ансамбллар тузилиб, маҳаллаларда концертлар, мактабларда маданият кунлари ташкил этилиши белгиланди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.