Тарихий натижа қайд этган триатлончиларимиз тантанали кутиб олинди

0
27
марта кўрилган.

 Испания қироллигига қарашли Канар оролларида 3 июль куни триатлон бўйича ҳарбийлар ўртасида IRONMAN LANZAROTE жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Бугун эрта тонгда мазкур мусобақада муваффақиятли иштирок этиб, спортимизда яна бир тарихий натижа – яккалик йўналишда олтин, жамоавий баҳсда кумуш медаль қўлга киритган қаҳрамонларимиз Тошкентга қайтиб келишди.

Делегациямизни тантанали кутиб олиш маросимида МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон триатлон федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Фарруҳ Носиров, Мудофаа Вазирлиги мутасаддилари ва кўп сонли ОАВ иштирок этишди. Мутасаддиларимиз атлетларимизни қарши олишар экан, уларнинг қўлга киритилган дастлабки йирик ютуқ билан қутлаб ўтишди.

Ўзбекистон триатлон федерацияси раҳбариятининг сўнгги 1.5 йил ичида олиб борган кенг кўламдаги ишлари секин-аста мева бера бошлади. Ушбу мусобақа IRONMAN LANZAROTE триатлоннинг энг мураккаб йўналишларидан бири бўлиб, унда спортчилар том маънода ўз иродаларини намойиш этишади.

Регламентга кўра, ушбу дастурда спортчилар дастлаб Атлантика океанида 3,8 км масофага сузишди. Сўнг оролнинг тоғли ҳудудлари бўйлаб 180,2 км йўлни велосипедда босиб ўтишди. Якунда эса марафон (42,195 км) йўналишида югуришди. Мазкур масофалар ҳеч қандай дам олишсиз, бир вақтнинг ўзида босиб ўтилишини инобатга олсак, финишгача етиб келишнинг ўзи ғалабага тенг дейиш мумкин. Аёллар ўртасида 18-24 ёш вакиллари орасида иштирок этган юртдошимиз Алина Ҳакимова ўз тоифасида олтин медалга сазовор бўлди. Триатлончимиз юқорида кўрсатиб ўтилган дастурни 10 соат, 53 дақиқаю 14 сонияда босиб ўтишга муваффақ бўлди. Шунингдек, бу аёллар ўртасида умумий классификацияда олтинчи кўрсаткич ҳам демакдир. Мусобақада жамоамиз умумий ҳисобда кумуш медалларга сазовор бўлди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси мамлакат триатлон федерациясини қўлга киритилган ушбу муваффақият билан табриклаб, триатлончиларимизнинг келгуси фаолиятида ҳам улкан зафарлар тилади.

gujum.uz

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.