«Tashkent book fest – 2019» 1-Халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси

0
182
марта кўрилган.

 “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва бир қатор манфаатдор вазирлик, идоралар билан ҳамкорликда ташкиллаштирилган «Tashkent book fest – 2019» 1-Халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси уч кун давом қилди ва турли тадбирларга бой бўлди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов,  Қозоғистон маданият ва спорт вазирлиги тил сиёсати қўмитаси раиси Галимжан Мельдешов, Россия китоб ноширлари ассоциацияси президенти Константин Чеченовлар сўзга чиқди ва иштирокчиларни табриклади.

Кўргазма-ярмарканинг илк кунида миллий адабиётимизнинг ёрқин намояндаси Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романининг аудио талқини тақдимоти бўлиб ўтди. Эътиборли жиҳати шундаки, асар ҳеч қандай таҳрир ва ўзгартиришларсиз, адиб қаламига мансуб матн асосида овозлаштирилган. «Novda Edutainment» ва Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамкорлигида амалга оширилган аудиороман давомийлиги 17 соату 36 дақиқа. Асар 2 ой давомида 57 нафар малакали актёр ва овоз усталарининг тинимсиз меҳнатлари самарасида бугун китобсеварларга тақдим этилди.

Кўргазма-ярмарка доирасида, шунингдек, болалар майдончасида интелектуал викторина, ёрма ва уруғлар ёрдамида апплекациялар ясаш, Муҳаммад Юсуф ижодига бағишланган мушоира, “Заковат” савол-жавоблар танлови, Иброҳим Ғафуровнинг “Меҳр қуёши” асари тақдимоти, Германиядаги немис-ўзбек илмий жамияти раиси, Ўзбекистон немис тили ўқитувчилари ассоциацияси раиси, профессор Хуррам Рахимовнинг Ака-ука Гриммлар «Олтин сочли болалар» китоби тақдимоти ва яна бир қатор театр саҳналари, совринли танловлар,  шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, нодир китоблар тарихи билан боғлиқ  «Абру-баҳор” санъати йўналиши, “Саҳҳофлик” (муқовасозлик) китобларни безаш санъати ва реставрация, хаттотлик, миниатюра санъати, Самарқанд ипак қоғозини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.

Кўргазма-ярмаркада 16 мамлакатдан ноширлик ва китоб савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар, шунингдек, юртимиз нашриётлари, босма нашрлари ва китоб дўконлари иштирок этишди.

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.