Ташкентда таэквондо бўйича жаҳон чемпионати старт олди

0
129
марта кўрилган.

Пойтахтимизда таэквондонинг WT йўналиши бўйича кадетлар ўртасида жаҳон чемпионати старт олди.

“Универсал” спорт саройи мезбонлик қилаётган  ушбу мусобақа очилиши маросимидан аввал жаҳон таэквондо федерацияси раҳбари Чунг Вон Чой ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда,  Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ҳам иштирок этдилар.

Учрашув давомида юртимизда таэквондо спорти тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш, диёримизда бу каби йирик халқаро мусобақаларни кўпроқ ўтказиш каби масалалар хусусида музокара олиб борилди. Шунингдек, Чунг Вон Чой Ўзбекистон Миллий университетида таэквондо факультетининг ташкил этилиши ва спортчиларимиз халқаро майдонда қайд этаётган натижалар Президентимиз томонидан ушбу спортга кўрсатилаётган катта эътибор намунаси эканлигини таъкидлаб ўтди. Учрашув якунида Азиз Абдуҳакимов мартабали меҳмонга эсдалик совғаларини топширди.

Шундан сўнг барчанинг нигоҳи мусобақанинг тантанали очилиш маросимига қаратилди. Унда Чунг Вон Чой ва Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқиб, ушбу жаҳон чемпионатининг юқори савияда ташкил этилганлигига алоҳида урғу бериб ўтишди.

Мартабали меҳмонлар томонидан мусобақа очиқ деб эълон қилингач, анъанага мувофиқ  мураббий ва ҳакамлар номидан бир нафардан вакил сўзга чиқиб, беллашув давомида ҳалол рақобат олиб боришга қасамёд қабул қилишди.

Шундан сўнг маросимнинг бадиий қисмига навбат берилди. Унда Жанубий Кореядан келган ёш таэквондо жамоаси ўзлари тайёрлаб келган чиқишлар билан мухлислар олқишига сазовор бўлдилар. Шунингдек, ўзбек-корейс маданиятини бирлаштирувчи куй-қўшиқ ва рақслар ҳам томошабинларнинг диққат-марказида бўлди.

Тантанали очилиш маросимидан кейин мусобақанинг биринчи кун дастуридан ўрин олган финал жанглари бошланди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.