ТерДУ талабаси: “Муносиб иш топишимда карьера маркази ходимлари яқиндан кўмаклашди”

0
245
марта кўрилган.

Термиз давлат университетида талаба-ёшларнинг “Карьера маркази” иш бошлади. Президентимиз раислигида жорий йил 4 март куни олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор ваифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида талабалар бандлигини таъминлаш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берган эди.

Шунга мувофиқ университетда таълим олиб, касб ўрганаётган 25 минг 590 дан ортиқ йигит-қизнинг 1 минг 800 дан зиёди ишлаш истагини билдирди. Ҳозиргача уларнинг қарийб 1 минг 500 нафари университетдаги бўш иш ўринлари, вилоят марказидаги ташкилот, муассаса ва корхоналарга ишга жойлаштирилди.

Янги марказ ҳам таълим муассасасининг битирувчиларига меҳнат бозори талаб этаётган мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумот бериш, ишлаш истаги бўлган ёш талабаларни иш билан таъминлаш, уларнинг касбий ўсиши ва иш берувчилар билан ўзаро алоқаларини мустаҳкамлашга мўлжалланган.

Бунинг учун марказ ходимлари бўш иш ўринлари ярмаркалари ва ўқув семинарлари ўтказади. Талабаларнинг касбий синовларини ташкил этиб, уларни касбга йўналтиради. Иш изловчилар ва иш берувчиларнинг маълумотлар базаси ҳамда очиқ вакансиялар рўйхатини шакллантиради. Карьера кунларини ташкил этиб, бўлажак мутахассисларнинг касбий фаолиятга қизиқишларини кучайтирувчи тадбирлар уюштиради. Бўш иш ўринлари учун талабадан талаб этиладиган билим, кўникма ва малакадан хабардор этиб боради. Ўтган йилларда университетни битириб, айни пайтда меҳнат қилаётган ёшларнинг иш фаолияти яъни, карьераси ҳақидаги маълумотларни тайёрлайди. 

– Янги Ўзбекистонда талаба-ёшларни ҳар тарафлама ижтимоий ҳимоя қилиб, уларни муносиб иш билан таъминлаш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишларидан бирига айланди, – дейди университет ректори Авазжон Марахимов. – Бу жараёнда ташкил этилган мазкур марказ ходимлари шунингдек, талабаларга меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосларини атрофлича тушунтириб, меҳнат бозорида мос вакансиялар излаш кўникмаларини, ишга кириш учун резюме тайёрлаш ва иш берувчи билан суҳбатдан ўтиш усулларини ўргатмоқда. Ишга кириш учун талаб этиладиган ҳужжатлар билан таништириб, иқтисодиёт тармоқларининг илғор мутахассислари ва экспертларини жалб этган ҳолда талабаларни касбга йўналтириш чораларини кўраётир. Жорий ўқув йилида олий таълим муассасамизни 2 минг 286 йигит-қиз битириб, мустақил ҳаётга йўлланма олади. Уларнинг 542 нафари магистрлардир. Бу йилги битирувчиларимиз бандлигини таъминлашда албатта, бу тизим ўз самараларини беради.

Айни пайтда марказ ходимлари олий таълим муассасасида меҳнат қилишга эҳтиёж сезаётган талабаларнинг энг яқин кўмакчисига айланмоқда.
– Маданият, санъат маркетинги ва менежменти йўналиши бўйича иккинчи курсда тўлов-контракт асосида ўқийман, – дейди Фазлиддин Турсунниязов. – Биз, талабаларга яратилаётган имкониятдан фойдаланиб, ҳозирдан меҳнат қилсам, етарли кўникма ва тажрибага эга бўлишим ва контракт тўловини амалга оширишим анча енгил кечишини ҳис этдим. Шу мақсадда бу ерга иш сўраб келган эдим, муносиб иш топишимда карьера маркази ходимлари яқиндан кўмаклашди. Бизнес инкубация ва акселерация марказида ходим бўлиб ишлашни тавсия этди. Иш шароити ҳам, иш ҳақи ҳам маъқул бўлди. Ўқув машғулотларидан бўш вақтларимда университетнинг ўзида меҳнат қилаётганимдан хурсандман.
Замонавий жиҳозланган марказда талаба-ёшларга олий таълим даргоҳининг маркетинг ва талабалар амалиёти, иқтидорли талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш, илмий-инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш бўлимлари, бухгалтерия бўлимининг талабалар билан ишловчи ходимлари, бизнес инкубация ва акселерация ҳамда медиа марказлари мутахассислари хизмат кўрсатмоқда. 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.