Токио-2020 Олимпия ўйинлари Ўзбекистон делегацияси учун бир қатор қизиқарли далиллар билан тарихга кирмоқда. Мисол учун, илк бор замонавий бешкураш спортида Олимпия ўйинларига йўлланма олинди. Ушбу Олимпиадада аёл спортчилар сони ҳар қачонгидан ҳам кўп бўлмоқда. Шунингдек:
- Ўзбекистон спортчилари 2020 йил Япониянинг Токио шаҳрида ўтказиладиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларига спортнинг 17 турида жами 71 та йўлланмани қўлга киритдилар. Бу ўзбек спортчилари тарихида спорт турлари сони бўйича рекорд кўрсаткичдир.
- Президентимизнинг хотин-қизлар спортини ривожлантиришга қаратаётган эътиборлари билан Токио-2020 Олимпиадасида лицензия қўлга киритган аёл спортчиларимиз сони 30 тага етди. Бу Олимпиадаларда Мустақил Ўзбекистоннинг аёллар спортида қайд этаётган яна бир рекорди.
- Токио-2020 Олимпия ўйинларида биринчи маротаба 3 нафар аёл дзюдочи билан, шунингдек, аралаш жамоавий йўналишда иштирок этамиз. Бу йўналишда дунёда энг кучли 12 жамоагина медаллар учун кураш олиб боради.
- Биринчи бор замонавий бешкураш спорт турида Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритдик.
- Бокс бўйича мусобақаларда илк маротаба 3 нафар қизимиз катнашади. Ундаги умумий йўлланмаларимиз эса 11 тани ташкил қилмоқда. Спортнинг ушбу турида бутун дунёда фақат 3 жамоагина шунча боксчи билан иштирок этади.
- Ҳамюртимиз Оксана Чусовитинанинг номи дунё спорт гимнастикаси тарихи саҳифаларига саккизинчи бор Олимпиада ўйинларида иштирок этган биринчи спорт гимнастика устаси сифатида битилади.
- XXXII ёзги Олимпия ўйинларида қиличбозлик спортида биринчи маротаба 3 та йўлланма қўлга киритилди.
- Оғир атлетика баҳсларида илк бор 2 қизимиз Олимпиада йўлланмасига сазовор бўлди.
- Таэквондо бўйича терма жамоамиз ўз тарихида биринчи марта Олимпия ўйинларида тўлиқ таркибда (2+2) иштирок этади.
- Токио-2020 Олимпия ўйинларида Ольга Забелинская велосипед спортида аёллар ўртасида иштирок этган дастлабки ўзбекистонлик спортчи бўлиб тарихга киради.
- Светлана Радзивил 4 та Олимпия ўйинларида иштирок этган ўзбекистонлик дастлабки енгил атлетикачи номига сазовор бўлади.
- Делегациямизнинг энг ёши катта спортчиси. Бу борада кимнинг исм-шарифини келтириб ўтишимиз аён. Афсонавий Оксана Чусовитина (1975 йил 19 июнь) 46 ёшида спорт гимнастикаси бўйича Олимпия ўйинларида иштирок этмоқда.
- Делегациямизнинг энг кичик спортчиси: Зайнаб Дайибекова ҳамда Севара Сафоева. Эътиборлиси, ҳар икки вакилимиз ҳам 2002 йил 19 ноябрь санасида таваллуд топишган. Зайнаб Дайибекова бўлажак Олимпиадада қиличбозликнинг сабля йўналишида иштирок этса, Севара Сафоева бадиий гимнастиканинг гуруҳ машқи дастурида юртимиз шарафини ҳимоя қилади.