Токио-2020 қаҳрамонлари муносиб кутиб олинди ва ғолибларга Президент совғалари – уй ҳамда машина калитлари топширилди

0
388
марта кўрилган.

Токио-2020 XXXII ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон делегацияси давлатимиз томонидан ажратилган махсус чартер рейсида она ватанимизга қайтиб келди. Музаффар спортчиларимизни ҳукумат раҳбарлари, кенг спорт жамоатчилиги ва минглаб мухлислар қарши олишди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раҳбари Танзила Нарбаева ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов делегациямизни кутиб олди. Мутасаддилар сўз ўрнида Олимпиячиларимизга Президент табригини ва ўзларининг илиқ тилакларини билдириб ўтишди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам иштирок этишди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артсити Ёдгор Саъдиев, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ҳам ўз тилакларини йўллашди.

 

Шундан сўнг чемпионларимиз Акбар Жўраев, Улуғбек Рашитов ва Баҳодир Жалолов, уларнинг оналари ҳукматимиз томонидан қаратилаётган эътибордан мамнун эканлигини билдириб, барча ҳамюртларимизга мусобақа давомида қўллаб-қувватлаб туришгани учун ташаккур айтиб ўтишди.

Кейин Олимпиячиларимиз махсус икки қаватли автобусларда Тошкентнинг марказий кўчалари бўйлаб сайрга чиқишди. Уларни ҳар қадамда ҳамшаҳарларимиз қарши олдилар.

Тадбирнинг давоми Миллий Олимпия қўмитасида давом этди. У ерда Янги Ўзбекистон қаҳрамонларига Президент совғаси – чемпионларга «Tahoe» машинаси ва 4 сотиҳли коттеж, бронза медали эгаларига эса «Trebleizer» ва 2 хонали уй калитлари тантанали равишда топширилди.

Юртимиз ўғлонларига ва уларни тарбиялаган ота-оналарига, устозларига шон-шарафлар бўлсин!  Бу Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси 3 та олтин ва 2 та бронза медалларини жамғариб, умумжамоа ҳисобида 206 мамлакат орасида 32-ўринни эгаллаган бўлса,  3 йилдан сўнг бўладиган Париж-2024 Олимпия ўйинларида ўзбек спортининг Олимпиададаги зафарли чиқишлари янада юксалишида тилакдошмиз ва ёшларимизга ишонамиз! Бунга Токиодаги  беллашувларда қатнашган делегациямизнинг қизғин, шижоатли саъй ҳаракатлари бизни умидвор этмоқда. Кейинги Олимпиадада янги Ўзбекистонда Барчинойлар, афсонавий  Оксана  Чусовитина издошлари чиқиши ҳам насиб қилишини Аллоҳдан сўраб қоламиз.

Gujum. uz таҳририяти  барча юртдошларимизни, жумладан Ўзбекистон Миллий Олимпиада қўмитаси, беллашувда  қатнашган делегациямизни ва уларнинг  оиласини, устозларини яна бир бора қутлаймиз. Янги Ўзбекистонга янги ғалабалар муборак бўлсин!

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.