Тўпаланг дарёсининг энергетика қуввати оширилади

0
177
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўйича аввал берилган топшириқлар ижроси, шаҳар ва туманларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида 30 апрель куни Сурхондарё вилоятига келди,  дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 апрель куни Сариосиё туманидаги Тўпаланг гидроэлектр станциясини бориб кўрди. 

Мамлакатимизда гидроэнергетикани ривожлантириш учун табиий шароитга эга жойлар кўп. Бу имкониятдан самарали фойдаланиб, энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш иқтисодиётимизнинг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 2 майдаги қарори билан 2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури белгиланди. Ўша йили 18 майдаги фармонга мувофиқ,  «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти ташкил этилди. Соҳада ягона техник сиёсатни амалга ошириш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ўзлаштириш, мавжуд гидроэлектр станцияларни замонавий технологиялар асосида қайта жиҳозлаш ва янги қувватларни ташкил этишга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб берилди. 

Шу асосда Тўпаланг гидроэлектр станцияси ҳам модернизация қилинмоқда. Бу ерда ҳар бири 15 мегаватт бўлган иккита агрегат ишлаб турган эди. Президентимиз топшириғига мувофиқ, аввалига Тўпаланг сув омбори тўғони 20 метрга кўтарилди. Натижада унинг сиғими 380 миллион куб метрдан 500 миллионга етказилди. Айни пайтда жами қуввати 145 мегаваттли яна иккита агрегат ўрнатиш бўйича иш олиб борилмоқда. 

Бундан ташқари, ҳар бири қарийб 38 мегаватт бўлган Зарчоб-1 ва Зарчоб-2 кичик гидроэлектр станциялари ҳам барпо этиляпти. Шу тариқа энергия олиш қуввати жами 250 мегаваттга етказилади.

Аҳамиятлиси шундаки, бу ресурслар табиий ва қайта тикланувчандир. Экологияга ҳеч қандай зарар етказмаган ҳолда барқарор энергия ишлаб чиқарилиб,   саноат корхоналари, турли идоралар ва аҳолига етказиб берилади.

Давлатимиз раҳбари янги тўғон ва гидроэлектр станцияни кўздан кечирди.

– Бу тарихий воқеа, – деди Шавкат Мирзиёев. –  Бу ишлар  келажак учун, болаларимиз учун. Келгусида Сурхондарё гидро энергия ҳисобидан бемалол иқтисодиётини таъминласа бўлади.

Шу ерда сув омборлари ва гидроэлектр станциялари ҳолатини мониторинг қилишга ихтисослашган техник тизимлар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Президент сув омборлари тўғонларини мустаҳкамлаш ва доимий назорат қилиш, хавфсизлигини таъминлаш, илмий ишланмалар асосида улардан фойдаланиш коэффицентини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.