Тошкент иссиқлик электр станциясининг янги буғ-газ қурилмаси ишга туширилди

0
153
марта кўрилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент иссиқлик электр станциясига ташрифи чоғида станциянинг янги буғ-газ қурилмаси ишга туширилди, дея хабар бермоқда Prezident.uz сайтида. 

Давлатимиз раҳбари корхонада 370 МВтли янги буғ-газ қурилмасининг рамзий старт тугмасини босди. 

Корхонанинг илк энергоблоки 1963 йилда фойдаланишга топширилган. 1971 йилга келиб уларнинг сони 12 тага етган. Станциянинг умумий белгиланган қуввати 1860 мегаваттни ташкил этади. 

Янги буғ-газ қурилмасининг фойдаланишга топширилиши билан қўшимча равишда йилига 2,6 миллиард киловатт соат электр, шунингдек, 110 минг гегакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилди. 

Замонавий қурилма 1 киловатт электр энергияси ишлаб чиқариш учун сарф қиладиган шартли ёқилғининг миқдори 223 г/киловатт соатни ташкил қилса, амалдаги энергия блокларда бу кўрсаткич салкам икки баравар кўп. Бунинг натижасида йилига 350,9 миллион кубометр табиий газ тежалади. 

Ушбу ноёб лойиҳани амалга ошириш учун мамлакатимизда биринчи бор АҚШнинг “Женерал электрик” компаниясининг буғ-газ турбина ва генераторлари ўрнатилди. Бундан ташқари, Бельгия, Италия, Россия каби давлатлардан замонавий ускуналар келтирилди. 

Лойиҳани рўёбга чиқаришда маҳаллий корхоналар маҳсулотларидан ҳам кенг фойдаланилди. “Ўзкабель”, “Ўзэлектроаппарат”, “Чирчиқ трансформатор заводи” каби корхоналар шулар жумласидан. Бу эса катта миқдорда валютани тежаш ва жалб этилган инвестициялардан мақсадли фойдаланишга замин яратди. 

Ушбу замонавий буғ-газ қурилмасини ишлатиш ва бошқариш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган. 

Буғ-газ қурилмасининг ишга туширилиши билан кўплаб ёш мутахассислар бандлиги таъминланди. Улар хорижда ва Навоий иссиқлик электр станциясида малака оширган. 

Президентимиз тежамкор технологиялардан фойдаланиш замон талаби экани, бу каби замонавий лойиҳаларни кўпроқ жорий этиш зарурлигини қайд этди. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.